30 январь куни "Зенит”га қарши тўп сурган "Бунёдкор” БААдаги ўқув-машғулот йиғини давомида кейинги назорат беллашувини 4 февраль куни Оман чемпиони, ОФК кубоги-2010 қатнашчиси "Ал-Нахда” жамоаси билан ўтказади деб, аввал хабар берган эдик. Аммо кеча "қалдирғочлар”нинг Дубайдаги ўртоқлик учрашувлари графигига битта қўшимча киритилди. Маҳаллий клублар билан олиб борилган музокаралардан сўнг, "Бунёдкор” 2 февраль куни ҳам майдонга чиқадиган бўлди. Эртага Луиз Фелипе Сколари шогирдлари ҳозирда БАА чемпионатида 5-ўринни эгаллаб турган Дубайнинг "Ал-Васл”и билан беллашадилар. Бу учрашув Тошкент вақти билан соат 18:00да бошланади.
4 февраль куни бизни "Ал-Нахда”га қарши учрашув кутиб турибди (оманликлар ҳам шу кунларда Дубайда йиғин ташкил этишган).
8 февраль куни эса "Бунёдкор” Дубайдан Абу-Даби шаҳрига бориб келади: шу куни вакилларимиз бу йилги Осиё Чемпионлар лигаси иштирокчиларидан бири, айни дамда Амирликлар миллий биринчилиги турнир жадвалини бошқариб турган "Ал-Жазира” клуби меҳмони бўлишади.