ОЧЛ гуруҳ босқичида Тошкентнинг "Бунёдкор” клубига рақиблик қилаётган Саудия Арабистонининг "Ал Иттиҳод” клуби Қиролликнинг ушбу чемпионатида олтин медалларни қўлга киритган "Ал Ҳилол” жамоаси устидан сўнгги тур ўйинида иродали ғалабага эришди. Бу ғалаба жиддаликларга чемпионатни 2-ўринда якунлашга имкон берди. Ўйиннинг 2-дақиқасидаёқ меҳмонлар Ёсир ал Қаҳтонийнинг голидан сўнг олдинга чиқиб олдилар. Бироқ танаффусдан сўнг "Ал Иттиҳод” футболчилари ташаббусни ўз томонларига оғдиришди. 50-дақиқада жамоа сардори Муҳаммад Нур пенальтини ажойиб тарзда амалга оширди. 60-дақиқада эса жиддаликларнинг жазоирлик форварди Абдулмалик Зиайя ғалаба тўпини киритди. Таъкидлаш жоизки, "Ал Ҳилол” ўйинни ҳам, шу билан бирга чемпионатни ҳам майдонда 10 киши бўлиб якунлади. Чунки уларнинг руминиялик легионери Мирэл Рэдой қизил карточкага лойиқ кўрилди. Шунингдек, бош мураббий бельгиялик Эрик Геретс ҳам майдондан ҳайдалди ва ўйиннинг қолган қисмини томошабинлар орасида ўтказди. Швециялик легионер Кристиан Вильхельмссон эса қўлидан жароҳат олди. Яқиндаги Тошкентнинг "Пахтакор” жамоасини хафа қилган "Аш Шабаб” жамоаси эса "Ал Қодисия”га 0:1 ҳисобида имкониятни бой бериб, соринли ўринлардан маҳрум бўлди – 4-ўрин.