Эроннинг «Зоб Оҳан» клуби ўз майдонида дуранг ўйнаса ҳам «Бунёдкор»нинг кейинги босқичга йўл олиши учун етарли эди. Лекин Мансур Иброҳимзода шогирдлари улардан кутилган натижани ортиғи билан қайд этишди. Муҳаммад Ризо Ҳолатборийнинг 58-дақиқада «Ал Иттиҳод» дарвозасига урган голи Тошкентнинг «Бунёдкор» клубига нимчорак финал эшикларини очди.
Албатта, агар Сколари шогирдлари бугун БААнинг «Ал Ваҳда» клубини мағлуб этмаганларида, нимчорак финал ҳақида орзу қилмаса ҳам бўлар эди. Лекин «Бунёдкор» бугун «Ваҳда»га деярли имконият қолдиргани йўқ.
Шундай қилиб, Осиё Кубокларида Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилаётган барча жамоаларимиз кейинги босқич — нимчорак финал йўлланмасини қўлга киритишди.
12 май куни «Бунёдкор» чорак финал йўлланмаси учун сафарда, Саудия Арабистони чемпиони «Ал Ҳилол»га қарши майдонга тушади.
11 май куни эса «Пахтакор» «А» гуруҳи ғолиби меҳмони бўлади. Бу ё Эроннинг «Истиқлол»и, ёки Қатарнинг «Ал Ғарафа»си бўлиши мумкин.
11 май куни Қаршининг «Насаф» клуби ОФК Кубоги доирасида «А» гуруҳи ғолиби уйига сафар қилади. Бу ё Суриянинг «Ал Карама», ёки бўлмасам Иорданиянинг «Шабоб ал Ордун» клуби бўлиши мумкин. Сурияликларда имконият кўпроқ, чунки улар бугун Иордания жамоасини ўз майдонларида қабул қилишади.
Ўзбек клубларининг қитъа мусобақаларида кейинги босқич йўлланмасини қўлга киритганликлари билан барча ўзбек футболи ишқибозларини яна бир бор муборакбод этамиз. Сафарлар ҳайрли ҳам қувончли кечади, деб умид қилиб қоламиз.
|