Иккинчи гол 22-дақиқада киритилди. Ривалдо уч ҳимоячини алдаб ўтиб, тўпни ўнг қанотда турган Карпенкога берди. У эса тўпни жарима майдончасига ошириб берди. Антаиф тўпни мушти билан уриб юборишда хатоликка йўл қўйди. Қулай вазиятда турган Жасур Ҳасанов тўпни ўнг оёғи билан дарвоза тўрига жойлаб ҳисобни 2:0га оширди.
Ушбу ҳисоб биринчи бўлим охиригача сақланиб қолди. Иккинчи бўлимни ҳам "Бунёдкор" аъзолари кўтаринки руҳда бошлашди ва ўйиннинг 66-дақиқасида ҳисобни 3:0 кўринишига олиб келишди. Жасур Ҳасанов тепган жарима зарбасидан сўнг тўп рақиб аъзосига тегиб ўз йўналишини ўзгартирди. Тўпга баланд сакраган Денилсон боши билан Антаиф дарвозасига жойлаб ҳисобни 3:0га оширди. Бу Денилсоннинг "Бунёдкор" сафидаги илк голи бўлди.
3:0 ҳисоби учрашув сўнгигача сақланиб қолди ва Тошкентнинг "Бунёдкор" жамоаси илк ўйинда йирик ҳисобда зафар қучди. Сколари шогирдлари иккинчи тур учрашувини меҳмонда "Ал-Ваҳда" клубига қарши ўтказади.