Бугун куннинг иккинчи ярмида соат 13:30да «Бунёдкор» бу йилги мавсумдаги
ҳозирча энг жиддий бўлган учрашувга йўл олди.
Тошкент халқаро
аэропортидан парвоз амалга оширган ҳаво кемаси «қалдирғочлар»ни чартер
рейс орқали Саудия Арабистони пойтахти – Ар-Риёд шаҳрига етказиб боради.
«Бунёдкор»
клуби делегацияси бу ерда «Рэдиссон САС» меҳмонхонасида истиқомат
қилади. Жамоа билан бирга сафарга чиқишган мухлисларимизни эса «Tulip
Inn» отели кутиб турибди.
«Ал-Ҳилол» билан учрашувга Луиз Фелипе
Сколари қуйидаги 20 нафар футболчини олиб кетди: Дарвозабонлар
– Мурод Зуҳуров, Муҳиддин Худоёров ва Акбар Тўраев Ҳимоячилар
– Саҳоб Жўраев, Хайрулла Каримов, Руслан Мелзиддинов, Анзур Исмоилов,
Анвар Ғофуров, Александр Ковалёв ва Шавкат Раимқулов Ярим
ҳимоячилар – Жасур Ҳасанов, Ривалдо, Жоао Виктор, Сервер
Жепаров, Тимур Кападзе, Азиз Ҳайдаров, Виктор Карпенко ва Анвар Раҳимов Ҳужумчилар
– Анвар Солиев ва Шавкат Саломов
Олган маълумотларимизга
қараганда, Ар-Риёдда айни вақтда об-ҳаво кундузи 34-38 даража иссиқни
ташкил этмоқда. Кечга бориб эса ҳаво ҳарорати 31-34гача тушяпти.
Барчанинг
хабари бор, Осиё Чемпионлар лигаси регламентига мувофиқ, 1/8 финал
баҳслари битта ўйиндан иборат. Яъни чорак финал иштирокчилари биргина
учрашув натижасига кўра аниқланади. Ўзбекистонлик бутун футбол
ихлосмандлари номидан умид қилиб қоламизки, «Бунёдкор» Чемпионлар
лигасининг ўтган йилги мусобақаси 1/8 финалида уддалаган вазифани бу гал
ҳам амаллайди. Ёдингизда бўлса, футболчиларимиз 2009 йили нимчорак
финалда Теҳрондаги афсонавий «Озоди» стадионида 95 мингдан ортиқ ишқибоз
кўз ўнгида маҳаллий «Пирузи»ни ер тишлатиб қайтгандилар.
«Қалдирғочлар», аввалги йиллардаги ўзларининг доимий анъаналарига содиқ
қолиб, бу мавсумда ҳам Чемпионлар лигасининг кузда давом эттириладиган
босқичларига йўл олишларини интизорлик билан кутиб қоламиз.
|