Жорий мавсум бухороликлар учун омадсиз кечмоқда. Жамоа сафар ўйинлари тугул, ўз майдонида ҳам имкониятни бой бермоқда. 3 октябрь куни ўз майдонларида зарафшонликларни қабул қилишган Рауф Инилеев шогирдлари бу сафар ҳам мағлубиятга учрашди.
Аслида танаффусга мезбонлар 2:1 ҳисобида олдинда бораётган ҳолда чиқиб кетишганди. Аммо иккинчи бўлимда устунликни ўз қўлларига олишган Рустам Забиров шогирдлари кетма-кет тўртта тўп киритиб, якуний ҳисобнинг 5:3га айлантиришди. Яъни сафардан муҳим уч очко билан қайтишди. Зарафшонликларнинг бешта голдан учтасини стандарт вазиятлардан уришганини таъкидлаш жоиз. Кучли зарбага эга бўлган Леонид Кошелев икки марта 30-35 метрлар чамаси узоқликдан белгиланган жарима зарбаларини аниқ амалга оширди. Яна бир вазиятда украиналик легионер Владимир Постолтаевнинг 30 метрлар чамаси узоқликдан йўллаган тўпини Воҳид Шодиев боши билан дарвозага аниқ йўллади. Қисқаси, шу куни стандарт вазиятлар меҳмонларга фойда келтирган бўлса, мағлубият бухороликларнинг аҳволларини янада қи-йинлаштирди.
3 октябрь
«БУХОРО»-«ҚИЗИЛҚУМ»-3:5 (2:1)
Бухоро. 4375 томошабин.
Ҳакамлар: М.Исмоилов-9,3; А.Расулов-9,3; Ж.Саидов-9,2; Н.Мешков-9.
Голлар: А.Шамсиддинов (10), С.Қобилов (23), Л.Солиев (71) - В.Шодиев (11, 50), В.Постолтаев (61), Л.Кошелев (75, 78).
«Бухоро»: А.Лобанов, Ш.Мусаев, Б.Омонов, С.Неъматов, В.Ничунаев (Д.Умархонов, 62), Л.Солиев, О.Шамсиддинов, С.Қобилов, С.Ахметалиев (А.Ляпин, 50), Д.Абибуллаев (А.Саматов, 70), Т.Асланов.
«Қизилқум»: С.Захарецкий, Ш.Насибуллаев, Аҳр. Рисқуллаев, Е.Гладков, Акм. Рисқуллаев, А.Рустамов (Д.Досанов, 70), Л.Кошелев, Ш.Жўраев, В.Любинский (А.Власичев, 82), В.Шодиев (З.Раупов, 64), В.Постолтаев.
Огоҳлантиришлар: С.Ахметалиев (14), Б.Омонов (16, Б.).
Назоратчи: В.Валицкий.
Ўйиндан кейинги фикрлар
Рауф Инилеев («Бухоро» бош мураббийи): - Учта гол уриб, мағлубиятга учраш аламли. Бундай ҳолат ҳар қандай мураббий учун қайғулидир. Шогирдларим яхши ўйин кўрсатишди. Аммо... Биз ўйин борасида рақибдан қолишмадик. Лекин якунда барибир мағлубият аламини тотиб кўришга мажбур бўлдик. Афсуски, клубимиз мағлубиятлар сериясига барҳам беролмаяпти.
Рустам Забиров («Қизилқум» бош мураббийи): - Ушбу учрашув дарвозабонлар «ўйини» бўлди. Ўтказиб юборилган барча голларда улар айбдор. Шогирдларим майдонда кўрсатмаларимни тўлиқ бажаришди. Бундан хурсандман. «Бухоро» таркибида иқтидорли футболчилар кўп. Фақат уларда тажриба бироз камроқ. Ушбу футболчиларга тўғри йўналиш берилса, бир-икки йилдан сўнг кучли клубларга муносиб қаршилик кўрсатишлари мумкин. Шундай клуб биринчи лигага тушиб кетса, ачинарли бўлади. Чунки «Бухоро»нинг таркиби асосан ёшлардан иборат.
Манба: "ИнтерФУТБОЛ" газетаси
|