Ироқлик ҳамкасбидан сўнг матбуот анжуманига Вадим Абрамов ташриф буюрди ва ўзи билан футболчи Темурхўжа Абдухолиқовни олиб келди. Мураббий ўз сўзини эртанги ўйин ҳақидаги фикрлари билан бошлади.
- Ҳал қилувчи ўйинлар бошланмоқда. Ўйинларнинг масъулиятини ҳис қилиб турибмиз. Кўп нарса мусобақани қандай бошлашга боғлиқ. Олдимизда ғалаба қозониш вазифаси турибди. Боз устига, ўйинни уйда бошлаяпмиз. Бу ҳолат футболчиларда ўзига хос кичик руҳий босимни юзага келтиради. Шунга қарамай, ўйинга тўғри тактика танлаб, ғалаба учун ўйнаймиз.
- Таркибда муаммолар йўқми? Барча футболчилар эртанги ўйинга шайми? - Ҳамма футболчиларнинг соғлиги жойида. Олег Зотеев ва Дилшод Раҳматуллаевда кичик жароҳатлар бор эди, лекин улар 2-3 кундан бери таркибда шуғулланишмоқда. Ўйингача бу футбочлилар ҳам тайёр ҳолатга келсалар керак.
- Рақиб ҳақида нима дея оласиз? - Ҳозирги босқичда осон ўйиннинг ўзи йўқ. Ироқ футболининг ҳам ўз анъаналари бор. Улар аввалги босқичда Эроннни мусобақадан чиқариб юборишганининг ўзиёқ, рақибни ҳурмат қилишга ундайди. Ироқ ҳақида маълумотлар кўп эмас. Шунга қарамай, Ироқни яхши ўйнайдиган, замонавий ўйин кўрсатадиган жамоа деб ўйлайман.
- Бизнинг гуруҳда қайси жамоани фаворит деб ўйлайсиз? - Ҳозирча бу ҳақда гапиришга эрта. Ҳеч бўлмаса гуруҳнинг дастлабки 3та тур ўйинлари ўтсин, кейин тайинлироқ фикр билдириш имкониятига эга бўламиз. Австралия ҳақида бирор нарса дея олмайман. Номи Австралия бўлгани билан бу жамоанинг қўрқинчли жойи йўқ. БАА эса бу ёш тоифасида қитъа чемпиони ҳисобланади. Аммо Уммон халқаро мусобақада бу жамоани икки марта мағлубиятга учратди.
- Ироқ билан ўйиндан кейин кейинги тур ўйинларигача орада катта танаффус юзага келади. Бу давр мобайнида ўқув-машғулот йиғинлари ўтказиладими? Жамоанинг кўпчилик аъзоси "Пахтакор" футболчилари эканини инобатга олсак, кейинги йиғинларда уларни терма жамоага таклиф этишда муаммолар пайдо бўлмайдими?
- Умид қиламан, футболчиларни йиғинларга таклиф қилишда клублар билан ўзаро бир ечимга кела оламиз. Октябрь ойида эса Вьетнамда режалаштирилган халқаро мусобақа иштирок этадиган бўлдик. Бундан ташқари, ўртоқлик ўйинини ўтказиш учун Тошкентга келишни хоҳлаган яхши савиядаги рақиб бор. БАА ва Австралия қарши кечадиган кейинги ўйинлар олдидан бу халқаро ўйинлар бизга яхши тайёргарлик кўриш учун ёрдам беради.
- Вьетнамдаги мусобақа ҳақида маълумот берсангиз. - Ташкилотчилар бизга мусобақа регламентини юборишди. Унга кўра турнирда биздан ташқари Индонезия, Малайзия ва Вьетнам олимпия терма жамоалари иштирок этишади.
- Бу жамоаларнинг савияси паст эмасми? - Ҳозирги кунда кимнинг савияси паст ёки юқорилигини айтиш қийин. Масалан, Кувайтни мағлуб этдик, бу жамоани кучсиз рақибга чиқаришди. Ваҳоланки, Кувайт яқинда Жанубий Корея билан дурагн ўйнади. Иорданияни мағлуб этдик, уни ҳам кучсиз дейишди. БУ жамоани ЖЧ саралаш гуруҳига эътибор беринг, жамоа биринчи ўринда бормоқда. Уммон олимпия терма жамоаси билан ўртоқлик ўйинида майдонга тушдик. Юқорида айтганимдек, Уммон БААни икки марта тор-мор этди. Худди шунингдек, Черногория, Албания терма жамоалари ҳақида ҳам гап борганди. Уларнинг Европа чемпионати саралаш гуруҳларидаги ўринларига эътибор қаратинг. Шу сабабли рақибларнинг ўтмишига қараб эмас, ҳозирги кундаги ҳолатига қараб баҳо бериш лозим. Ҳозирги кунда футбол барча мамлакатларда ривожланиб бормоқда.
- Аввалги олимпиада саралаш босқичида терма жамоа билан муваффақиятга эриша олмагандингиз. Бу сафар қандай бўлади деб ўйлайсиз? - Мен бу давр мобайнида тажриба тўпладим. Ўша пайтда айрим хатоларга йўл қўйгандик. Масалан, Корея олимпия терма жамоасини Кореяда ютишимиз керак эди. Аммо битта хато туфайли ғалабани қўлдан чиқардик. Мана, куни кеча "Реал" ҳам битта футболчининг хатоси эвазига "Леванте"га ютқазиб қўйди. Агар ўшанда ютганимизда, кейинги ўйинларда вазият бошқача бўларди. Бу сафар эса яхши тайёргарлик олиб боряпмиз. Мен ҳеч қачон масъулиятни ўзимдан соқит қилмайман. Ютса жамоа ютади, ютқазса мураббий ютқазади.
Биласизми, бу ёшдаги футболчилар ҳали барқарор ўйин кўрсата олишмади. Бир ўйинда порлаб туриб, кейинги ўйинда майдонда умуман кўринмай қолиши мумкин. Олдиндан бир нарса дейиш қийин. Биз ўз ўйинимизни ўйнаймиз. Меҳнатларимиз қанчалик тўғри йўналишда эканини гуруҳ босқичи якунида билиб оламиз.
- Билишимизча, соғлигингиз яхши эмас. Машғулот жараёнида иштирок этиш билан биргаликда даъволаниш курсини ҳам ўтаяпсиз. - Буйрагимда пайдо бўлган тош ҳар замонда қимирлаб, мени безовта қиляпти. Ҳозирча уни организмимдан чиқариб ташлашнинг иложи бўлмаяпти. Яқинда лазерь орқали у парчаланди, энди чиқиб кетса бўлгани (кулади).
- Зиконинг Ироқ терма жамоасини бошқаришига муносабатингиз? - Зико яхши ўйинчи бўлганини биламиз. Мураббий сифатида ҳам Япония терма жамоаси билан яхши натижаларга эришган. Лекин мен унинг қўлостида ўйнамаганман, у билан бирга ишламаган. Ҳар бир мураббийнинг ўз услуби бор. Шунинг учун мураббий ҳақида фикр билдиришим нотўғри бўлади.
- Маълумки, араб жамоалари симуляция ва провокация ишлатишга устаси фаранг бўлади. Ўйинчиларни бундай ҳолатга руҳан тайёрладингизми? - Араб жамоалари билан ўйинларни мухлисларимиз соғиниб қолишганди чамамда (кулади). Ҳақиқатан ҳам араб футболчилари симуляция ва провокацияга уста бўлишади. Биз Ироқ олимпия терма жамоасининг Эрон билан ўийнини кўриб чиқдик. Ўшанда ироқликлар 20 дақиқадан бошлаб бўлар-бўлмасга ётиб олишни бошлашган. Ёдингизда бўлса, биз Япония билан ўйинимизда умуман карточкалар кўрсатилмади, врачлар бирор марта ҳам майдонга чиқишмади. Аслида ҳакамлар араб жамолари билан ўйинларда симуляция ҳолатларини олдини олиши керак. Симуляция ҳар қандай ҳолатда ҳам сариқ карточка билан жазоланиши шарт. Бир марта ётиб олган футболчига огоҳлантириш кўрсатилса, у бошқа ётиб олмайди. Худди шундай қилиб бунинг олдини олиш мумкин.
Бир нарсани айтмоқчиман, агар эртага ироқлик футболчилар ўзидан ўзи ётиб оладиган бўлса, биз "фейр-плей"га амал қилиб, тўпни майдон ташқарисига чиқариб юбормаймиз, ҳужумни давом эттираверамиз. Футболчиларнинг жароҳат олганини аниқлаш учун аввало майдонда ҳакам бор. Биз ҳакамнинг ҳуштаги бўйича ўйнаймиз. Футболчиларга шуни таъкидлаяпман. Биздан бундай "фейр-плей" кутманг.
- Назаримда, олимпия терам жамоасининг бу авлодида яққол етакчи йўқдек. Аввалги олимпиячиларда эса Ҳайдаров каби етакчилар бор эди... - Бу жамоани қабул қилиб олганимда, мен ҳам кичик шок ҳолатига тушдим. Бир қанча муддат бирга ишлаганимиздан кейин бу жамоанинг ҳам ўзига хос характери борлигини сездим. Бу жамоада етакчи футболчи бўлмаса ҳам, жамоа кўпроқ тартибли ўйнайди ва жамоавий характерга эга. Уларга ўйин олдиндан берилган кўрсатмани тўлиқ бажаришади. Шундай ўйинлар орқали бу футболчилар билан яхши натижаларга эришиш мумкин. Сербия, Исроил, Украина каби жамоалар билан ўйинлар жамоанинг характери борлигини кўрсатди. Йигитлар шундай ўсишда давом этишса, уларнинг кўпчилиги миллий терма жамоага қўшилишади. Бу жамоада яхши ўйнайдиган ҳимоячилар сони кўпроқ.
Дарвоқе, Шерзод Каримов туғма иқтидор эгаси. Лекин ҳозир у яхши формада эмас. Биз уни тушунамиз. Шундай ҳолат ҳар қандай футболчида бўлиши мумкин. Биз унга ёрдам берсак, у аввалги ҳолатига кўтарила олади. Ҳозирча эса унинг ўрнида бошқа ўйинчи ўйнатиб туришимиз мумкин.
- Тилагимиз: чиройли ўйин кўрсатиб, стадионга ташриф буюрган ва телеэкран қаршисида ўтирган миллионлаб мухлисларни хурсанд қилиш ҳамда ўйиндан кейин сизни ғолиб жамоа мураббийи сифатида олқишлаш насиб этсин. - Раҳмат.