Бугун Тошкентдаги «Пахтакор» марказий стадионида Ўзбекистон ва Эрон терма жамоалари ўртасида ўзаро ўртоқлик учрашуви ўтказилади. Мазкур жамоалар илк бора ўртоқлик ўйини ўтказмоқдалар.
Бунга қадар терма жамоамиз эронликлар билан икки марта расмий ўйинда майдонга тушган. Биринчи учрашув бундан 11 йил аввал Осиё ўйинлари турнирида бўлиб ўтганди. Ўшанда форслар вакилларимизни 4:0 ҳисобида доғда қолдиргандилар. Олдинги сонларимизда айтиб ўтганимиздек, Ўзбекистон дарвозасига киритилган учта голга Эрон футболининг афсонаси ҳисобланмиш Али Даи муаллифлик қилган.
Икки терманинг иккинчи ўзаро ўйини 2007 йилги Осиё чемпионатида юз берди. Чемпионатда бир гуруҳдан жой олган жамоалар биринчи турдаёқ тўқнаш келишди. Куала-Лумпурдаги «Букит Жалил» стадионида бўлиб ўтган баҳснинг 16-дақиқасида Раҳмон Ризои ўз дарвозасини ишғол қилиб, вакилларимизни ҳисобда олдинга олиб чиқди. Жамоалар танаффусга шу ҳисобда чиқиб кетишди. Иккинчи бўлимни ҳужумкор тарзда бошлаган форслар Саид Жалол Ҳусайнининг голи эвазига ўртадаги мувозанатни тиклашди. Учрашув якунланишига 12 дақиқа қолганида эса Жавод Козимиан жамоасининг ғалабасини таъминлади. Умид қиламизки, эртанги басҳда Миржалол Қосимов бошчилигидаги термамиз нохуш анъанага барҳам беради. Эрон футболи Осиёда алоҳида ўрин тутади. Форслар нафақат қитъа жамоалари, балки Европа ҳамда Жанубий Америка термалари билан ҳам тенгма-тенг кураш олиб боришга қодирлар. Бунга жамоанинг бошқа қитъа вакиллари билан ўтказган ўйинлари орқали гувоҳ бўлганмиз. Бироқ ЖЧ-2010 саралаш баҳслари эронликлар учун анча омадсиз якунланди. 4-саралаш босқичига йўл олган жамоа Жанубий ва Шимолий Корея, Саудия Арабистони ҳамда БАА термалари билан бир гуруҳдан жой олди. Кўпчилик Али Даи шогирдларининг ҳеч бўлмаганда саралашнинг «плей-офф» босқичига чиқишларига ишонганди. Аммо Даи бошчилигида жамоа кўнгилдагидек ўйин намойиш қила олмади. Натижада афсонавий собиқ футболчига чиқиш эшикларини кўрсатиб қўйишди. Унинг ўрнига Ашфин Готби таклиф қилинди. Ҳозирча мазкур мураббийнинг натижаларига баҳо бериб бўлмайди. Негаки, у ҳали расмий ўйинларда ўзини кўрсатгани йўқ. "ИнтерФУТБОЛ" газетаси экспретларининг фикрларича ушбу мамлакатга футболнинг кириб келиши 1907 йилга тўғри келади. Хабарингиз бор, футболни англияликлар кашф қилишган. Улар қаерга боришган бўлса, ўзлари билан футбол, крикет ва регби каби ўйин турларини олиб кетишни унутишмаган. Мисол учун ҳиндлар ва покистонликлар крикетга кўпроқ меҳр қўйишган. Австралия ва ЖАРда крикет билан регбини севишади. Инглизларнинг қолган мустамлакаларида эса футбол биринчи рақамли спорт тури ҳисобланади. Маълумки, Британия ҳозирги Эрон ҳудудининг кўплаб қисмини босиб олган. Ўша пайтларда инглизлар ўзларига ажратилган ҳудудларда футбол ўйнашни канда қилишмасди. Албатта, бу маҳаллий аҳолининг қизиқишини орттирган. Кейинчалик жойларда турли жамоалар тузилган. 1920 йилга келиб эса Эрон футбол федерацияси ўз фаолиятини бошлаган. Аммо улар орадан 25 йил ўтибгина, ФИФА аъзосига айланишган. Эрон 1958 йилдан буён эса ОФК аъзоси ҳисобланади.
1960-1979 йиллар оралиғида Эрон футболи ривожланишининг энг чўққисига чиққан, дейишимиз мумкин. Бу давр ичида форслар уч марта Осиё чемпионлигини қўлга киритишган. Бундан ташқари бир марта Осиё ўйинларида ғолиб бўлишган. Энг катта ютуқ эса ЖЧ-78 йўлланмасини қўлга киритганлари десак, муболаға бўлмас. Аргентина майдонларида бўлиб ўтган мундиалда эронликлар Голландия, Шотландия ва Перу термалари билан бир гуруҳдан жой олганлар. Дастлабки учрашувда Ринус Михелс бошчилигидаги голландлар Эронни 3:0 ҳисобида доғда қолдиришган. Ўша чемпионатда Голландияни финалга қадар етиб борганини яхши биласиз. Кейин Шотландия билан 1:1 ҳисобини қайд этган форслар Перуга 1:4 ҳисобида имкониятни бой бердилар.
Орадан бир йил ўтиб мамлакатда революция юз берди. Бунинг натижаси ўлароқ, кўплаб иқтидорли шахслар (уларнинг орасида футболчилар бўлишганига шубҳа йўқ) Эрондан қочиб кетишди. Бундан ташқари қўшни мамлакат Ироқ билан бир неча йил уруш бўлди. Албатта, бу ҳолат футболга ҳам ўз таъсирини ўтказмай қолмади. Ўша йилларда мамлакат ҳамма соҳаларда орқада қолиб кетганди. 90-йилларга келиб, Эрондан иқтидорли футболчилар етишиб чиқа бошлади. Бунинг оқибати ўлароқ, футбол секин-аста ривожлана бошлади. 1990 йилларда терма жамоа Осиё ўйинларида ғолиб чиқди. 1994 йилги мусобақада ҳам форслар ғолибликка асосий даъвогар ҳисобланишганди. Аммо ўша йили Ўзбекистон термаси бош совринни илиб кетганди. Орадан тўрт йил ўтиб, Эрон яна Осиё ўйинларида ғолиб чиқди. Шу билан бирга жамоа ЖЧ-98 йўлланмасини ҳам қўлга киритган. Мундиалнинг финал босқичида Югославия, АҚШ ва Германия термалари билан бир гуруҳдан жой олган эронликлар Европа вакиллари билан бўлган учрашувларда мағлубият аламини тотиб кўришди. Аммо АҚШ 2:1 ҳисобида мағлуб этилди. Ўша пайтда Америка билан «тескари» бўлган мамлакат учун бу катта ютуқ эди. Ана шу ғалаба туфайли футболчиларнинг «плей-офф» босқичига чиқа олмаганликларини мухлислар кечиришди. 2002 йили бўлиб ўтган мундиалга ҳам терма жамоа чиқишга яқин турганди. Бунинг учун улар «плей-офф» босқичида Ирландия термасини мағлуб этишлари талаб этиларди. Дастлабки ўйин Дублинда бўлиб ўтди ва Рой Кин бошчилигидаги «кельтлар» 2:0 ҳисобида зафар қучишди. «Озоди»даги жавоб ўйини эса Эроннинг 1:0 ҳисобидаги ғалабаси билан якун топди. Аммо бу ҳисоб Жанубий Корея ва Японияга бориш учун камлик қиларди.
Германияда бўлиб ўтган ЖЧ-2006 баҳслари эса эронликлар учун муваффақиятсиз кечди. Мексика ва Португалияга имкониятни бой берган жамоа сўнгги учрашувда Ангола билан дуранг ўйнади. Мамлакатнинг клублари ҳақида гапирадиган бўлсак, мухлислар кўз ўнгига биринчи бўлиб, Теҳроннинг «Истиқлол» ва «Пирузи» («Персполис» деб ҳам аталади) клублари келади. Аммо сўнгги пайтларда мамлакатимиз клублари форс клублари билан тез-тез «саломлашиб» туришибди. Бу борада эронликлардан устун эканлигимизни айтиш жоиз.
Хуллас эртага муносиб рақибларнинг тўқнашувларига гувоҳ бўламиз.
Ўзбекистон терма жамоасининг Эрон термасига қарши майдонга тушиши мумкин бўлган таркиби ва
уларнинг клубларидаги натижалари
Дарвозабонлар:
1. Игнатий Нестеров 1983 «Бунёдкор» 16 1440 0 0 0
2. Тимур Жўраев 1984 «Пахтакор» 7 630 0 1 0
3. Михаил Наумов 1985 «Насаф» 7 630 0 0 0
Ҳимоячилар:
4. Саҳоб Жўраев 1987 «Бунёдкор» 18 1386 0 3 0
5. Анвар Ғофуров 1982 «Бунёдкор» 20 1674 1 1 0
6. Анзур Исмоилов 1985 «Пахтакор» 19 1691 0 3 0
7. Камолиддин Тожиев 1983 «Пахтакор» 11 768 1 3 0
8. Ислом Иномов 1984 «Андижон» 5 389 1 1 0
9. Виталий Денисов 1987 «Днепр» (Украина) 6 540 0 1 0
10. Артём Филипосян 1988 «Насаф» 18 1607 1 4 0 Ярим ҳимоячилар:
11. Тимур Кападзе 1981 «Бунёдкор» 15 413 2 0 0
12. Жасур Ҳасанов 1983 «Бунёдкор» 19 1300 2 1 0
13. Сервер Жепаров 1982 «Бунёдкор» 19 1599 8 3 0
14. Азиз Ҳайдаров 1985 «Бунёдкор» 16 974 0 3 0
15. Одил Аҳмедов 1987 «Пахтакор» 18 1532 7 2 0
16. Станислав Андреев 1988 «Пахтакор» 18 1371 3 2 0
17. Вагиз Галиулин 1987 «Рубин» (Россия) - - - - -*
18. Азиз Ибрагимов 1985 «Богемианс» (Чехия) 1 30 0 0 0
Ҳужумчилар:
19. Анвар Солиев 1978 «Бунёдкор» 18 960 9 3 0
20. Фарҳод Тожиев 1986 «Пахтакор» 17 825 4 4 0
21. Александр Гейнрих 1984 «Пахтакор» 14 1020 9 3 2
22. Камолиддин Мурзоев 1987 «Бунёдкор» 17 1072 7 1 0
Эрон терма жамоасининг Тошкентга ташриф буюрган таркиби:
Т|р. Футболчи Туғил. санаси
Дарвозабонлар:
1. Воҳид Толиблу 26.05.82
2. Раҳмон Аҳмади 30.07.80
3. Мисоқ Мамарзода 09.01.83
Ҳимоячилар:
4. Хусрав Ҳайдари 14.09.83
5. Ҳоди Оқили 15.01.81
6. Муҳаммад Нусрати 11.01.82
7. Ҳусайн Каъби 23.09.85
8. Алиризо Муҳаммад 14.07.81
9. Фаршид Толиби 24.08.81
Ярим ҳимоячилар:
10. Фарзод Ашуби 06.04.80
11. Жавод Некунам 07.09.80
12. Фаридун Занди 26.04.79
13. Меҳрзод Маданчи 10.01.85
14. Андроник Тимурян 06.03.83
15. Пежман Нури 13.07.80
16. Маъсуд Шожаи 09.06.84
17. Мужтаба Жаббори 16.06.83
18. Эҳсон Ҳожи Сафи 25.02.90
19. Саййид Жалол Ҳусайни 03.02.82
Ҳужумчилар:
20. Араш Бурҳони 14.09.83 21. Муҳаммадризо Халатбари 14.09.83
22. Ҳусайн Козими 03.10.79
23. Имон Мобали 03.11.82
24. Сайид Меҳди Раҳмати 02.02.83
25. Мужтаба Зари 20.02.83
|