- Бу жиноятда кимнинг қўли бор? - Анрининг! Суд бўлса тахминан шундай гаплар ишлатиларди. Бечора Тьерри ўша судда қандай жавоб берарди, очиғи билмаймиз. Лекин мард бола экан. Тан олди. Раул мардроқ эди лекин. Чунки "Реал” сардори қўли билан ўйнаганини биринчи бўлимдан сўнг, танаффусда тан олганди. УЕФА эса испаниялик юлдузни ўзича жазолаганди. Хуллас, қўл билан гол уриш футболда жуда катта жиноят ҳисобланади. Чунки бу спорт турининг номи оёқ деган аъзога михлаб қўйилган. Михлагандаям, шунақа михлаганки, қўл деган аъзо ундан бадарға қилинган. Марадонани роса мақтасак ҳам, биргина қилган иши билан Пелега тенглаштира олмаймиз. Футбол оламида жуда кўп шунақа ишлар рўй берган. Барисида футболчи қора ном остида қолиб кетган. Ўша футболчилар сирасига Анри жаноблари ҳам кирди. Ўзи Тьерри анча айёр ўйинчи эканлигини кўпчилик билади. Ҳатто арестократ чемпионатда ҳам фейр-плей ишларига қарши юра олган. Ҳамма ҳакам хуштагини кутиб турганида, у зарба йўллаб қолган. Бутун Англия чирқираб қолганди. Бу гал Ирландия додлаб қолди. Траппатони Анрини "футбол хиёнатчиси” деб таърифлади. Лекин мана шундай "хиёнат” туфайли мамлакатини мундиалга олиб чиқди, нима қилсин энди...
Анрининг бу иши жуда кўп таҳлил қилинмаётганига Гуус Хиддинк ёрдам бериб юборди. Қудратли Россия Москва аҳолисидан камроқ Словенияга имкониятни бой бериб, бутун дунёни ҳайрат кўчасига таклиф қилди. Буёқда Португалия Роналдусиз ғалаба қозонди. Греция эса Украинани хотиржам мағлуб этди. Шевченконинг йиғиси ҳамон ёдимда. Мана шунча талотўп ичида Анрининг "жинояти” сезилмай қолди. Аслида ҳаммасидан каттароқ иш шу эди. Нима учун бу ҳолатга ёпишиб олди, деб ўйларсиз? Билишимча, одатда бунақа ишлар кейинчалик қаттиқ жазоланган. Марадона қўл билан гол уриб, инглизларни йиғлатгач, тўрт йил ўтиб ўзи ҳам йиғлаган. Финал остонасида йиғлаган. Анзур ҳеч қандай қўполлик ишлатмаса ҳам, жарима тўпи ишлаганида хурсанд бўлган Баҳрайн биздан кўра ёмонроқ суратда мағлуб бўлди. Ҳамма интилган боғнинг эшиги тагига етиб бориб, хайдаб юборилди. Ўзининг услубида тағин.
Менимча Франция мундиалда ёмон қақшайди. Ирландия мухлислари кутиб туришибди бу нарсани. Дунёда ҳеч нарса изсиз қолиб кетмайди. ЖАР майдонлари театр саҳнасига айланиб кетади насиб қилса.
Бугунга шу. Каттароқ мақола ёзмоқчи эдим. Ёздим ҳам. Аммо унисини газетага олиб қўйдим. "Чемпион” газетасининг навбатдаги сонига қаттиқ тайёргарлик кўрилмоқда. Ўзи умуман таҳририятимизда кўпгина янгиликлар бўладиган кўринади. Ўтган жума бир сюрприз тайёрлаётганимизни қистириб ўтгандик. Сюрприз футбол шархига оид. Бир пайтлари ҳамманинг эътиборини қаратган ва футбол мухлисининг нурли ўтмишига айланган бир ўйин борасида эди совғамиз. Ҳаммасини айтиб юбормай, секин-секин, ҳар ҳафта озгина-озгина маълумот бериб борамиз. Бутунлай жавобни эса УЧРАШУВ-2да оласиз. Ўша совға билан борамиз. Саломат бўлинг.
|