Айни пайтда мусиқий каналларда намойиш этилаётан бир клип борки, томоша қилишингиз билан диққатингизни тортади. Мото-cафари, қуёшли соҳил, жазирама саҳро, африкаликлар рақси, ҳабаш-ҳурлиқо...Хуллас, қўшиқда куйлангани каби ҳаммаси гўзал! Бошқа клиплардан фарқли ўлароқ бу хонанда янги клипида Дубайнинг маҳобатли жойларини реклама қилишдан тийилиб, гўзал видеоасар яратишга муваффақ бўлди! Блиц-cуҳбатда Ботир Қодиров ҳамасига ойдинлик киритди.
-Ажойиб клип. Ижодингиздаги янги поғона. Табриклаймиз.
-Раҳмат. Имкон қадар ҳаракат қилдик. Мухлисларимга манзур бўлаётганидан бошим кўкка етган. Шамоллаб қолгандим. Касаллик аломатлари ҳам сезилмаяпти.
-Тезроқ тузалиб кетинг. Бу клипингиз Туркияни кўз-кўз қилган "Алдамадим”дан-да қизиқарли ва сифатли. Муҳими, ўзиш бор. Дўсту душманларингиз учун ажойиб туҳфа. Қизиқ, нега айнан клип манзили Дубай?
-Биринчидан қўшиқ кайфияти учун бу шаҳардан қизиқарлироқ жой йўқ эди. Мусиқасида имкон қадар оригиналлик яратишга интилдик. Буни клипда кўрсатиш учун африкалик ёҳуд қоратанлилар иштироки жуда муҳим эди. Дубай эса турли миллат эгалари учун макон! Гўзаллик эса миллат, ирқ, дин ҳатто тери рангини ҳам танламайди. Африкалик гўзал тимсолида барча гўзал аёлларни мадҳ этиш орқали ўзига хос рамзий маъно билдиришга интилдик.
-Ғоя муаллифи ким?
-Кўп лавҳаларни ўзим ўйладим. Суратга олиш жойларини клипмейкер Жасур Шаметов танлади. Клип иштирокчиларини топишда ва розилигини олишда продюсерим Севаранинг хизмати катта бўлди.
-Қўшиқ яратилиши ҳақида гапиринг...
-Илҳом Маматов мусиқаси, Дониёр Мирзо шеъри, Жасур Бадалбоев мусиқий безаги асосида яратилди. Қўшиғимни илк бор тинглаганлар позитив фикр билдиришди. Мен эса қўшиққа зудлик билан клип олиш керак деган хулосага келдим ва шундай қилиб, мақсадга етдик.
-Нима деб ўйлайсиз, қўшиқ қай даражада оммалашади? Клипни кўрганлардан қандай фикрлар эшитяпсиз?
-Олдиндан бирон нарса дейш мушкул. Бироқ, умидим катта. Мухлисларим анча илиқ фикрлар билдиришяпти.
-Янги яккахон концертингизга ҳозирлик кўраётганингиз ҳақида биламиз. Ижодий муваффақиятлар чакки эмас. Демак, концерт ҳам бошқача бўлади...
-Анча изланяпмиз. Ҳа, концерт мутлақо бошқача бўлади. Чунки, очилмаган қирраларимни кўрсатиш фурсати етди. Режиссёр Саъдулла Абдуллаев янги ғоялар устида бош қотирмоқда. Бироқ, ҳаммасини ҳозирдан ошкор этгим йўқ.
-Ок. Яна нималар демоқчисиз...
-"Гўзалсан” клипим ўз-ўзича яралиб қолгани йўқ. Уни кам-кўстсиз дунёга келишида ўзининг беминнат хизматини аямаган инсонларга, хусусан, Жасур Шаметов, Севара Одилова, Гўзал Иброҳимова, Зокир Иброҳимов, Сардор ва Акмалларга чин дилдан миннатдорчилик билдирмоқчиман.
Хонанданинг айтишича, навбатдаги янги қўшиққа ҳам яккахон концертдан кейин ажойиб клип суратга олиниши режалаштирилган. Туркия ва Дубайдан кейин яна қайси шаҳар мўлжалга олинган экан? Бу ҳозирча сир бўлиб қолади. Энг муҳими, қўшиқ Ботирнинг янги репертуарининг бош таронасига айланган. Тинглаганлар битта жиҳатни пайқайди, 2012 йил хитига айланиши кутилаётган тарона шеъри Ғуломжон Ёқубовнинг "Эй, дил”и билан бир хил. Бироқ, шеърга басталанган янги куй ва Қодировнинг ўзгача ижроси сизни мафтун этади. Сокин таронадан сўнг жаноб Қодировни ўзингиз учун янгитдан кашф этасиз. Бу ҳали ҳаммаси эмас. Яна шундай янгиликлар борки...бу ҳақда ҳозирча ошкор этолмаймиз. Бироқ, аминмиз, сирли қирраларини очар экан, Ботир Қодиров "интернейшнл” юлдузга айланиши ҳеч гап эмас! Бўш келманг, кўп дашномларга, ноҳақ отилган тошларга бардош бериб, бироқ, ким эканлигини исбот этиб қўйган Қодир-о-о-ов!
Jasur HAMROYEV (shov-shuv)
|