Мана неча ўн йилдирки, ҳинд кинолари диққатимизни ўзига тортади.
Буви-буваларимиз, ота-оналаримиз Раж Капур ва Шридевининг фильмларини
мароқ билан томоша қилган бўлишса, ҳозир ҳам куй-қўшиққа бой ҳинд
фильмларининг ишқибозлари талайгина топилади. Айтишларича, ўша вақтда
ҳам Ҳиндистон фильмларида роль ижро қилган актрисаларни гўзаллик
шоҳсупасига кўтаришган. Бугунги кунда эса бу айни муддаодир, чунки
Болливуд кинофильмларида ҳақиқатан ҳам дунё тан олган гўзаллар суратга
тушмоқда.
1. Айшвария Рай 1994
йилда «Дунё гўзали» (Miss World-1994) танловида ғолиб бўлган Айшвария
Рай мазкур ўнликнинг пешқадами бўлгани ҳеч кимни ажаблантирмаса керак.
Нафақат ҳинд киносида, балки кейинги пайтларда Голливудда ҳам кўплаб
роллар ижро этаётган Айшвария сўнгги йилларда Ҳиндистоннинг энг машҳур
ва гўзал актрисаси деб тан олинмоқда. Деярли барча нуфузли журналлар
муқоваларида сурати чиқаётган бу аёлга эътибор бермай ҳеч иложи йўқ.
Рай 1973 йил 1 ноябрда савдо флоти офицери Кришнарай Рай ва ёзувчи
Вринда Рай оиласида туғилди. Айшвария она тили тулудан ташқари яна
инглиз, ҳинди, маратхи ва тамил тилларида бемалол сўзлашади. Ёшлигида
классик мусиқа ва рақсга қатнашган. Коллежни битиргач, университетга
ўқишга кирди ва архитектурани ўрганди, сўнгра модель сифатида суратга
туша бошлади. «Дунё гўзали» номини олгач, Vogue Magazine журналида
фотосуратлари чоп этилди ва тез орада танилди. Бундай соҳибжамол аёлни,
табиийки, тез орада Болливудга таклиф қилишди. 1997 йилда «Iruvar»
фильмидаги дастлабки роли одамлар эътиборидан четда қолган бўлса-да,
бироқ «Севиб қолган қаллоб» («...Aur Paar Ho Gaya») фильмидаги иккинчи
роли учун ўзининг кино оламидаги биринчи мукофотини олди. 2002 йилда
Болливуднинг энг муваффақиятли фильмларидан бири «Девдас»да суратга
тушди. Айшвария Рай – мадам Тюссо музейида ҳайкали ўрнатилган биринчи
ҳинд актрисасидир. У ҳозирга қадар 40дан ортиқ фильмда суратга тушиб
улгурди. 2. Приянка Чопра Табиийки,
ўнликнинг иккинчи рақами ҳам «Дунё гўзали» саналади. Приянка 2000 йилда
(Miss World-2000) айнан шу номга сазовор бўлди. У 1982 йил 8 июлда
Жамшедпур шаҳрида шифокорлар Ашок и Мадху Чопра оиласида дунёга келди.
Ота-онаси ҳарбий врачлар бўлгани сабабли улар тез-тез кўчиб юришарди.
Приянка болалигида астма билан касалланган. У Лукноу қизлар мактабида,
сўнг Берлида, Мория Горетти коллежида таълим олди ва сўнгги синфни
АҚШда Бостон шаҳрида тугаллади. Рақс ва мусиқа билан қизиққан. 18 ёшида
«Дунё гўзали» танловида ғолиб бўлди ва унга эътибор кучайди. 2002 йилда
тамил тилидаги «Thamizhan» фильмида биринчи бор суратга тушди. Ҳинд
тилидаги биринчи ролини «Andaaz» фильмида ижро этди. Приянка АҚШда
«National Opus Honor Choir» миллий хорида қўшиқ айтиш шарафига эга
бўлган Ҳиндистоннинг ягона вакилидир. «Агар сценарий менга ёқса, ҳар
қандай фильмда исталган тилда суратга тушишга тайёрман», - дейди
актриса. 3. Сушмита Сен «Еру
кўк гўзали» (Miss Universe-1994) нуфузли танловида Ҳиндистон тарихида
илк маротаба ғолибликни қўлга киритган аёл – Сушмита Сен бўлиб, у
бугунги рейтингимизда учинчи ўринда турибди. 1975 йил 19 ноябрда
Уттар-Прадеш штати пойтахти Ҳайдарободда туғилди. Отаси ҳарбий-ҳаво
кучлари офицери, подполковник, онаси заргарлик буюмлари дизайнери
бўлган. Оила қизалоқни эркалаб Титу ёки Суш деб аташарди. 1994 йилда 19
ёшида «Ҳиндистон гўзали» танловида ғолибликни қўлга киритди,
дарҳақиқат, бу танловда у асосий даъвогарлардан бири Айшвария Райдан
ўзиб кетди. Ҳиндистонга қайтгач кинода суратга тушишга таклифлар ёғилди
ва Сушмита уларга розилик берди. 1999 йилда иккинчи даражали актриса
сифатида биринчи мукофотига сазовор бўлди. Ҳозир ҳам кинода суратга
тушишни давом эттирмоқда. 2000 йилда болалар уйидан бир қизалоқни боқиб
олган ва унинг тарбияси билан шуғулланмоқда. 4. Лара Датта Приянка
Чопра «Дунё гўзали» деб тан олинган 2000 йилда Кипрда бўлиб ўтган «Еру
кўк гўзали» (Miss Universe-2000) танловида деярли барча ҳайъат аъзолари
бир овоздан ҳинд гўзали Лара Даттани ғолиб деб топишди. Бу унинг
бугунги танловимизда тўртинчи ўрин эгаллаши учун жиддий сабаб бўлди.
Лара 1978 йил 16 апрелда Деҳли яқинидаги Ғозиобод шаҳрида авиация
подполковниги Л.К.Дутта ва шотланд аёли Женнифер Датт оиласида туғилди.
1981 йилда унигн оиласи Бангалорга кўчиб ўтди ва Лара бу ерда мактабни,
сўнгра Бомбей университетининг иқтисодиёт факультетини тамомлади. 16
ёшида бўлажак актриса Бангалурдан Мумбаига йўл олди ва тез орада
топ-моделга айланиб, етакчи журналларда фотосуратларга туша бошлади.
Номдор танловда ғолиб бўлганидан сўнг Ларани кинода ва реклама
клипларида суратга тушишга таклиф қилишди. 2003 йилда «Andaaz» фильмида
у ўзининг биринчи ролини ижро қилди. Ҳозиргача Лара Датта Болливудда 20
дан ортиқ фильмда иштирок этган. 5. Мадхури Дикшит Раққоса,
икки боланинг онаси, микробиология бакалаври, ҳинд киноси оламида
Шридевидан кейинги энг гўзал аёл деб тан олинган актриса бу Мадхури
Дикшитдир. Рассом М.Ф.Ҳусайн ҳалигача уни ўзининг илҳом париси деб
атайди. Мадхури 1967 йил 15 майда маратхи тилида сўзлашадиган олий
тоифадаги ҳиндлар оиласида туғилди. Айтганча, 80-йилларда суратга
тушган, мактаб таълимини тўлиқ тугаллаган Болливуд актрисалари жуда кам
топилади ва булар орасида М. Дикшит албатта ажралиб туради. 1986 йилда
у биринчи бор «Abodh» фильмида суратга тушишга рози бўлди. «Tezaab»
фильмидан кейин кино мутахассислари унга ҳақиқий истеъдод эгаси
сифатида қарай бошлашди ва 90-йилларда у қатор муваффақиятли фильмларда
роль ижро қилди. 2002 йилда «Девдас» фильмида ижро этган Чандрамукхи
роли алоҳида эътиборга молик. 6. Карина Капур Карина
1980 йил 21 сентябрда таваллуд топган. Капурлар сулоласининг аъзоси,
машҳур Притхвираж Капур ва Раж Капурларнинг невараси Карина Капур фақат
кино билан боғлиқ оилада тарбия кўрар экан, ўзи ҳам актрисалик касбини
танлагани табиий ҳол. Аммо актрисалик билан жиддий шуғулланишидан аввал
Гарвардда юридик факультетни тамомлаб келди. Биринчи ижро этган роли
«Refugee» фильмида бўлиб, бу кино 2000 йилда экранлар юзини кўрди.
Кейинчалик «Император», «Қайғуда ҳам, шодликда ҳам», «Назорат чизиғи»,
«Ишқ ўйини», «Дон» ва бошқа кўплаб фильмларда иштирок этди ва маҳоратли
актриса сифатида шуҳрат қозонди. 7. Жухи Чавла 1984
йилда «Ҳиндистон гўзали» танловида ғолиб бўлган, ўша йилда «Еру кўк
гўзали» танловида энг яхши кийим учун мукофот билан тақдирланган Жухи
Чавла рейтингимизда еттинчи ўринда турибди. Жухи 1967 йил 13 ноябрда
Ҳиндистоннинг Пенжоб штати Лудхиана шаҳрида давлат хизматчилари Десраж
ва Шармила Мона Чавла оиласида дунё юзини кўрди. Гўзаллик танловида
ғолиб бўлганидан кейин модель бўлиб ишлади, унга кинода роллар таклиф
қила бошлашди. Бир неча фильмда иштирок этди, лекин «Hum hain rahi pyar
ke» фильмидаги ролидан кейин унга ҳақиқий шуҳрат келди. Кейинчалик
«Муҳаббат ва садоқат», «Ишқ мавсуми», «Шоҳмот», «Бахтли одам», «Севги
азоблари», «Руҳ» каби киноларда қатнашиб, истеъдодли актриса деган
номга сазовор бўлди. Шоҳруҳхон билан биргаликда кинокомпания ташкил
қилган.
8. Кажол Кажол
1975 йил 5 августда Бомбей шаҳрида ҳинд киносида катта шуҳрат қозонган
оилалардан бирида туғилди. Онаси Танужа ҳам ўтмишда актриса бўлган,
опаси Таниша ҳинд каналларидан бирида бошловчи, отаси Шому продюсер
сифатида танилган. Кажол 1992 йилда «Оламшумул дебют» (Bekhudi)
фильмида дастлабки ролини ижро қилди, ҳақиқий муваффақият эса 1995
йилда Шоҳруҳхон билан бирга тушган «Ўғирланмаган келин» фильмидан кейин
келди. Худди ўша 1995 йилда у «Hulchul» фильмида Ажай Девган билан
учрашди, 1999 йилда улар турмуш қуришди ва 2002 йилда Ниса исмли
қизалоқли бўлишди. Ҳозирги кунгача Кажол ўттиздан ортиқ фильмда иштирок
этди, қатор киномукофотларга сазовор бўлди.
9. Шилпа Шетти Шилпа
1975 йил 8 июнда Тамилнаде шаҳрида собиқ моделлар Сурендра ва Сунанда
Шетти оиласида дунёга келди. Мактабда ўқиб юрган пайтларида волейбол
жамоаси сардори бўлган ва каратэ бўйича қора белбоғ ҳам олган. 15 ёшга
тўлганида модель бўлишни истаб ҳужжат топширганида, бўйи ва оғирлиги
бўйича меъёрга мос бўлмаганлиги сабабли олишмаган. 17 ёшида илк марта
кинода суратга тушишга таклиф қилишган. Кейинчалик Шоҳруҳхон ва Кажол
иштирокидаги «Ўлим билан ўйнашиб» (Баазигар) фильмида иштирок этган ва
шу фильми билан танилган. У ҳозирга қадар қарийб 50 та фильмда суратга
тушишга улгурди. Шилпа Шетти Болливуднинг энг баланд бўйли
актрисаларидан бири саналади – унинг бўйи 178 см. Сураткашлар
Голливуднинг таниқли актёрларидан бири Ричард Гир Шилпанинг юзига
лабларини текказиб турганини суратга олиб, газеталарда чоп қилишгани
Ҳиндистонда қаттиқ ғазабга сабаб бўлганди.
10. Прити Зинта Ҳиндистоннинг
замонавий энг таниқли актрисаларидан бири Прити Зинта 1975 йил 31
январда Шимла шаҳрида туғилди. 13 ёшга тўлганида отаси - ҳарбий
командир ҳалок бўлади, онаси ҳам жароҳатланади. У Мумбай университетида
таълим олган. Она тили - ҳиндидан ташқари инглиз ва тамил тилларида
бемалол сўзлаша олади. 1998 йилда фотомодель сифатида фаолиятини
бошлаган ва шу йилнинг ўзида уни кинога таклиф қилишган. «Чин қалбдан»
деб номланган илк фильмидаёқ Болливуднинг энг машҳур актёрларидан бири
Шоҳруҳхон билан бирга суратга тушди ва биринчи мукофотига сазовор
бўлди. 2003 йилда «Йилнинг энг яхши актрисаси» номига эга бўлди. Юқорида
Ҳиндистон фильмларида суратга тушадиган энг гўзал актрисаларнинг
ўнлигини намойиш этдик. Эҳтимол, сизнинг фикрингизча, бу рўйхатда бошқа
актрисалар ўрин олиши лозимдир, ким билади дейсиз. Сизнинг фикрингизда
ҳам жон бор, албатта, зеро, Болливуд фильмларида асосий ролларни ижро
қиладиган актрисаларнинг аксари қисми ҳақиқатан ҳам гўзалдир. Сайтнинг
устун томони ҳам шундаки, унда шарҳлар орқали бемалол фикрингизни
билдиришингиз мумкин. Демак, шарҳларингизни кутиб қоламиз.
|