Бугунги сухбатдошим кимларга «Сардор” телесериалидаги шаддод йигит қиёфасидан танилган бўлса, кимгадир "Севинч” фильмидан.
Кассабоп фильмлардаги актерлар сўнгги пайтлар газеталарда яхшигина "пиар” қилинади, бу йигит эса жуда камнамо..
Чуқур фалсафа ва хаёт сабоқларига теран назар солган актернинг фалсафаси нималардан иборат?
Унинг хаёти, ижоди ва
-Мен ўзимни ижро қилишни хохлардим. Чунки актер учун бу иложиси бўлмаган вазифа.
-Ўз касбимни қаттиқ севиб унга уйланганман.
-…..бировларнинг хаёти билан яшаш ёқади.
-Театр бу масжид, унга тупурсалар дуоибад бўлишади.
-Бошқа режиссерларга келсак, улар овозини баландлатмаган, акс холда ўша захотиёқ кетиб қоламан.
-Санъатдан продюсер пул топиши мумкин, лекин режиссер эмас!
-…болаликдан китоб ўқиган одамда салбий иллатлар камроқ бўлади, бўлса хам у ўзини ишда кўрсатмайди.
-Актер эса иккиюзламачи бўла олмайди, агар у иккиюзламачи бўлса унга ишониб хам бўлмайди.
-Ўзингиз кулиб, ўзингиз йиғлаб беришингиз осон нарса. Энг қийини кулдира билиш ва йиғлата олиш. "Рақобатчим-ўзим!”
Бобур Баходирович Йўлдошев 16 январь 1979 йил туғилган, маълумоти олий-Санаъат институтининг драма актерлик факультетини тамомлаган. Ўзбекистон ёшлар театрида фаолият юритади. Илк роли: 9 ёшида Юрий Бзаровнинг «Туш сотувчиси» фильмида суратга тушган. 2002 йил: Москвада ўтказилган «Аср ёшлиги» халқаро фестивалида «Қабоҳат тузоғи ХХI» спектаклидаги Лут роли учун «энг яхши эркак роли» дипломи билан тақдирланган. Санъаткорлар сулоласидан, онаси рахматли машхур актриса Римма Ахмедова. Отаси таниқли режиссер Баходир Йўлдошев.
Оилавий ахволи: рафиқаси Аня , икки қиз ва ўғли бор, катта ўғли Диёр май ойида 13 ёшга тўлади, қизлари Наврўза 5 ёш ва Ирис 8 ойлик.
Журналистлар тарафидан аксарият томошабинларга "Сардор” телесериалидаги ижро қилган ролингиз билан боғлаб савол бераверишса, ўзингизни бошқа фильм билан боғланишни истаганмисиз?
-Йўқ, нима учун? Кимга бу ролим ёқади, кимга "Севинч”даги ролим. Иштирок қилган ролларим кўп-ку. Гап шундаки, кинони жуда яхши кўраман, бу касбим ва унга умримни бахшида қиламан. Лекин, асосий қониқадиганим бу албатта театр. Чунки, фильмдаги ижроимдан сўнг уни янада яхшироқ қилиб ўзгартира олмайсиз. Ёш ўтган сайин кўп нарсалар ўзгариб, ривожланиб боради. Актер эса театрда ривожланиб сайқалланиб бораверади.
Театрдаги актерга фильмда роль ижро қилиш осонроқ, фильмда иштирок қиладиган актерга эса театрдаги рольга киришиб кетиш қийин дейишади
-Албатта, театрда роль ижро қилишни бошлаганингиздан то спектакль тугагунга қадар махоратингизни кўрсатиб, ўзлигингизни намоён қилиб борасиз. Фильмда эса йўқ, негаки фильмда асосий (Сверх задача по подъему) монтаж жараёнида режиссер қилиб беради. Фильм чиққач хеч нарсани ўзгартириб бўлмайди, яхшими ёмонми, бу роль ва қайта ўзингиз устингизда ишлаб, хатоларни бартараф этиб бора олмайсиз.
Онангиз, рахматли Римма Ахмедова вафотидан кейинги хаёт
-Албатта қийин. Бутун бошли дунёда ёлғиз қолиш осонмас. Ўғлим деб хеч ким чақирмайди. Албатта отам бор, лекин мен ўзим хозир отаман. Отамни жуда яхши кўраман, мени хаётимдаги ўрни жуда катта бўлгани билан, хохлаган инсонингизга савол берсангиз барибир она яқинроқ эканлигини айтади. Албатта мен учун хам шундай, бутун умр онам билан яшаб, ярмимдан айро қолганимдан кейин, анча вақт ўзимга кела олмадим.
Шахсий хаёт хақида гапиришни истамаганингиз тушунарли, лекин айнан халққа қизиғи шу.
-Шахсий хаётим хақида нималар билмоқчисиз?
Маълум қилиш мумкин бўлган нарса албатта.
-Яхши, савол беринг-чи, лозим топганларимга жавоб берарман.
Биринчи қурган турмушингиз мухаббат натижаси бўлганми?
-Албатта. Тушундим нима савол яширинган тагида. Биласизми, биз шунчаки бошқа-бошқа касб сохибларимиз, тунги ёки ойлаб бошқа шахарга кетиладиган суратга олиш ишлари, гастроллар бор. Мен хозир жуда бир банд инсонман дея олмайману, лекин шунақанги бир пайтлар бўлади-ки, нафас ростлашга вақт йўқ, учиб юриш керак, кунига атиги 3-4 соат ухлайди одам. Бу хеч кимга ёқмайди, тушунаман.
Илк турмушингиздан фарзандингиз?
-Битта, Наврўза исмли қизим.
Ўғлингиз.
-Бу хақида гапиришни истамасдим. Негаки Сиз тушунасиз, мен тушунаман, яна кимдир тушунади, лекин аксарият инсонлар тушунмайди-да. Албатта танқидий назар билан қарайди, вахоланки бу шахсий хаёт, хар бир инсоннинг ўз танлаган тақдир ва хаёти мавжуд ва унга маъсулиятда хам ўша инсон. Очиқчасига айтсам, ха яширмайман, инкор қилсам тан олмаган бўламан, ёшлик.… хуллас ўғил фарзандлик бўлганман, лекин онаси вафот этган. Хозир ўзим билан яшамоқда.
Машхурлар барибир ёлғиз ва бахтсиз бўлади деган тушунча қанчалик хақиқатга яқин?
-Бу ерда…(ўйланади). Гап ёлғизликда хам эмас-ку..Вахоланки, ха, бор ёлғизлик хисси, хозир тушунтиришга харакат қиламан. Мана, ўғлимни ўзимникига олиб келиб яшаётганимга бир ой бўлган бўлса, барибир фарзанднинг отаси бўлиш керак деб биламан, ва…
Фақат шу тушунчага таянибми ёки келажакда ёлғиз қолишдан хадик мавжудми?
-Йўғ-э, нимага? Мен хеч қачон ёлғиз қолмайман. Менинг фарзандларим бор, улар хамиша менинг олдимда! Бор-йўқ бўш вақтимни уларга бахшида қилишга харакат қиламан. Чунки шу бўш вақтимни ўзи чегараланган, театр хаётимдаги аксарият вақтимни олади. Ўз рафиқамга эмас, кўпроқ касбимга уйланган хисобланишим дегани, бу олдимда хеч ким йўқликнинг ёлғизлик хисси эмас. Хамфикрлар йўқ, ва фикрлар борасидаги ёлғизлик мавжуд. Мана шулардан келиб чиқиши мумкин, чунки ўзингизга беркина бошлайсиз, қалбни ёпиб, хеч кимни киргазмайсиз.
Масалан, Шпигельский қахрамони роли устида ишлаганимда 3 ой мобайнида хаттоки дўстларим билан гаплашмаганман. Хамма диққат ва фикрлар фақат шу рольни ижро қилишга қаратилган бўлган, чунки хар бир роль бу хаёт ва момот масаласи. Сиз уни уддасидан чиқиб ўзингизга нимага қодирлигингизни исботлайсиз, ёки оддий танқидчининг эътиборига хам тушмадингизми, «Мен кимман ўзи агар ўз касбим уддасидан чиқа олмасам?” деган савол билан қийналасиз. Гап пулда хам эмас, бундоқ олиб қарасангиз, театрда эътиборга молик пул хам олмайман. Хаёт нималарга бахшида бўлган?-деган мухим хаётий қадриятларга боғлиқ хаммаси. Менинг хаётим эса касбга, ва иккинчи даражадагина фарзандларга бахшида бўлади. Негаки, мендан кейин ном қолади. Яъни ўша фарзандларим учун хам шу самара қолдирган номим қолади. Намуна!
Балки нотўғридир, лекин бу менинг фикрларим ва хаётий тушунчаларим. Фарзанд қолдириш муаммо эмас, лекин ўзидан кейин из қолдириш мана шу асосий муаммо. Буви ва буваларим актер ва режиссерлар бўлган, билсангиз Каттақурғон театри асосчиларидан. Онам ном қолдирди, отам режиссер. Ана энди мен улар қилган ишни хеч бўлмаса ярмини қила олмасам, унда мен нима учун туғилдим?
Бошқа илож ва йўл йўқлигидан актер бўлганмисиз?
кулиб юборади
Шошманг, гап сулола хақида, аксарият касб давомчиларида, гарчан орзусида бошқа соха бўлса хам, мана шу касбни қилишим керак деган мажбурият орқали давомлайди. Балки осонроқ кечар?
- Қай тарафлама осонроқ? Мен 9 ёшимдан бери кино сохасида ишлайман. Энг катта ва бош ролим мана шу ёшимда бўлган, у пайтлар собиқ иттифоқ ёш актерлар Гильдиясида эдим, шунинг учун қандайдир фильмларда ролларим бўларди. Гап йўл йўқлигида эмас!
Ўша ёшдаёқ ўзингиз хохлаганмисиз, ёки ота-она йўл кўрсатганми?
-Йўўўқ, ота-онам қатъий қарши бўлган.
Ким бўлишингизни хохлашган?
-Билмадим.
Лекин актер эмас?
-Йўқ. Чунки улар билишган бу касб машшақатини. Бу бошқаларга доим актер деса мошинаси, данғиллама уйлари бордек туюлади. Мени 3 хоналик уйим ва Жигули машинам бор холос. Гохида сигаретга хам пул топилмайди, хаммаси оддий. Мен актерликка ақлсиз бўлганимдан, ёки бошқа йўлим қолмай мажбуриятдан хам борган эмасман. Болаликдан ота-онам билан гастролларда бўлиб, актерлар орасида катта бўлдим. Ёдгор Саъдиев, Эркин Комилов, Пўлат Саидқосимов, Зайнаб Садриева, Шукур Бурхонов, Наби Рахимов ва хоказолар хаммамиз бир "труппа”да, бир оиладек бўлганмиз. Болаликдан фақат шу мухитда ўсиб, кўрганларим театр бўлса, эшитганларим хам фақат театр, санъат хақида бўлган. Уйга хам кимлар келади? Артистлар. Уйда хам мавзу шу. Агар ота-онам заводда ишлаганида, менимча мен хам заводга борган бўлардим, чунки, шу мухитда катта бўлдим. 9 ёшдан фильмда суратга туша бошлагач, бошқа хеч нарса хам қила олмасдим, мактабга хам боролмай қола бошладим. 14 ёшдан нормал таълим ола бошладим дея оламан. Чунки имконият бўлмаган, онамда гастроллар кўп бўларди, ва мени бирга олиб кетардилар. Хуллас 14 ёшимда атрофимдаги дўстлар қанча кўп бўлмасин, улар бирин-кетин кўча хаётига берила бошлади. Ана шунда ота-онам "Ким бўлмоқчисан?”-деганида "Артист бўлмоқчиман”- дедим. Улар, унда ўқишга топширишлигимни айтишганидан сўнг, мана шу театрга келиб, монолог ўқиб топширганман. Лекин, онам бу ерга келиб «Агар хақиқатдан қабул қилишга лойиқ бўлса оларсизлар, бўлмаса бошқа сохани танлар” деганлар. Хеч ким таниш-билишчилик қилиб, мени ўқишга олиб кирмаган. Ўша пайт 14 ёшда қабул қилинганлардан мен ягона эдим.
Ўша илк монологингизни эслайсизми?
-Ха, Исаак Бабельнинг "Конармия” асари бўлган.
Актер қаердан пул топади? Актер хар ой фильмда суратга тушмаса… Нимадан яшаяпсиз?
-Мен тановвул қилаётган нарсамдан яшаяпман (кулади). Қаранг, театр, дубляж, тв-даги кўрсатув, кино ва клип. Лекин фақат дўстларим клипида иштирок қиламан, бегоналарникида эмас.
Нима учун фақат дўстларникида?
-Чунки клипларда иштирок қилишни ёқтирмайман.
Бу хам роль-ку.
-Роль, лекин қисқа ва очиб берилмайдиган. Ва барча эътибор хонандага бўлади, менга эмас.
Фарзандларингиз келажаги хақида нималар ўйлайсиз?
-Фарзандларим истаган касбни танлайди. Уларда танлаш имконияти бўлиши учун хам ишламоқдаман.
МТВА-2009 мукофоти сохиби бўлганингиздаги, рақобатдошлар ўша йили иштирок қилган фильмлари кўп эди, Сиз эса "Мактуб” фильмдаги иштирокингиз учун сазовор бўлдингиз деган фикрлар бор. Лойиқ тарзда олдим дея оласизми?
-Бу мавзуда объектив бўла олмасам керак. Чунки албатта олишни истагандим. Лекин менинг энг асосий мукофот ва катта ролларим хали олдинда деб ўйлайман. Бу мукофтода тўхтаб қолиш нотўғри. Умуман бу нарсани томошабин хал қилади деб ўйлайман, тағин билмадим. Адиз Ражабов (эмоция билан) зўр бола, сермахсул ижод қилди ўша йил. Лекин сон учун эмас, сифат учун тақдирлашади. Балки уларга шу "Мактуб”фильмимдаги ролим ёққан, агар кўрган бўлсангиз бу фильмни. Адиз, Алишер, Улуғбек, Фаррух улар зўр болалар, улар кўп ишлаб, суратга тушишмоқда. У йил Фаррух аъло бўлган, шунинг учун унга беришди. 2009 йилда эса балки мен аъло бўлгандирман, вахоланки мен бундай хисобламайман. Беришдими, рахмат, Сиз хам мен хам, хаммамизда шухратпараслик хисси бор, бизни тан олишлари ёқади. Биз тан олишлари учун хам ишлаймиз. Қарсаклар учун. "Мақолани зўр ёзиб, уни очиб бера олибсан” деганлари учун Сиз хам. Сизга ёқади бу, менга хам. Лекин, мен бунда диққатимни ушлаб турмайман, чунки бу менда асосийси эмас. Бутун дунёда менга рақобатчи бу ўзим. Мен ўзимга ёқиб ролимдан қониққан пайт….билмадим. Хозирча эса бу нарса йўқ, менимча яқин орада бўлмаса хам керак. Билсангиз, хали биронта ролим менга тўлиқ ёққан эмас. "Ватан” фильмини олсак, ўзим ижроимдаги 2 секундлик лавха ёққан, у хам бўлса жим турган холатим.
Қайси фильмда ўзингизни қайсидир тарафлама кашф қилгансиз?
-Йўқ хеч қайсинисида. Мени устозим бор педагог Наби Абдурахмонов ва у менга доим "Хеч қачон хамма нарсада мукаммаллик йўқ» деган нарсани сингдириб келган. Мен хамма нарсани бу ерда (бошини кўрсатиб) 17 йилдан бери қилиб келаяпман. Мен ўзим учун ўзимни кашф қилмаяпман, мен режиссер учун ўзимни кашф қилдира олишга харакат қиляпман. Мен режиссер истаган нарсани, у нимани томошабинга кўрсатмоқчи бўлса, ўшани ижро қилиб берувчиман. Ва уни уддасидан қандай чиқаётганимни мен эмас, томошабин хал қилади. Масалан, Сиз келиб, мана буни тўғри, ёки мана буни нотўғри қилибсан десангиз, мен Сизга ишонаман. Чунки, ўзимни четдан кўра олмайман. Хар бир роль индивидуал ва у янги туғилган гўдакдек.
Менга ишонсангиз, ўзингизга бахо бермай, у рольни ўзингиздан ўтказиб хис қилмаган бўласизми?
-Мен ўзимга бахо бера олмайман. Ўзимни ролларимдан қониқмайман, режиссерлардан қизиқсангиз, ўзим иштирок қилган фильмлар премьерасида иштирок қилавермаслигимни хам айтишади. Борсам хам охиригача томоша қила олмайман. "Вой мана бу ерини зўр ижро қилибман, ман зўрман” дейиш менга йироқ бўлган нарсалар. Мен ўзимдан қониқмаганлигимдан бахтиёрман. Ўзимдан қониққанимда артист эмас, юлдузлик касаллигига учраган бўлиб қоламан.
Сизнинг ролингиз, у қандай бўлиши керак?
-Мен ўзимни ижро қилишни хохлардим. Чунки актер учун бу иложиси бўлмаган вазифа. Ўзингизни ижро қилишга харакат қилсангиз, ўзингизни энг яхши хислатларингизни кўрсатишга уриниб қоласиз. Лекин яхши драматург, яхши бир сценарий ёзса ва уни яхши бир режиссер фильм суратга олиб унда Бобур Йўлдошевни ижро қилинса, мана бу бошқа гап. Умуман менга яхши ёритилиб ёзилган роль яқин.
Нима учун Сизга сўнгги пайтлар салбий қахрамон роллари берилмоқда, вахоланки ижобий қахрамонларингиз билан машхур бўлгансиз?
-"Ватан” фильми менинг ижодимдаги илк катта салбий ролим хисобланади. Ва бошқа режиссерларга салбий қахрамон сифатида ёқишим сабабини шу фильмнинг режиссери Зулфиқор Мусоқовнинг махорати билан боғлайман.
Нима учун актерларга салбий ролларни ижро қилиш ёқади?
-Чунки нима қилишни биласиз ва салбий қахрамон хамиша ижобийга қараганда яхши ёзилган бўлади. Истаган асарингизни ўқинг, салбий қахрамон мукаммал кўрсатилади.
Ва томошабин учун у доим омадсиз қахрамон..
-Мен актерман! Менга нима беришса шуни ижро қиламан, эртага аёл қахрамонни беришса уни хам ижро қиламан. Масалан, мана шу театрда юмшоқ, енгил табиатли йигит қахрамонини ижро қиламан. Ва томошабин мени тушунмайди дея олмайман. Қандай қилиб? Актерми, бажариши шарт. Керак бўлса пиёзни ижро қилинади. Қанча кўп роль ижро қилсангиз, шунча тажриба йиғиб борасиз.
Ролларингиз орасида адашиб кетмайсизми?
-Йўқ, унда шизофрения бўлган бўламан.
Ижодкорларни қайсидир маънода шизофреник дейишади хам.
-Шунақанги актерлар борки, аниқ билганларим, улар гапиришни яхши кўришади. "Мен образдан чиқиб кета олмаяпман” (харакатлари билан кўрсатиб беради). Буни менимча ташхис қўйилиб бўлган шизофреник айта олса керак. Айтишларига қараганда Ким деган монташжчи бўлиб, умрининг охиригача "образ”дан чиқа олмаган экан. У "Отелло” қахрамонини Аброр Хидоятов ижросида кўриб, ўша обрзани севиб қолган, ва кейин уни ижро қилиш орзуси билан яшаган экан.
Кассабоп фильмларда камнамосиз
-Буни режиссерлардан сўраш керак.
Таклифлар йўқми?
-Театрдаги фаолиятимга халал беради аксарияти, шунинг учун рад бераман..
Биринчи ўринда барибир демак театр?
-Албатта! Театрга сотқинлик қилсангиз, у Сизни хеч қачон қабул қилмайди. Театр бу масжиддек гап, уни алишиб бўлмайди.
Карьеристмисиз?
-Ха десам хақиқатга яқинроқ бўлса керак.
Унда фильмдан шухрат кўпроқ бўлишини билишингиз керак-ку. Масалан, спектакльга нечта одам келади кунига?
-Майли, 200-та томошабин дейлик. Фильмни эса 1000-та томошабин кўрди дейлик. Карьера бу машхурликка интилиш демак эмас, ўзингизга бу хаётда нималарга қодирлигингизни исботлай олиш деб биламан. Ва буни актерликда фақат театрда уддасидан чиқа оласиз. Фильм актерга шухрат келтирса, театр уни тарбиялайди. Театрда давомийлик (дление) бор, фильмда эса бу давомийликни актер ўрнига режиссер қилиб беради. Келасиз, (режиссер образга кириб, баланд овозда): Мотор! Бошладик! (актер образига кириб кулади) Ха ха ха, (яна режиссер образида) : Стоп!, рахмат! Тушуняпсизми? Театрда мана шу "Ха ха ха”-гача бир ярим соат тўхтамасдан роль ижро қилиш керак. Бирон нарсангиз ўхшамай қолса, "стоп” деган нарса йўқ. Спектакльнинг охиригача ролни ижро қилиб бориш актернинг қахрамонига ишонтиришдаги профессионализмига боғлиқ.
Нима учун мен карьеристман дедим?, Чунки мен ўз касбимни қаттиқ севиб унга уйланганман. Хар бир актер фильмда суратга тушишни яхши кўради, мен хам кўчада танишларини ёқтираман, албатта меъёр хам бўлиши керак. Афсуски, аксарият маданиятсизлар билан курашиш қийинроқ. Устига-устак учта институт жойлашган бино олдида уйим жойлашган, умуман юриб бўлмайди.
Режиссер сифатида ўзингизни кўрасизми?
-Йўқ.
Нима учун? Карьеристман деяпсиз, ўсиш керак-ку?
-Режиссура бу албатта "пресстижно!” Лекин хозирча хали актерлик сохасида ўз олдимга қўйган мақсадга етарли даражада эришганим йўқ. Иккинчидан, ўз сохамда профессионал бўлмагунча бошқасига қўл урмайман. Кейин бошқаришдан кўра, ижро қилишни яхши кўраман.
Хар бир актерда…
-(дарров) Режиссер бўлиш орзуси?
Ўз кечинма ёки истакларидан келиб чиққан холда уни кўрсатиб беришга бўлган интилиш
-Албатта бу бор бўлган нарсалар. Мен бу сохада режиссер хамма актердан кўра билимдон бўлиши керак деб хисоблайман. Билимдон, ўқиган ва энг асосийси тахлил қилиш борасида ақллироқ бўлиши керак. Менинг ақлим тахлил қилиш борасида, асар муаллифи ва мен режиссер сифатида бўлсам, нимани муаллиф ва мен кўрсатмоқчи эканлигимизни бу қадар тахлил қилиб кўрсатиб беришга хали қодир эмас деб ўйлайман. Мен режиссерга бўйсунаман, ва менинг режиссерга бўйсунишим менга ёқади. Юқорида айтганимдек, мен ижро қилишни хуш кўраман, режиссерлик қилиб, намойиш қилишни эмас. Бир сўз билан бировларнинг хаёти билан яшаш ёқади.
Қизиқ жавоб… Отангиз билан муносабатларингиз қандай?
-Аъло даражада! Бизда ота-ўғилдек эмас, кўпроқ дўстона муносабат. (образга кириб, жиддий ва йўғон овозда): "Ўғлим, бор ўтир!”-мана бу нарсалар йўқ. Кечинмаларим билан бемалол бўлиша оламан, у хам шундай, бир сўз билан дўстмиз.
Карьера нималардан айро қилди?
-Болаликдан.
Нима учун?
-Чунки болалик бўлмаган менда.
Бошқа болалар хавас ва хасад қилишмаганми?
-9 ёшдан мактабда ўзига хос машхурлик бўлган, балки хасад қилишгандир, лекин болалик бўлмади менда, афсуски 14-19 ёшгача ёшликнинг энг қизғин палласида театрда ишлар эдим. Театрга кирганимдан сўнг кўчада 5 йил мобайнида умуман кўринмадим.
Рақобатчилик хисси қай тарзда кечади, тушунча ва хис қилишингиз
-Рақобат бўлиши керак, бўлмаса интилиш бўлмайди. Қайтараман, биргина рақобатчим, бу мени ўзим. Агар мен масалан Мурод Ражабовга ўзимни таққослай бошласам, ва ундан яхшироқ бўлишга харакат қилсам, мен хеч нарсага эриша олмайман.
Мурод Ражабов бошқа масала…
(дарроов) -Нима учун? У хам актер эмасми?
Устоз сирасига киради, мен ёшингизга мос бўлган, кассабоп дейлик фильмлардаги актерларни назарда тутяпман.
-Ўзини устозидан аъло бўлишни истамаган шогирд ёмон шогирд. Албатта Мурод Ражабов, Шукур Бурхонов, Эркин Комилов ёки Аль-Пачино, Роберт Де Ниролардек карьерани хохлайман, лекин аълосини хохлайман. Мен аъло бўлишга интиляпман, кимларгадир таққосланиб, улар даражасида бўлишга эмас. Уларни жуда хурмат қиламан, ўз сохасининг аълолари, устоз, лекин мен аъло бўлмоқчиман, ва рақобат улар эмас, мана бу (бошини кўрсатади).
Комедик ролларни ижро қилиш қийин дейишади.
-Сизга ёзиш қийинми?
Таққослаб бўлмас нарсалар
-Хаммаси қийин, Сизнинг касбингиздан келиб чиққан холда айтяпман, Сизга Бобур билан бўлган интервьюни ёзиш қийинми ёки Самандар билан дегандек гап.
Журналистикадаги мақола, танқид ва интервью дегандек гап, масалан менга интервью ёзишдан кўра мақола ва танқид тузиш осонроқ. Актерликда хам шу нарсани назарда тутдим.
-Рольнинг хаммаси ўзи қийин. Асосийси турфа хиллик. Бу ерда Наби Абдурахмонов бир хилликдан актерларни йироқлатади, бугун салбий, эртага ижобий, комедик ва трагедия роллари билан алиштириб бериб боради. Шунда актер "қотиб” қолмайди.
Масалан юқорида тилга олинган Мурод Ражабовни драматик ролда тасаввур қила олмасам керак?
-(ачиниш хисси билан) Воо…аттанг. Бекорга бундай ўйлайсиз. Биласизми уни театрда қандай роллари бўларди
Хаётий бўлган типажлар бўладику, улардан тубдан фарқ қиладиган роллар бўлиши мумкин. Сизнинг хаётдаги типажингиз у қайси?
-Амплуа деган нарса бор…. (Бобурга қўнғироқ бўлиб, сухбат мавзуси бундан олдинги савол-жавоб билан аралашиб қолади) Режиссерлар шунчаки Мурод Ражабовни бир типажда ушлаб туришади. Сиз уни драматик ролларини кўрганмисиз?
Йўқ.
-Мен эса кўрганман. Супер актер! Мен уни зўр актер деб биламан, у комедияни хам, трагедияни хам уддасидан чиқади. Театрда ишлаётганим мени энг катта плюсим деб биламан. Бу ерда салбий, комедик ва ижобий ролларим бор. Хамма ролларни ижро қилавераман, чунки бир пландаги актер бўлишни истамайман. Мурод Ражабовни фильм режиссерлари бир пландаги актер қилиб қўйишяпти, актерлик хаёти жуда қисқа, масалан мен хеч қачон энди «Ромео ва Джульетта”даги Ромеони қахрамонини ижро қила олмайман.
Нима учун?
-Чунки Ромео 15 ёш.
Грим.
-Грим энди ёрдам бермайди, каттароқ қилиши мумкин.
Аёл актрисалар ёш қизларни ролини ижро қилишадику
-Бу олдин эди, хозир бу модада эмас, хозир артист бўлишни истаган одамлар кўп.
Келажак учун нима қолдиряпсизлар? 100 йилдан кейин хам яна ўша бугунги кунгача бўлган тарих бўладими? Сизнинг бугунги кунгача ижро қилган ролларингиздан қайси бири тарихга кириши мумкин?
-Хеч қайсиниси! Тарихда фильм қолиши мумкин, лекин менинг ролим эмас. "Ватан” фильми тарихга кириши мумкин.
(сухбат тарзи эмоционал ва қизғин бахс тарзида кеча бошлади)
Нима учун фақат фильм, айнан жуда кўп роллар тарихга кирган
-Ха! Чунки улар биринчи бўлишган.
Гўё бугунги кунда биринчи бўлиш учун энди янгилик қилиб бўлмайдигандек.
-Қаранг, Шекспир биринчи бўлиб "Ромео ва Джульетта”ни ёзди, бўлди, шу асар бўйича кетди хаммаси. Хамма шоирлар ва ёзувчилар шу мухаббатни тараннум қила бошлади. "Ромео ва Джульетта”дан бошқа аълосини хеч ким қила олмайди.
Нима учун? «Лайли ва Мажнун”, "Тохир ва Зухра”, "Фарход ва Ширин”
-Тўғри, лекин хаммаси бирку. Маъно бир.
Лекин нимаси биландир тарихга кира олди-ку
-Яхши, келинг фильмни олайлик. Мафиоз фильмларни олайлик, биринчи бўлиб нима келади хаёлингизга? (”Крестный отец”) "Чўқинтирилган ота”! Ким ундан кейин аъло суратга олади? Хамма қайтара бошлайди.
Нима учун Сизда бундай пессимизм?
-Ишонаверинг, хаммаси қайтариш бўлаверади. Бошқа фильмни хам олинг…
Мавзу бор…
-Мавзу бор….
Оригиналлик берсангиз кифоя эмасми?
-Мана "Чўқинтирилган ота” суратга олинди, бўлди! Бу энди ўқув дастуридек гап бошқаларга!
"Шайтанат”
-Ха. Лекин ўхшаш эмасми?
Лекин бизнинг тарихга кирмайдими? Етказиб бериш бошқачаку
-Бўпти, тўғри, кирди тарихга, гап йўқ! Лекин! «Чўқинтирилган ота” фильмини эслатмаяптими? У фильмдан кейинги "Однажды в Америке”, «12 друзей Оушена» …
Хар бир даврнинг янгилиги бўладику, Сиз бўлди, бошқа янгилик бўлмайди дегандек қиляпсиз.
-Бўлади, биласизми, "Маданият ва маънавият” кунини киритишгани мени жуда қувонтирди. Лекин, бу кунлари одамларни, болаларни …дейлик, хозирда суратга олинаётган фильмларни хаммасига хам эмас, балки таққослаш учун дунё миқиёсидаги санъат асарлари билан хам таништириб бориш керак. Чунки мана шу фильмларда келажак авлодларимиз ўсяпти. Мана шу "Маданият ва маънавият” кунлари театр, музейларга олиб борилиб, кинотеатрларда дунё миқиёсидаги классика фильмларини кўрсатиб хам туриш керак. Келажак авлодни тарбиялаш керак. Интеллектуал ривожланган оилада ўсганим мени бойлигим деб биламан. Мени зўрлаб дунё миқиёсидаги санъат асарлари билан таништиришган.
Вахоланки ўзингиз ўша пайт..
- Мени ўша пайт ўзим истаган қўшиқларни тингламаслигим учун отамнинг урганлигидан миннатдорман.
Миннатдорлигингизни қачон хис қилдингиз?
-Мана хозир. Йўқ, 20 ёшлигимда. Мана шу театрга келганимда гаплаша олмасдим, чунки мендан ёши бўлмаган. Мен фикрларимни баён қила олмасдим, кейин эса 1 хафтада икки китобни конспект тарзида топшириш вазифаси юклатилди. Кейин эса гаплашишни ва фикрларимни баён қилишни ўргандим, қўшиқларни ажрата бошладим, қайси яхши ва қайси ёмон. Хаммаси нимада тарбияланишга боғлиқ.
Ўзингизни фарзандларингизни шундай тарбиялайсизми?
-Улар шундоқ хам шу тарзда тарбияланмоқда. Ёқмаса хам классикани тинглашмоқда.
Сиз ўзингизда бўлмаган болаликдан уларни хам бебахра қолдирмаяпсизми?
-Йўқ. Уларни болалиги нимадан иборат бўлиши мумкин? Ўйинлар, кўчада югуриш, копток тепиш, хозирда эса компьютер ўйинлари, бу нарсалар уйда хам бор. Мендаги болаликда кўчада копток тепиш бўлмаган, 14 ёшдан шу театр.
Ачинмайсиз?
-Йўқ. Хаётда қўшиқ ва китобларнинг ривожланишда хиссаси бор. Хозир ўғлим кунига 20 варроқ ўқийди, бусиз кўчага умуман чиқмайди.
"Бўронлар хукумдори” фильмидаги қахрамондек хаётингизда бора-бора хамма нарса ўз қадрини йўқотиб ўз касбга фанат бўлиб кетиб қолишдан қўрқмайсизми?
-У фильмни хали кўрмадиму, лекин мен хозирни ўзидаёқ касбимни фанатиман дея оламан. Вахоланки, бу театрда мендан аълороқ артистлар бор.
Режиссер ва актернинг ижодий хамкорлигидаги асосий халал берадиган нарсалар?
-Шахсан менга Наби Абдурахмонов билан ишлашда унинг бақириши халал беради. Фақатгина шу. Бошқа режиссерларга келсак, улар овозини баландлатмаган, акс холда ўша захотиёқ кетиб қоламан. Шунинг учун Ўзбекистонда менга бақира оладиган режиссер ягона Наби Абдурахмонов, фақатгина унга бақиришга ёки қўпол тарзда тушунтиришга рухсат бера оламан, чунки гохида тушунмай қолиш мумкин бўлган холатлар бўлади. Кино…(ўйланади) Кинода хеч нарса халал бермайди, агар режиссер нима хохлаётганини билмасам, қийинроқ кечади.
Нахотки энг қийин бўлган театрдаги ролни уддалаган инсонга фильмдаги рольни тушуниш қийин кечиши мумкин?
-Гап унда эмас, гап тушунтиришда.
Сценарий-чи?
-Сценарийни ўқиб тушуниб бўламан, қахрамоним нимадан нимагача боришини, уни бажаравераман. Лекин режиссер уни очиб бериши, таъсирли кўрсатиб бериши керак. Шундай режиссерлар бор-ки, ўзлари нима хохлаётганларини билишмайди. Чунки пул топиш учун фильм суратга олишади, санъат асари учун эмас. Санъат ва пул бу икки умуман бошқа-бошқа нарсаларку! Ижоддан хеч ким бойиб кетмаган. Театрдан хам. Санъатдан продюсер пул топиши мумкин, лекин режиссер эмас! Тўғри, пулини олиши керак, лекин "Қандай қилсам кўпроқ пул келади?” деб ўйлаб ишлаши керак эмас. Бу хақида ўйлашингиз билан санъат ва ижод иккинчи даражага тушиб қолади. Пул ишлашни биринчи навбатга қўймайдиган хақиқий режиссерларни яхши кўраман. Улар асарнинг томошабинга қандай етказиб бериш хақида қайғуришади. Режиссернинг ижоди бу у асарни қандай кўришида. Мана шунда режиссер сохаси бўйича ишлаган бўлади, пул топиш билан эмас. Пул бўлиши керак албатта, актерлар хам яхши пул топиши керак, лекин санъат пул хақида ўйламагандагина пайдо бўлади. 10 кун ичидаги суратга олинган фильми эртага 20.000 доллар бўлиши хақида, 4-5 ойда актерлар хам 5-6000 доллор олишни ўйласа, албатта пул хақида ўйлайверади. Мен демоқчи бўлганим, кино ва театр моддий таъминланиши керак, шунда санъат ва ижод хам ривожланаверади. Пул хаммага керак, лекин…мана Сиз хозир мен билан 3-4 соат ичида сухбатлашиб ўтириб 1000 доллар топасиз деб ўйламайман. Сиз буни биринчи навбатда ўзингиз учун ва ривожланишингиз учун қиласиз, кейин эса пул, лекин шундайлар борки аввал пулни кейин бошқасини ўйлайди.
Актер шахс бўла олишдан кўра қўғирчоқ деган тушунчага яқинроқми?
-Режиссер қўлидаги қўғирчоқми?
Йўқ, умуман?
-Йўқ, актер бу шахс! Актер ахоли учун маданият намунаси.
Лекин ахоли фикри
-А, бунисини билмадим. Вахоланки, хар бир одамнинг ўз тушунчасига боғлиқ. Бир маротаба бир инсон актерлар хаммаси палончи-ку деб хақорот қилган.
-Сан ўзинг ким бўлиб ишлайсан?
-Ха, ман хайдовчиман.
-Унда бир палончи хайдовчини биламан, сен хам унда шундай палончи экансанда?
Хар бир соханинг ўз палончиси бўлади, лекин бу билан хамма шундай деб бўлмайдику. Маълумотсиз инсон актерни шахс сифатида қабул қилмаслиги мумкин, вахоланки актер, умуман санъат олами вакиллари давлатдаги асосий инсонлардан бири. Чунки, улар қандай ўзини тутиш, кийиниш, сўзлашиш ва умуман халққа маданият етказишади. Мен маданият вакили эканлигимни хис қилиб яшайман.
Лекин актерлар орасида хаммаси хам ундай эмас. Балки хаммаси тарбияга боғлиқдир?
-Бор. Лекин театрда ишлайдиган одамлар….(гапни тугатишга улгурмайди)
Айнан театрда, кассабоп фильмларда эмас?
-Кассабоп фильмлардаги актерларни…. ….(гапни тугатишга улгурмайди)
Маданият вакили деб хисобламайсиз?
-Хисоблайман. Хозир тушунтираман. Оддий инсон, музей ва кассабоп фильм хақида хеч нарса тушунмайди дейлик, боради, томоша қилади ва кетаверади. Лекин у айнан ўша фильмдаги актерга ўхшашни истайди. "Ўғлим Сизга ўхшасин” деганлар хам топилади. Шунинг учун актерда маъсулият бўлиши керак. У халқ кўз ўнгида бўлади. Шунинг учун хам актерда роль бор, ана ўша салбий ролларида хамма йиғилиб қолган хаётдаги эмоцияларини хам чиқариб олади. Умуман, болаликдан китоб ўқиган одамда салбий иллатлар камроқ бўлади, бўлса хам у ўзини ишда кўрсатмайди.
Актерлигингиздан хаётингизда азият чекканмисиз? Масалан кимдир Сизга инсон сифатида ишонмай, «Ха роль ўйнаяпти-да, актер-ку” дегани дейлик.
-Бўлган. Лекин бу хақида гапиришни хохламайман. Бир оғиз сўз билан чин дилдан, кўнгилдан гапирган пайтим, артистлик қиляпсан дейишган. Яхши артист хеч қачон хаётда роль ўйнай олмайди, нима қилишни билмай қолади. Чиройлик қилиб алдаши мумкин лекин буни хаёт тақозо қилсагина. Бирон манфаатни кўзлаб эмас, яхшилик йўлида бўлиши мумкин.
Рухшунос, фирибгар ва артист
-Биз ўз ролларимиз рухшуносимиз. Бир нарса бор…ўша он мен ўзимни шу қадар ёмон кўриб кетганман-ки…
Онам оламдан ўтгач, кўмаётган махалимиз, тасаввур қилинг лахадда туриб онамни гўрковга берар эканман, нималар хис қилаётганимни тахлил қиляпман. Йиғлаяпман, оёқда зўрға турибман, ва мана шу хиссиётни қачондир, керак бўлган пайт рольда ишлатиш фикри турибди тушуняпсизми? Мана шундай пайтда хам тахлил қилиб турасиз. Мана шу борада актерлар ўз роллари рухшуноси. Таъсир кўрсатиш борасида, фирибгар буни ўз манфаати юзасидан қилади, актерлар ролидаги холатига ишонтириш учун, фирибгарлар кулиб туриб айёрларча қилади, улар иккиюзламачи бўлади. Актер эса иккиюзламачи бўла олмайди, агар у иккиюзламачи бўлса унга ишониб хам бўлмайди.
Актерликдан азият чекканлик хақида тушундик, энди айнан хаётдаги ёрдами қизиқ.
-(эслашга уринади) 12-13 ёшларимда, биз 7 киши эдик, бизни ургани кўп болалар келган, ва ўша ерда мени биттаси бир уриши билан рольга кириб хушимдан кетганман . Улар қўрқиб кетиб қочиб кетишган. Бизни кучимиз етмасди хам агар уришганимизда. Хаётда барибир сахнадагидек роль ижро қилишни иложи йўқ. Ўзингиз кулиб, ўзингиз йиғлаб беришингиз осон нарса. Энг қийини кулдира билиш ва йиғлата олиш.
Импровизация бу иқтидор намоёнлигими ёки вазиятдан чиқиб кетиш усули?
-Иқтидор намоёнлиги.
Сценарийдан чиқиб кетсачи?
-Яхши импровизация агар у олдиндан тайёрланган бўлсагина.
Қандай қилиб импровизацияни олдиндан тайёрлаш мумкин?
-Бу менинг сўзларим эмас, Станиславскийнинг сўзлари.
У хам инсон, у хам адашиши мумкин
-"Оқ қоғоз” тушунчаси мавжуд, қандайдир сўзларни айтасиз ва бўлди, хамма сўзлар эсингиздан чиқиб кетади. Фильмда "Мотор!”дан кейин икки оғиз сўз айтиб, қолгани ёдингиздан чиқдими, (тушунарсиз бўлган иборалар айтиб кўрсатиб беради), мана шуларни холатига монанд қилиб берсангиз бўлгани, қолганини дубляжда тўғирлаб кетасиз. Театрда эса бошқачароқ. Хозир энди шу олдиндан тайёрланиш ва «Оқ қоғоз”ни тушунтириб бераман. (Ўрнидан туриб, спектакльдаги ролидан парча кўрсатади): Мана шу пайт матн ёдимдан чиқди дейлик, мен томошабинларга юзланаман, ва шу пайт миямда тайёрланаямпман нима қилишни тушуняпсизми, ролимдан чиқиб кетмаган холда шу ерни ўзида тайёрланиб, ролимга ва ўша пайтдаги холатга хос нимадир ўйлаб айтиб вазиятдан чиқиб кетяпман. Мана шу тайёрланган импровизация. «Оқ қоғоз” умуман хамма нарса ёдингиздан чиқиб кетгандаги импровизация холати.
Марказ ТВсидаги кўрсатувингизда актермисиз ёки кўрсатув олиб борувчиси?
-Кўрсатув олиб борувчиси.
Бу сохадан маълумот олишга харакат қилганмисиз?
-Йўқ.
Чунки актерга осонроқ тўғрими?
-(Бир зум тўхтаб, ўйланиб) Ха. Тўғрисини айтсам, кўрсатувга таклиф қилишгач, Россиялик машхур бошловчилар Познер, Гордон ва Оксана Пушкиналарни кўрсатувларини томоша қилиб, ўрганиб борардим. Чунки бу сохани билмайман, ўрганишим керак. Кейин Нигора Қурбоновна доно сўзлардан ёзиб боришни маслахат бердилар.
Ўзликчи?
-Мен мана шу кўрсатувларни кўриб, нима хақида гапиришяптганларини эмас, қандай қилиб гапиришларини ўрганиб бордим.
Ўзлик эмас, яна роль, яна андаза олиш…
-Мен ўзим савол бераманку, шаблон ва интервью олиш мохиятини билишим керак эди. Умуман мен ўзимни кўрсатув олиб борувчиси деб хисобламайман. Кўрсатувда туриб янгиликларни айтиш жойини эса МУЗТВ каналидаги олиб борувчилардан ўргана бошладим. Нима қилиш эмас, қандай қилиш. Бу хобби, қизиқ холос. Янгилик хамиша қизиқ бўлган. Тўй хизматларини олиб боришни ёқтирмайман. Шунинг учун хам катта нарх айтаман, чунки энг ёмон кўрган нарсаларимдан бири.
Нималар қийнайди?
-Одамзот ахмоқликлари.
Сиз хам кимларгадир ахмоқ бўлиб кўринишингиз мумкин-ку
(захархандалик билан)-Албатта, лекин кимгадир нимадир қилиш ёки айтишдан аввал ўйлайман, лекин ўйламасадан қиладиганлар хам бор. Элементар бўлган нарсалар бор-ку қилиб бўлмайдиган. Ва бу ахмоқлик, ва бу ахмоқликни чегараси йўқ. Эйнштейндан "Ниманинг бу дунёда чеки йўқ?” деб сўрашганида, «Само ва одамзот ахмоқлиги, вахоланки само чегараси хақида шубхаланаман” деган экан. Одамзот ахмоқлиги чегара ва чексиз. жудаям кўп дуч келаман ахмоқликларга. Уларга тушунтирган сайин улар янада ахмоқликларини ривожлантира боради. (кулади)
Эмоциянинг актер хаётидаги ўрни каттами?
-Эмоционалликнинг.
Етказиб бериш осон
-Қабул қилиш осон.
Нима учун?
-Чунки хар биримизда хар-хил хислатлар мужассам. Эмоционал актерларни эса қабул қилиш осонроқ.
Касбингизни нимасидан миннатдорсиз? Нимаси билан қониқасиз?
-Қарсаклари билан. Куни бўйи банд бўлиш билан қониқасиз, уйга овқатланишга куч тополмайдиган даражада чарчаб келганингизда мана шу касбнинг хузури. Куним бекорга ўтмагани. Нимадир ўрганиб, ўзим учун эмас, бошқаларга нимадир қилишим. Бутун хаётим давомида ўзим учун яшаяптганим йўқ, албатта қандайдир пайтлари, бу шанба дўстлар билан чойхонада ўтириш, пул топиб ўзимга нимадир харид қилишим, лекин асосан ўзим учун ишламайманку. Очиқчасига айтадиган бўлсам албатта ота-онам номи билан кўп эшиклар очилган, "Ха Баходирни ўғлимисан? Ха, яхши. Римма опани ўғлимисан, ха келинг.»
Лекин хозир ундай эмас.
-Ха, хозир ундай эмас Худога шукур. Лекин бу вақтинча. Хозир 1 йил суратга тушмай, бўлди, хеч нарса бўлмайди. Мени унутишади. Фильм ва сахнадан ижро қилинаётган барча мехнатлар халқ учун эстетик қониқиш бахш қилишдан иборат. Бундай олиб қарасангиз ўзингиз учун яшамаяпсизда.
Санъат бу фидоийларники
-Лекин бу касбга содиқ бўлмасангиз, бу касб сизни улоқтириб юборади. Қанчадан қанча артистлар бор, ёшлигидан давр суриб, ёши ўтгач, уларни халқ хаттоки эсламайди хам. Россиянинг машхур актрисаси Маргарита Тереховани охирги маротаба қачон кўрдингиз ижодда? Нима эшитдингиз у хақида охирги маротаба? Вахоланки у тирик. Мана ёшлигида яхшигина ном қозониб, ўз касбига содиқ қолмади. Театр бу масжид, унга тупурсалар дуоибад бўлишади. Театрга келиб, кейин бошқа нарсаларга берилиб кетишса, дейлик пул орқасидан, бўлди, бу тамом дегани.
Бошқа тарафи хам бор, оила, у хам муқаддас.
-Муқаддас, лекин қайси муқаддас жойдан пул топилади муқаддас оилага?
Оиланинг талаблари мос тушмаса, фарзандларни катта қилиш учун талаблар бошқа бўла бошлайди..
-Қанчадан-қанча актерларни ўз бизнеси бор, театр ойлигига яшашмайди. Бу ойликка очдан ўлиш мумкин.
Ўзингизни бизнесингиз борми?
-Бизнесим йўқ, лекин менда яна дубляж ва бошқа фаолиятимга оид пул топиш йўллари бор, менга шу етарли.
Хозирча
-Хозирча. Албатта ўз бизнесим қачондир бўлишини хохлайман, лекин ўзим ишлашим учун эмас, кимдир
|