Эстрадамиз
гуллаб яшнаётган бир пайтда бизнинг эшиттиришимизнинг ҳам рейтинги
тобора ошиб бормоқда. Ўз-ўзини реклама қилиш бўлди, деб ўйламанг тағин.
Баъзи хонандалар тили билан айтганда биз рекламага муҳтож эмасмиз.
Ўзимизга етарлича мухлисларимиз кундан кунга ортиб боряпти, деган ҳолда
ҳаммага ассалому алайкум, дея камина Синчалак "Микроскоп FM” дастурини
бошлайди. Биз билан бирга бўлинг. Демак, бошладик...
Ибтидо”хон”
Бу
гал эшиттиришимизни бошқача йўналишда олиб боришга жазм этдик. Битта ўқ
билан учта қуённи отиб ташламоқчимиз. Ҳайратланишга ошиқман. Ҳаммасини
тушунтириб бераман. Эшиттиришимиз, телевидениедаги баъзи кўрсатувлар
каби, ҳам радиода, ҳам телеканалда, ҳам газетада намойиш этилади. Қалай?
Зўрми? Бунақаси ҳали бўлмаган, бўлмайди ҳам. Уч томондан санъаткорларни
таъқиб қилганимиз ошкор этилади.
Шу
баъзида хонанда бўлмаганимдан жуда ҳафа бўлиб кетаманда. Мен ҳам чет
элларда клип деган зормондадан қилдиртиб юрармидим. Балки, Озоджонга
ўхшаб бўлмаса ҳам икки-уч кун концерт дастурлари қўярмидим. Бу менинг
ушалмаган орзуим. Юрагимнинг битмас яраси...
Эшиттиришимиз
бошланганига бор-йўғи ўн сония ўтган бўлсада мухлисларимиз қўнғироқ
қила бошлади. Ёшлар фаол. Бўлди сиз айтган таронани берамиз. Бугунги
дастуримизни устоз кўчирмакаш хонандалардан яна бири Авазбек Олимовнинг
"Лейли” таронаси билан бошлаймиз. Бу хонанда ҳам туркча, дейсизми,
озарбайжонча дейсизми "любой” оҳангни ўзбекчалаштириб олишга устаси
фаранглардан. Хориж хонандаси Араш ҳам
Авазбекжонда ўз оҳангини эшитиб қолса борми, ёқасига туфлаб туфлаб
қўйиши аниқ.(бу ирим уларда ҳам бўлса керак деган умиддаман. Бироз
бўлсада енгил тортади-да киши.) Эфирда Нилуфар Усмонова ва Отабек Муталхўжаевнинг "Майли-майли” қўшиғи. Яқин ўтмиш "хит”ларидан бўлган клипда иккаласининг бир-бирига суйкалиши одамнинг ғашига тегади. Қўшиқ Андре Банисонинг
қўшиғига жуда ўхшаш. Айнан ўзи десак ҳам муболаға бўлмайди. Ҳурматли
томошабинлар анча мослашиб олдингиз-а. Ҳам клип,ҳам қўшиқ, ҳам ўқиш
қийнаб қиймаяпти деган умидддаман. Шўхроғидан бўлсин деган смсларни қабул қиляпмиз. Ҳа, майли сазангиз ўлмасин азизларим. Эндиги навбат ёш хонандамиз Динейранинг "Рақсга тушгин” қўшиғига. Янгича оҳанг экан деб берилиб тинглаяпсизми. Аммо хурснд бўлишга ошиқманг. Ушбу қўшиқ ҳам корейсларнинг "Girls generaion” гуруҳининг "Genie” қўшиғини ўзлаштирилган варианти экан.
Клипларга ўзгача назар
Ҳурматли
мухлисларим зеритириб қўймадим деган умиддаман. Эшиттиришимиз ҳамда
кўрсатувимизнинг кулминацион нуқтасига ҳам етиб келдик. Клипларнинг
даҳшатларини, яъни кўчирма вариантларини эмас, аслисини ҳукмингизга
ҳавола этамиз. Ушбу клипларни кўришингиз билан ўзимизда кўргандай
бўлишингиз табиий. Аммо сизларда бизнинг клиплардан ўғирлашган шекилли,
деган гумон туғилиши тайин. Қанийди шундай бўлиб қолсайди. Роса куттириб
қўйдик, шекилли. Унда бошладик. Марҳамат Ўзжан Денизнинг "Bir dudaktan” қўшиғига ишланган клипни томоша қилинг. Стулда ўтиришидан, кўз олдингиздан Музаффар Абдуазимовнинг клипи ёдингизга тушган бўлса керак. Топдингиз. Музаффаржон ҳеч ким сезмайди, деб ўйлаган шекилли. Fargieнинг "Getting oven you” қўшиғига ишланган клипни хонанда Ҳулкар Абдуллаева ўзгариш ҳам киритмасдан шундайлигича кўчириб
олган. Фарқи ўзбекча ва клипда Ҳулкархон! Эҳ, Ҳулкарой ҳеч ким
билмайди, барибир деб ўйлагансизда-а. Майли ўксинманг. Бизнинг томошабин
кўнгилчан. Дарров кечириб, ҳамда унутиб юборишади. В.Меладзенинг "Девушка из вышего общество” қўшиғига ишланган клипни Рашид Ҳолиқов ўз қўшиғига (Зуҳра Солиҳова қатнашган) кўчириб олган. (Шу ўринда хонандаларимизнинг қўшиқларини ёзишга истиҳола қилдик. Энди буёғи ўзбекчиликда..)
Хотима
Шунинг
билан бизга ажратилган вақт ҳам ўз ниҳоясига етиб бормоқда. Сизлар
билан яна эфир (радио ва телеэкран) орқали учрашгунча хайр, азизларим.
Қисқа сатрларда
— Алишер Рўзиметовнинг "Сокин тун” қўшиғи – Toniguyнинг "Bomba” қўшиғининг ўзлаштирилган варианти. (Хонанда уялганидан очки тақиб олган. Клипдаги қизларнинг беҳаёларча рақсини баҳолашга ожизмиз.)
— Райҳоннинг "У меники” қўшиғига ишланган клипи Шакира ва Бейонсени ёдга солади.
— Жамшид Абдуазимов ўз клипига –Дима Биланнинг "Невозможная возможная” қўшиғига ишланган клипнинг ғоясини кўчириб олган.
Youtube сайти эстрада оламидаги "ўғирланган қўшиқлар” рўйхати:
Сардор Ўртачнинг "Sor” қўшиғи Испаниянинг "Son De Sol” гуруҳига оид "Brujeria” қўшиғидан ўзлаштирилган.
Ёки Кенан Доғулунинг "Salak” қўшиғи британиялик хонанда Бритни Спирснинг "Womanizer” қўшиғи ритми билан бир хил.
Синчалак
darakchi.uz
|