"Бир-икки ой олдин аввал анча яқин бўлган бир танишимни кўриб гаплашиб қолдим. Мактабда ўқиб юрган кезларимизда ўзидан бир-икки ёш катта бир йигит билан гаплашиб юрар, уларнинг муносабати шу қадар самимий эдики ҳамма уларни кейинчалик албатта турмуш қуришади деб ўйларди. Мактабни битириб ҳар ёққа тарқалиб кетдик. Дугонам Самарқанддаги институтлардан бирига кирди. Мен Тошкентга кетдим. Иш-ўқиш баҳона учрашмай кетдик. Кейин эшитсам бир курсдошига турмушга чиқиб бошка туманлик бўлиб кетибди. Учрашганимизда биринчи гапиргани ўша йигит бўлди. Мен хайрон қолиб "Ҳали ҳам эсингдан чиқмабди. Нега ўшанга турмушга чиқмагандинг?” деб сўрадим. "Ўқишга киргач у билан менинг орамизда катта фарқ борга ўхшаб кўринганди.-деди у. Кейин қўшиб қўйди -”Қизиғи шундаки кейинчалик турмуш ўртоғимни фақат унга солиштирадиган бўлдим. Уни кўргим келаверарди. Яқин бир йилдан буён эса тез-тез тушимга кирадиган бўлиб қолди. Яқинда эшитсам хозир оғир касал бўлиб қолибди.Тушимга киргани бежиз эмас экан”. Хуллас, дугонам менга яна дардларини айтиб нима қилишни сўради. Сиз унга нима дердингиз?