|
Ишонасизми
йўқми, "Шоли Вуд” нинг донғи ҳам икки ҳафтага қолмай машҳур бўлиб
қолди. Энди қўлбола кинотеатримизга қўшни қишлоқдан ҳам мухлислар атайин
ўзбек фильмларини кўриш учун ташриф буюришмоқда. Чунки бизнинг
кинотеатрда ҳам фильм намойиш қилинади, ҳам унинг таҳлили. Халқимиз
санъатсевар. Бугун кинотеатримизда премьера. Янги "Бекорчилар” фильми
илк бора қўйилмоқда. Мана, залимиз ҳам бекорчи томошабинлар билан лиқ
тўлди. Уф, тутунга қаранг, чекманглар-ей...
"Бекорчилар” бекорчилар учунми?
Фильм
бошланиши билан нима бало, туркларнинг "Қашқирлар макони”ни
ўзбекчалаштирибдими, деб ўйлаб тургандим, ҳайрият бош қаҳрамон Пўлатжон
ширин туш кўраётган экан. Кинони кўриб туриб наҳотки бизнинг
йигитларимиз шунчалик аҳмоқ бўлишса, деган хаёлга боришингиз аниқ.
Чўнтагида бир тийин йўғ-у, ҳаммасининг қўлида қўл телефони. Бебош йигит
отасидан қўрмайдиган тарзда тасвирланган, лекин отаси уни жазоласа юввош
бўлиб қолади. Отани тарбиялашга яна бир ота керак, фарзандини жазолаган
одам сал қаттиққўл бўлмайдими, ҳеч бўлмаса беш дақиқага. Воқеаларда
кетма-кетлик йўқ, нима ғоя туғилса дарҳол суратга олинган. Феруза образи
қаёқдан келиб қоганлигига ҳануз тушуниб етолмаяпман. Балки қайта-қайта
кўрсам бирон нарсани англаб қоларман-а.
Ушбу
кино орқали мактабларимизда "тупой”лар ишлайди деган фикр туғилади.
Ўлай агар ундан ортиқ фикр миямга келган бўлса. Мактабда тарихни
билмаган ўқитувчи тарихий шахсларни аралаштириб ташлаган ҳолда дарс
ўтиши, ўқувчиларнинг ҳам индамасдан тинглаб ўтиришига "доооод” деворгим
келди. Ўзим тарихдан "беш”дан паст баҳо олган бўлсам-да, бу даражада
аҳмоқ ўқувчи бўлмагандим. Агарда буни бирон бир чет эллик фуқаро кўрса
борми?! Нима деб ўйлашини айтиб ҳам ўтиришимнинг ҳожати йўқ. Бу кино
бизда ҳамма хатсаводсиз деган ғояни тарғиб қилмаяптимикан деган хаёлга
ҳам бордим.
Яна бир ҳолат. Ўғли мактабда ишлаётганини бутун маҳалла билади-ю, аммо ота-онаси билмаслиги умуман мантиққа тўғри келмайди.
Хуллас, кино сўнггида бекорчи юрса ҳам мазза қилиб яшаш мумкин экан-да деган
хаёлга бориш мумкин. Кино ҳаётдан олинган бўлибгина қолмай одамларни
яхшиликка етакловчи омил бўлиши керак. Лекин бу кинодан ўзимга нима
олишни билолмай бошим қотган. Энг осон касб ўқитувчилик касби дейишмоқчи
бу билан?! Бачканаликларни мактабга киритишмагани қолишувди. Дўхтир
беморни севиб қолиши, физика ўқитувчиси она тили ўқитувчисини севиб
қолиши сюжети Мексика сериалларига эшакка ўсма қўйгандек ярашади, лекин
бизнинг ўқитувчиларимизни ҳақорат қилманг илтимос.
Болливуднинг қариндошлари
"Ҳолливуд”
ва "Болливуд” ҳақида эшитгансиз, "Шоли Вуд” ғоясини ҳам шулардан
"ухлатганман”. Эътибор берсангиз "Ҳолливуд” киноларини ажратиб олиш
қийинмас. Масалан, тасвирда юпқа ойнали эшик кўринса, сал ўтмай шу ердан
бир одамни отиб юборишади, ойна чил-парчин бўлиб синади. Ҳинд
киноларини ҳам ажратиб олиш ҳам қийинмас. Сезяпсизми, замонавий ҳинд
фильмларида олдингилардек "губшк-губшк” деб овоз чиқарадиган ёлғондакам
"ташашишлар” йўқолган, фақат сўз ўйинлари билан бир-бирини эзишяпти,
лекин йигит билан қиз қўшиқ айтиши ҳалиям бор. Йигит бечора мактаб
кўрмаган, лекин қўшиқни синдиради. Ҳайрон қоламан, улар қўшиқ
айтишётганда нега созандаларни кўрсатишмайди. Мусиқани ким чалади,
тасвирчи чалармикан ё?! Ўзбек кинолари ҳам кейинги
пайтда ҳинд фильмларининг қайта ишланган вариантига ўхшаб қоляпти. Тан
олиш керак, ғоялар ҳиндларники... Масалан, "Фериде” фильмида ҳам
қаҳрамонлар худди ҳинд фильмидагиларга ўхшаб қизлар бир тараф йигитлар
бир тараф бўлиб, дуэт рақсга тушишади. Ҳайрият, ўша ерда қўшиқ
куйлашмаган. Бўлмаса ўксинганимдан ҳўнграб йиғлаб юборишим мумкин эди.
"Паноҳ” фильмидаги бир лавҳани эслаб кўринг. Тансоқчи йигит қизнинг
орқасидан дарсга кириб ўтириб, ўзини ҳеч нарса билмагандай қилиб
кўрсатса-да, бирданига француз тилида чиройли қилиб шеър айтиб ташлайди.
Худди шу жойи менга ҳиндларнинг "Ўғирланмаган келин” фильмидаги
йигитнинг кутилмаганда мусиқани қойиллатиб чалиб ташлайдиган саҳнасини
эслатади. Унинг устига Олий ўқув юртлари бедарвоза экан-да, хоҳлаган
одам кириб чиқиб юраверар экан маърузаларга. Кўчадан келган одам
талабалардан ҳам ақлли бўлиб чиқади, жа ошириб юборилибди.
Бизда
шундай томошабинлар борки, ўзбек фильмларидан ҳам ҳинд фильмларини
ёддан билишади. Шунинг учун бу фильм ҳинд фильмига ўхшамайди деб
тортишиб ўтиришингизга арзимайди. "Қайсарлар” фильмини зўр иштиёқ билан
кўришни бошлаган эдим. Бошланғич лавҳаларданоқ ҳафсаламни бир цент қилиб
ташлади. Шундоқ ҳиндча "Гажине” (бундан ташқари Холливуднинг
"Дўстимнинг тўйи” ва "Билл ўлдирилсин” фильмларидан ҳам айрим лавҳалари
олинган) фильмининг ўзи. Фақат салгина ўзгартирилган варианти холос.
Эсиз шунча меҳнат, шунча маблағ... эсиз ва яна эсиз.
Қисқа сатрларда қисқа изоҳлар
— "Бўрилар” фильми русларнинг "Бригада” фильмига ўхшаш бўлиб, шафқатсизлик акс эттирилган.
— "Етти ҳайкал” фильмидаги айрим лавҳалар "Ночь в музей” фильмидек.
— "Пойма пой” фильмининг баъзи жойларида ҳинд киноси "Гоҳо шодлик, гоҳо ғам” лавҳаларини кўргандай бўлади, киши.
— "Севги
фазоси” фильми ҳинд киноси "Севишганлар ёҳуд муҳаббат қиссалари”
фильмига ўхшайди. (Фақат бизда Шоҳруҳхон бўлмагани учун ушбу образ олиб
ташланган бўлса керак-ов).
Қаерда экан ўша қишлоқ?
"Бир
келиб кетинг, қишлоғимизга” фильмидаги совчилар воқеаси жуда антиқа
чиққан, совчиликка ўт ўчирувчилар киймида ёки бўлажак куёв билан бориш
мумкинми, тўғри, кулгули бўлиши мумкин, лекин
мантиқ тутруқсизликка бутунлай жой бўшатиб бериши керакмас-да энди.
Фильм бир қизнинг мотоцикл ҳайдаш воқеаси билан бошланади. Ия, "Шаддод
қиз” бошланиб кетдими деб, ҳаяжон билан телевизорнинг ёнига яқинлашсам,
йўқ, қиз бир пасда одобли келинга айланди-қолди, мотоцикл миниб юриши
кейинги воқеаларга бир қарич ҳам алоқадор эмас.
Қишлоқдаги воқеалар шунчалик бўртирилиб кўрсатилганки, тўғриси ўша
қишлоққа бориб яшагим келиб қолди. Унинг устига қишлоқ одамлари жуда
оми, саводсиз қилиб кўрсатилган. Қишлоқ мавзуси ҳақида фильм ишлайдиган
одам қишлоқ ҳақида тушунчага эга бўлса-да, кимлардандир эшитган
миш-мишларга асосланмасдан, шаҳарликларни қишлоқдан кўнглини
қолдирмасдан. Яна ўша гап. Киноларимизга ҳаётийлик ва табиийлик
етишмайди.
Шевада гапираверинг
Кинодаги
тил муаммоси энг ёмон иллат. Киноларимизда адабий тилга аҳамият
берилмаслиги катта фожиа. Ҳамма шевада гапиришни афзал кўряпти чоғи.
Олдинги киноларимиздаги актёрларни қайси воҳадан эканлигини билолмасдик.
Чунки адабий тил нормаларига қатъий риоя қилинарди. Бугунги кун
киноларида актёр қайси жойдан эканлигини аниқлаб олиш қийин эмас. "Зато
оғзим қийшуғу”, "Конкрет Пўлат Аламдорга ўхшадинг”("Бекорчи”) ва
бошқа... Тилимизга ҳадеб одамни асаб толаларини ўлдириб ташлайдиган
"мусор” жаргонларни тиқиштираверманглар. Сезяпсизми, ўзим ҳам жаргон
ишлатиб юбордим ,беихтиёр.
Мақолсиз иложи йўқ
Мақол
билан гапириш кино ва телесериалларимизда жуда модага айланган. Битта
кинода шунчалик кўп мақол ишлатишадики, баъзан уларни саноғидан адашиб
кетаман. Ҳаттоки таржима қилинган киноларда ҳам мақол ишлатишади. Шунда
бошқа миллат вакиллари ҳам бизнинг мақолни ишлатишидан ҳайратланаман.
Бунга қойил қолмасдан иложимиз йўқ. Шу тарзда шанбани бир амаллаб ўтказиб ҳам олдик.
Якшанбада муҳаббат
Бугун
ёшлар учун муҳаббат мавзуида фильм намойиш этамиз (худди бошқа мавзуда
фильмларимиз бордек катта кетиб гапиришимни қаранг). "Танго ёҳуд адашган
совчилар” фильми намойиши бошланди. О муҳаббат йиғлатасан,
қувонтирасан, ўйнатасан, нафратлантирасан... Эй, ҳамма нарса қиласан. Бу
фильм ўзбекча бўлса-да, худди ҳинд фильмини кўргандай бўласиз. Яна ўша
гап: бой-камбағал, муҳаббат ва дўстлик ҳақида. Шу режиссёрлар биз
томошабинларни мияси яхши ишламаса керак, деб ўйлашса кераков. Қаранг,
бош қаҳрамон Дилнозанинг яқин дўсти унинг энг яқин норинчи
дугонаси ҳақида билмас экан. У ҳақида ҳамма нарсани билиб шу ерга
келганда Дилноза ҳам жуда пухта экан-да, дугонаси ҳақида оғиз очмаган
экан. Агар айтиб қўйганида улар учрашувга чиқолмасди ёки кинони қандай
давом эттиришни билмай режиссёр бош қотириб ҳалигача юрган бўлармиди.
Топқирликни қаранг. Бу ҳамманинг ҳам калласига келавермайди-да.
Тўғрими?! Нима бўлса ҳам севишганларни бирга қилиб, ували- жували
бўлишига кўмаклашиб юборишса бўлганида. Қолган ёлғонлар, нотабиий
лавҳалар унутилиб кетади. Чунки кино яратувчилар учун бизга ўхшаган
"лақма”(ёки лаққа) томошабин бўлса бас! Шу фильмдаги яна бир воқеа
ғашимга келди. Тепа сочимни тикка қилган жиҳати, ўзбек қизи бир йигитни
қандай қилиб бошини айлантириш ҳақида ўйлай бошлайди, яна ўғил бола
дўсти билан учрашув уюштириш операциясини режалаштиради. Қисқаси, йигит
устози ва дўсти учун "ўртакашчилк” қилиб беради, бу ишни қилгунча ҳар не
бўлгани яхши одамни. Ғояни чет элниннг "ахлатхона”ларидан олиб,
ўзлигимизни тепкиламанглар илтимос.
Сўнгги сўз ўрнида
Ёшлар
кинога, ундаги актёрларга тақлид қилиши турган гап. Бизнинг фожеамиз
ёшларимиз кинодаги тарбиясиз сўзлашув услубини ўзларига ибрат қилиб
олишган. Айниқса ушбу ҳолатни ўсмирлар ўртасида кўриш мумкин. Яна бир
карра сўзлашув маданияти кинода ўз ифодасини топса яхши бўларди.
Ишонмасангиз эшитинг, кинодан чиқишлари билан бошлашди.
— О манга қарагин, сўзимга "отвечат қиламан”. Эшитдингми?
— Ў девобман, санга.
Синчалак darakchi.uz
|