Қандкасаллигидан азият чекаётган мусулмонларнинг 70 фоизи Рамазон ойида рўза ибодатини адо этмоқдалар. Бироқ кундуз куни ейиш-ичишдан тийилганликлари туфайли уларнинг қондаги қанд моддасини бошқариб боришлари қийин бўлмоқда.
Бу маълумотларни антверпенлик шифокорлар - Гувен Йилдиз ва Дирк Авонтс (у Антверпен ва Гент университетларида илмий изланишлар билан шуғулланади) келтирадилар. Яна ҳам ёмонроғи шундаки, сўровда қатнашган қанд касалига чалинган мусулмонларнинг 87 фоизидан 20 фоизи ўз дориларини истеъмол қилишни бутунлай тўхтатадилар ёки уни номунтазам ичадилар. Бунда улар инсулин қабул қилиш графикини шифокор билан маслаҳатлашмай ўзгартирадилар.
Қандкасалига чалинганлар рўза тутмасликлари мумкинлигига қарамай, бутун дунёда улар бошқа мусулмонлар қатори рўза ибодатини адо этишни афзал биладилар. Бу ҳақда «Ислам для всех» «IslamInEurope» маълумотларига таянган ҳолда хабар беради.
«Ғарбдаги кўплаб шифокорлар буни шунчаки масъулиятсизлик деб санайдилар. Биз уларнинг фикрларига қўшилмаймиз, чунки рўза тутиш барча мусулмонлар, жумладан қанд касалига чалинганлар учун ҳам муҳим аркон саналади,- дейди шифокор Авонтс. – Рўзани бузмаслик имконини берувчи даволаш схемалари мавжуд, лекин, бошқа маданият вакилларининг муаммолари камдан-кам ҳолларда чуқур ўрганилади, мусулмонлар орасида тегишли ахборот кампаниялари ўтказилмайди».
Тадқиқотчиларнинг фикрларига кўра, Рамазон мобайнида мусулмонлар шифокорларнинг махсус консультацияларидан ўтишлари керак. Айниқса бу инсулин инъекциясига боғланиб қолганларга тегишлидир. «Шифокорлар бошқа маданиятлар масалаларига тушуниш билан ёндашишлари лозим»,- дейишади улар.
|