Пойтахт кўчаларида "Муҳаббат куйчиси” Анвар Санаевнинг 15-19 ноябрь
кунлари "Истиқлол” санъат саройида "Дилимда исминг, Барно...” деб
номланган навбатдаги яккахон концерт дастурини тақдим этаётганидан
хабар берувчи катта баннерларга кўзингиз тушган бўлса керак. Ҳа, Анвар
Санаевнинг мухлислари учун кутилган дийдор онлари яқин. Энг қизиғи,
хонанда ҳали бирорта ҳамкасбининг хаёлига келмаган янгиликни амалга
оширишга бел боғлади. Яъни бу концертда Барно исмли қизлар учун эшик
очиқ. Тўғрироғи, концертга ташриф буюрувчи мухлислар чипталарни сотиб
олишса, 16 дан 18 ёшгача бўлган Барнолар чиптани текинга қўлга
киритишади. Бунинг учун улар сарой кассаларига ўзларининг паспортлари
ва паспортнинг нусхасини олиб боришса бўлди. Чипта нақд деяверинг! Бу
чиндан ҳам ҳали ҳеч кимнинг хаёлига келмаган янгилик. Бироқ... Ана шу
бироқ ҳали бошқа исмли қизларнинг норозилиги шаклида Анвар Санаевга
етиб бориши аниқ. "Нега энди фақат Барноларга?!” дея ҳайрат ёки жаҳл
билан хонандадан ёзғираётган мухлислар ҳам бор-да.