Аёл кишига совға танлаш, бу энг қийин ишлардан бири эканлиги барча
эркакларга маълум. Тўғри танланган совға, албатта аёлни қувонтириши
табиий, аммо совға нотўғри танланган бўлиб, унинг дидига мос
келмаса-чи...
Албатта, аёл норозилигини сизга билдирмайди, ҳатто ўзини гўёки
хурсанддай қилиб ҳам кўрсатиши мумкин. Аммо бундан кейин, сиз
тўғрингиздаги фикри ёмон томонга ўзгариши табиий. Шунинг учун бугун
эркакларимизга аёлларга нима совға қилиш керак эмаслиги тўғрисида
фойдали маслаҳатлар бермоқчимиз.
1. Ҳафа қиладиган совғалар:
- Даҳшатли гуллар-ҳар бир аёл учун совғага гул олиш
жуда ёқимли, аммо яхши ва ёмон гуллар ўртасидаги фарқни билиб олсангиз
фойдадан холи бўлмайди. Ёмон аҳволга тушиб қолган атиргулни аёлингизга
совға қилишингиз уни кайфиятини тушириб юбориши табиий. Агар гул
танлашга устаси фаранг бўлмасангиз, мутахассис ёрдамига мурожаат
қилганингиз маъқул. Улар аёлингизга кўнгилдагидек гулдастани ясаб
беришга ёрдам беради.
- Арзон атир-агар бундай "матоҳ”ни чиройли ўрамда
совға қилсангиз ҳам, севгилингизни алдай олмайсиз. Аёллар арзон атир
билан қимматбаҳо атирнинг фарқига жуда яхши боришади.
- Ички кийим-бу ҳавфли совғалар тоифасига киради.
Бундай танловда сиз матонинг фарқига бормаслигингиз мумкин: кимгадир
шойи мато ёқмайди, кимдир эса полиэстер билан чиқиша олмайди. Бундан
ташқари, ўлчами тўғри келмаслиги мумкин. Агар мабодо, адашиб, кичик
ўлчамдаги кийимни олсангиз, демак менинг озғинроқ бўлишимни истар экан,
деган фикрга бориб, ранжиб қолиши мумкин. Аммо сиз барибир ички кийим
совға қилишга қарор қилган бўлсангиз, унда кўпроқ ўзингизнинг дидингизга
мослаб эмас, унинг дидига тўғри келадиганини танлашга ҳаракат қилинг.
- Ажинга қарши крем- агар аёлга бундай крем керак бўлса, ўзи ҳам сизнинг ёрдамингизсиз сотиб олади, сиз бундай совға қилмаганингиз маъқул.
- Пайпоқ-бу ҳам унчалик тўғри фикр эмас. Пайпоқ бўйича ҳамманинг диди ҳар хил. Кимгадир одми, кимгадир эса ранглилари ёқиши мумкин.
2.Меҳнатни кўзлайдиган совғалар:
- Идиш-товоқ ёхуд ошхона жиҳозлари-бундай совға олган
аёлнинг ҳаёлига, биринчи навбатда, унинг жойи ошхонада эканлиги
хақидаги фикр келади. Агар бунинг устига совғага таом пишириш хақидаги
китобни олса, ўзини "овқат пиширишни эплай олмаётган эканман” дегандек
ҳис қилади.
- Айрим эркаклар совға сифатида чангютгич, идиш ювадиган восита ва
бошқа шунга совғаларни тақдим этишни маъқул кўришади. Бу яхши албатта,
аммо бундай совғаларни байрамдан ташқари кунларда тортиқ қилган маъқул.
3. Аёлни ўзидан норози бўлишга мажбур қиладиган совғалар:
- Кийим-Бундай совға танлаётганда унинг дидига мос
келадиганини топа олмаслигингиз аниқ, ўзингиз ўйлаб кўринг, мато тури,
ўлчами, услуби унга мос келмаслиги мумкин. Бу танловда ўзи ҳам оз мунча
изланадими?
- Спорт анжомлари - бундай совға олган аёл унинг ташқи кўринишидан норозилигингиз хақида ўйлаб қолади.
4. Ҳеч қачон совға қилиш мумкин бўлмаган совғалар:
- Жониворлар - Агар аёл бу хақида ўзи сиздан илтимос
қилмаса, асло бундай совға ҳарид қилманг. Ҳайвонларни жуда ҳам яхши
кўришини билсангиз ҳам, бу тўғри танлов эмас.
- Ўзингизга маъқул келадиган совға-Байрам куни
аёлингизга турли хил жангари кинолар жамланган дисклар совға қила
кўрманг. Сизнинг қизиқишларингиз акс этган фильмни бирга кўргани билан,
у ҳам шундай томошаларга қизиқади, деб ўйласангиз хато қиласиз.
5. Умуман совға қилмаслик
- Агар аёл ҳеч қандай совға керакмас, эътиборингиз ҳам совға деса, бу
гапларга ишониб, совғасиз кириб борманг. Бу гапни у шунчаки сиздан
кутилмаган совға олгиси келгани учун ҳам айтади.
Хуллас, азиз эркаклар совға олишдан олдин чуқур ўйлаб кўринг, энг
асосийси, бу совғалардан у ўзини бахтли ва севимли ҳис қила олиши керак.
Аёллар хақида хақиқатлар
- 1. Аёллар мушукларни жуда яхши кўради. Мушуклар эса эркакларни ёмон кўради.
- 2. Аёллар ўз эрлари нима ҳоҳлаётганини доим билишади. Аммо эркак ўзи ҳоҳлаётган нарсани ҳар доим ҳам билавермайди.
- 3. Аёллар "қайнона” деган институтни йўқ қилишни
орзу қилишади. Хатто қачондир ўзлари ҳам бу институт "декани”
бўлишларини билсалар ҳам.
Лайло РУСТАМОВА тайёрлади darakchi
|