РИА “Новости”нинг Миср ҳукумати ҳузуридаги статистика хизматига таянган ҳолда хабар беришича, икки миллионга яқин мисрликлар ҳар куни улар учун ўз бой ватандошлари ёзган “саховат дастурхонидан” таомланмоқдалар.
Рамазонда кун давомида мусулмонлар ейиш-ичиш ва бошқа рўзани бузувчи нарсалардан сақланиб, ибодатда бўладилар. Қуёш ботган паллада мўминлар ифтор дастурхони атрофида йиғилишиб, ифторлик қиладилар. Рамазон ойининг илк кунларидан бошлаб Мисрнинг кўплаб ҳовлиларида, кўчаларда, кўприклар остида ва ҳашаматли мҳмонхоналар ёнида муҳтожлар учун минглаб дастурхонлар ёзилади, бироқ бу муборак ойда ҳеч ким ўзини камситилган ҳолда ҳис қилмайди.
Миср ҳукумати ҳузуридаги статистика хизматининг ҳисобига кўра, мамлакат бўйича кунига 12,5 минг бепул овқатланиш шохобчалари очилмоқда. Бу ерларга истаган киши ташриф буюриб, ифтор қилиши, бепул тамадди қилиб олиши мумкин. Баъзан бир вақтнинг ўзида бир дастурхон атрофида икки минг киши тўпланган ҳоллар ҳам бўлмоқда.
Ўтказилган сўровга кўра, Рамазон дастурхони меҳмонлари у ердаги таомларнинг сифатли ва тўйимли эканлигини айтмоқдалар. Одатда бундай эҳсон дастурхонларига гўшт, нон, сабзавот, гуруч, макарон ва ширинликлар тортилади. Эътиборли жиҳати шуки, мискинларга мўлжалланган ушбу хайр-эҳсон дастурхонларнинг деярли 90 фоизи шахсий маблағлар ҳисобидан, қолган 10 фоизи эса хайрия ташкилотлари ва жамиятлари томонидан ёзилмоқда. Бир кишини меҳмон қилиш учун ўртача ҳисобда икки доллар сарфланмоқда.
Яна бир ажойиб жиҳат шуки, ифторликка келганлар зиёфат соҳибининг кимлигини ҳам билмайдилар, зеро Исломда яхшилик қилгувчининг исми-шарифини эълон қилмаслик мандубдир. Эҳсон дастурхонларига ташриф буюрувчиларнинг аксариятини (90%) ишчи эркаклар ташкил этади.
Хайр-эҳсон, садақа қилиш, мискинларга мурувват кўрсатиш айниқса Рамазон ойида Яратганнинг розилигига эриштирувчи амаллардан ҳисобланади. Муҳтожларни зиёфат қилиш динимизда қадимдан қолган урфдир. Ривоят қилишларича, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Исломга энди кирган 100 нафар тоифликларни бутун бир ой давомида егулик билан таъминлаб турганлар.
|