1. Жаҳонгир ака концерт бериш даври келмадимикан?
2. Агар иложи бўлса, вилоятларга ҳам гастроллар уюштирсангиз.
3. Нимага фақат комедия жанрида кино оласиз, жиддий кино олсангиз ҳам бўлади-ку, ахир ҳаёт фақат кулгидан иборат эмас. . . Феруза: - Айнан, 3-савол каби саволлар кўп. Ушбу мавзуда жуда кўплаб саволлар берилган. (Саволлар ҳаммаси ўқиб берилди)
4. Тўғрисини айтинг, Нигора билан айтган саундтрек ўзингизга ёқдими? ЗАРШЕД
Ж. Позилжоновга саволим: Сизни ижодингиздаги бачканаликнинг чегараси борми? SADULLAH
"Божалар” гуруҳи чиққанда ўзини бошқача услуби ва ҳазилкашлиги билан ажралиб чиққанди. Лекин, ҳозирги вақтгача ўйнаган ролларингиз, ишлаган киноларингиз, ҳатто қўшиқларингиз ва клипларингиз ҳам бир хил, сал бачканароқ бўлиб кетмоқда. Айниқса киноларда маъно йўқ, мотив йўқ. Сиз шу билан киноиндустрияни мукаммаллашишига ҳалақит берилаётгани ва айниқса ёшлар ўрнак олаётганини сезяпсизми? DINA
Жаҳонгир Позилжонов: - 1. 25 май "Сўнгги қўнғироқ”да концерт берамиз. Бир йилда бир марта.
2. Таклиф бўлса, борамиз.
3. (ўйланиб) Фильмлар инсонларни дардини қўзғаб қўймаслиги керак деб ўйлайман. Санъаткор дегани тарбиячи дегани, устозларим шундай дейишган "бирор тушкунлик нарсани гапиришдан олдин ўйлаб кўргин, одамлар сени ўша ишингни қайтариши, бирор ишинг уларга таъсир қилиши мумкин”- деб ўргатишган. Бирор йиғлатадиган, дардли нарса қилсам, у кимгадир таъсир қилиб, бошқа бир нарсага сабаб бўлса? Ундан кўра, инсонларни кулдирсам, яхши кайфият берсам дейман!
Тўғри, менда баъзида орада, бачкана бир юмор бўлиб қолади, буни мен кейин, мухлислар, томошабинлар билан кўрганимда ҳис қиламан. Кейин, бир хил жойларини олиб ташлайман. Мени хатойим, озгина бўрттириб юбораман! Лекин, буни тан оламан. Одамни ўзини ўлдириб юборишга мажбур қиладиган бир нарса қилгандан кўра, кулдирган яхши назаримда.
Айтмоқчи бўлганим, ўлдириб юбориш ҳам эмас, фильмлардан таъсирланиб, бориб кимнидир уриб келиш, қасд олиш ҳоллари ҳам бўлиши мумкин. Инсонларга тарбия бўладиган фильмлар қўйилиши керак, тарбияни ҳам юмор орқали бериш керак деб ўйлайман. Умумий қилиб айтганда, мен одамларни кўнглини олишни яхши кўраман! Ҳаётни ўзида ташвиш етарли деб ўйлайман. Уни яна исботлаб, у ташвишни кўрсатиб бериш қўлимдан келмайди назаримда. Мен у нарсани нотўғри етказиб қўйишдан қочаман.
Мана "Аччиқ ҳаёт” деган фильм ишладик. Шу фильмда томошабинларга ҳаёт, ташвишни бериш қўлимдан келмаган. Шунинг учун ҳам, бундай мавзуларга тегмаймиз. Тарбиялай олмасак ҳам, мақсад томошабинларни юзига табассум улашиш, хурсанд қилиш! Масалан, бизлар ҳам кўпдан кўришмаган дўстлар билан учрашганда, улардан тарбия олмаймиз, улар орасида бўлаётган гапдан бир маълумот олишимиз, кайфиятимиз кўтарилиб, кулишамиз мумкин.
Бизни ҳам уч-тўрт ойда бир фильмимиз чиқади. Томошабинлар кўрганида кулиб-кулиб чиқиб кетишса, маданий хордиқ олиб кетишса бўлди. Концерт, кино нима учун, маданий хордиқ учун менимча. Тарихида ҳам шундай. Кўп санъаткорлар бу соҳага киришдан олдин тарихини ўрганади. Биз ҳам тарихини биламиз. Санъаткорни вазифаси инсонларни ҳаётий ағдар-тўнтарлардан ечиб олиб, касалдан қутқариш. Инсон муаммоларни унутаман, маданий хордиқ чиқараман деб, концертга боради, кинога тушади. У ерда яна шу нарсани кўрса, у ерга қайта бормай қўяди. Фарзандли бўлганлар билади, агар ота-она мисолида тушунтирсам, кўчада муаммолари бўлса ҳам, уйга қайтганида фарзанди кулиб, "ойижон, адажон” деса, бор ташвиши, пир этиб чиқиб кетади.
Фильм ҳам уларни боласи-дек, халқни фарзандидек деб қарайман. Агар ота-она уйга борса, фарзанди сўрашмаса, гаплашмаса, хўмрайиб ўтираверса, унда яна ҳам ёмон таъсир қилади. Фильмда ҳам одамни хурсанд қиладиган, кўнглини кўтарадиган нарса бўлса, ўша одам муаммосини унутиб юборади.
"Шомурод ва Дурдона” фильмида шахсан ўзим гувоҳ бўлиб кўрганман, эшикни тагида урушиб, аразлашиб турганлар, фильмни кўргач, кулиб, ярашиб, "ҳа онаси” деб, аёли билан бирга қучоқлашиб, чиқиб кетаётганлигини. Фильмни таъсири бу. "Шомурод ва Дурдона” фильмини премьерасида, мени ёнимга келиб, менга "Барака топ болам” деб дуо қилиб кетганлар бўлди. Баъзилар танқид гаплар ҳам айтишган. Лекин, бу ерда ҳам тарбия бор. Фильмда эр-хотинлар бўлар-бўлмасга уришаверади. Биз буни юмор орқали бердик. Бунда ҳаётдаги эр-хотинлар ўзини, ўзларини жанжалларини кўриб, кулиб, бир-бирига "мен шундай қиламанми, арзимаган нарсага уришаманми” деб, бир-бирига яхши гапириб, кўнглини кўтариб чиқиб кетишяпти. Яъни, кулги билан тарбия ҳам бериляпти. Ёши катта, 60 ёшли бир инсон мени келиб дуо қилди: "Барака топ болам, ҳар куни уйимда майда-чуйда гап, жанжал эди. Шу фильмингни кўриб, роса кулдик, қойилмиз! Энди холангга айтдим, яна уйда жанжал бўлса, шу фильмни эслатиб, бирга кўрамиз” деб.
4. Ёққани учун ҳам куйлаганман. Ёқмаган қўшиқни айтмаймиз.
1. "Акфа Медиа”ни рахбарлик лавозимига, ижодий тажрибаси кўп инсон сифатида Зиёдани ўрнига ўзингизни лозим деб ўйлайсизми? Олдиндан раҳмат. САИДА
Жаҳонгир Позилжонов: - 3. (хайрон бўлиб, кулиб) Ўйлаб кўрмаганман. Хаёлимга ҳам келмаган.
Салом, "Божалар” яна ким билан дуэт айтиш ниятингиз бор? Лола билан дуэт айтишни ҳоҳлармидингиз? "Божалар” билан Лолани йўналиши умуман бошқа-бошқа, агар бирлаштириб дуэт айтсалар, санъатда катта портлаш бўлиши ҳақида ўйлаб кўрганмисиз? Шогирдингиз Шаҳзод Раҳимов нега кўринмаяпти? DEMI
Жаҳонгир Позилжонов: - Яна кимлар билан дуэт куйлашимиз ҳозирча сир. Аниғи, хонанда Райхон Ғаниева билан концертда дуэт куйлаймиз. Лола билан дуэт? Бўлиши ҳам мумкин. Ҳозирча билмадим.
Шаҳзод Раҳимов нега кўринмаётганини билмадим.
Салом, 1. Райхон билан бу йил ҳам дуэт айтасизларми?
2. Нимага Райхон сизни фильмларингизда умуман ўйнамайдилар?
3. Шахзода билан ҳам дуэт айтишни ҳоҳлармидингиз? XOJAK
Жаҳонгир Позилжонов: - 1. Ҳа.
2. Бу ҳақида ўйлаб кўрмаганмиз.
3. Ҳоҳлардим.
1. Жаҳонгир биринчи марта кайси вилоятга гастролга боргансиз?
2. Жаҳонгир сизга фақат битта соҳани танлаш юклатилганда, кинони танлармидингиз ёки хонандаликни? Жавоблар учун олдиндан раҳмат. XAYRULLO
Агарда қўшиқчилик билан актёрлик ўртасида биттасини танлаш керак бўлса, қайсинисини танлардингиз? Нима учун? БОНУ
Жаҳонгир Позилжонов: - 1. Эслай олмайман.
2. Бундай бўлиши мумкин эмас!
Нега сиз "Аччиқ ҳаёт”ни the notebook деган кинодан кўчиргансиз, арғимчоқда танишган жойлар, ерда ётишлар, нега? VASILA
Жаҳонгир Позилжонов: - Бундай фильмни биринчи эшитишим!
Саволим қуйидагича, фарзандларингиз исми нима ва ёши неччида?
Кўпроқ Адасига ўхшайдими ёки ойисигами характери? ANGELOCHKI
Сир бўлмаса кизалоғингиз Райхон неччига кирдила? MUSULMAN
Жаҳонгир Позилжонов: - (жилмайиб) Қизим Райҳон 2 ёшда, ўғлим Ғайратжон 9 ойлик. Адасига ҳам ойисига ҳам ўхшашади.
Саволларим:
1. Ўғлингизни исми нима?
2. Уларни санъаткор бўлишини ҳоҳлайсизми?
3. Шахзода ёқадими ёки Райхонами?
4. Кийимларингиз жуда ҳам ўзгача, атайлаб шунақа кийинасизми, ўзингизга ярашади, ҳамма кийимингиз ҳам, ҳаракатларигиз ҳам. Маза қилиб, кулиб ўтираман қилиқларингизга.
5. Рухшонани жуда яхши танийман. Нимага энди фақат машҳур бўлиши учун, у билан дуэт куйлайсизми?
6. Сиз жуда ҳам кўп қийинчиликларни бошингиздан кечирган экансиз? "Жуманжи”да айтгансиз. Қанақа қилиб, "Қувноқлар ва Зукколар” да "Шоввозлар”га қўшилиб қолдингиз, кимдир сизни таклиф қилдими ё ўзингиз бордингизми?
7. Қанақа ўқишни тугатгансиз, неччи ёшдан бошлаб ўқишни бошлагансиз, лекин биламан қўшиқчиликни кеч бошлагансиз.
8. Тўйингизни ҳамма оммага кўрсатишни ўзингиз ҳоҳлаганмисиз, ҳамма ҳозирги кунда тўйларни реклама қиладими ё шунчаки бизнес учунми? Сотиб пул ишлаш дейди-ку, шунинг учунми, фақат қўшиқчилар шу тўй қилиб яна тўйни харажатини кўтариш учунми дискларни чиқариб сотади. Ҳайронман, бунга фикрингиз?
9. Тузалиб кетдингизми? Авариядан кейин оёқларингиз яхши битдими? Мен фақат шуни ўйлайман, ишқилиб, илоҳим соғ-саломат бўлиб, бизни кулдириб юринг, касал бўлманг, сиз бизга кераксиз. Ўзимни авайлайман, сизлар учун оилам учун деб бизга сўз беринг. Шунақа десангиз бўлди, мен хурсандман.
10. Сизни битта видеоингиз бор. "Youtubе"да кўрганмисиз, йўқми, билмадим. Лекин, у ёқда қозоқлар сизни ўраб олган бутун расмга тушиб police officeda. Билмадим, сизни кўринишингиз қўрқиб тургандек, раҳматли Мўмин ҳам қўрқиб тургандек туюлган. Нима учун сизларни қўрқитгандими бирор нима деб, чунки улар унчалик яхши эмас-де баъзилари? Узр. SITORA
Жаҳонгир Позилжонов: - 1. Айтдим.
2. Йўқ.
3. Ҳамма, менга ҳамма ёқади.
4. Билмадим, кийинишим ўзи шундай. Санъатга кирганимдан кейин эмас, ўзи ёшлигимдан шундай кийинаман.
5. (кулиб, камтарлик билан) Мен машҳур бўлишим учун, у билан дуэт куйлаяпман.
6. Жавоб берилди.
7. Театральныйдан отчисление қилиб юборишган. Режиссурадан.
8. Йўқ, студиядан чиқариб юборишган. Бу ҳақида юқорида айтдим. Ҳамма ҳам тўйини дискда чиқаришни ҳоҳламайди. Лекин, қаерлардандир чиқиб кетади. Қўшни, қариндошлар бир кўрай дейди, берса кўчириб олишади. Кейин сўрашса, менда бор дейди, шундай қилиб чиқиб кетади. Атайлаб қилинмайди баъзида.
9. Тузалиб кетдим. Соғлиғим яхши. Лекин, руҳан тузалиш қийин.
10. Расмга тушишган. Йўқ, нега қўрқаман? (кулиб) Одамлар расмга тушса, шундай тураман-ку.(кўрсатиб беради) Улар навбатга туриб, расмга тушишган. (ҳайрон) Нимаси ёмон буни? У ерда ҳеч қандай қўрқув йўқ.
Бизда ҳам "Comedy Club” ўхшаган кўрсатув қилиш фикрига қандай қарайсиз? DILSHOD
Жаҳонгир Позилжонов: - Билмадим, ўйлаб кўрмаган эканман.
Нечанчи йил туғилгансиз? JAHONGIR
Жаҳонгир Позилжонов: - 1978 йил туғилганман.
Мени шогирдликка олмайсизми? JAHONGIR
Жаҳонгир Позилжонов: - Ҳозир шогирдликка олиш ниятим йўқ.
Фамилиянгиз паспортда ҳам Позилжоновми? Ёки Фозилжонов? Нима учун Позилжонов? ROZIYA
1. Фильм титрларида, газеталарда фамилиянгиз хар хил ёзилади: Позилжонов, Фозилжонов,,,. тўғри ёзилиши қандай?
2. "Қувноклар ва зукколар"даги иштирокчиларни киноларингизга таклиф қиляпсиз, сабаб: текин рол ўйнаётганлиги учун, иқтидори борлиги учун, ошначилик ёки ,,,,,?
3. Қайси хонанданинг ижоди, сизнинг-ча бачкана, нима учун? XAYRULLA
Жаҳонгир Позилжонов: - Позилжонов!
2.Чунки, мен ўзим ҚВЗ (КВН) дан чиққанман. Қийинчиликларни кечиб ўтганман, менга ҳеч ким ёрдам бермаган. Мана сенга ашула, мана сенга кинодан роль демаган. Бошимиздан ўтган кечинмалар кўп бўлган. Шунинг учун, ўзимизга ўхшаган қизиққан ёшларни иқтидори борлиги учун, кинога оляпман. Айнан шу ҚВЗ (КВН)ни менга фойдаси текканлиги учун ҳам, ҚВЗ (КВН) да юрганларга ёрдам беришни яхши кўраман. Текинга ўйнаши учун эмас, чунки у ердаги болаларни иштиёқи, маҳорати бор. Ўша иқтидорли болаларни жалб қиламан!
3. Мен бачкана хонандаларни билмайман.
Қизчаларини исмини Райхон деб қўйганлар, бунга сабаб, санъаткор Райхонга хавас қилганларми ёки шунчаки бу исм уларга ёққанми? DILAFRUZ
Жаҳонгир Позилжонов: - Райҳон ўзи чиройли исм бўлгани учун ва менга ёққани учун, шу исмни қўйганман.
1. Концерт, тўйларда бўлган қизиқарли воқеалар?
2. Чет давлатларидан қайсиларида бўлгансиз?
3. Қайси чет тилларини биласиз?
4. Комедиямас, кино олиш хам режангизда борми?
5. Тарихий фильм олишингиз мумкинми?
6. Қайси қўшиқчиларга ҳавас қилгансиз?
7. Сизни ТВ да бирор лойиҳа билан кўришимиз мумкинми?
8. Охирги пайтда маъюс қўшиқлар айтмаяпсиз. ("Ол бу дардимни”, "Кечир мени” . . .) Бунга сабаб нима?
9. Сиздан кутилаётган янгиликлар?
10. Қайси газета, интернет сайтни ўқийсиз?
11. "Sayyod” (Сардор Камилов) ҳақида фикрингиз.
12. "Sayyod.com” сайти фан-клублари учрашуви бўлса келасизми?
13. Сизга ёқмаган саволлар
14. Жавоблар учун раҳмат. Саволлар кўплик қилмадими? GIYOS
Жаҳонгир Позилжонов: - 1. Ўзи юриш-туришимиз қизиқ.
2. Кўп жойларда, Америкада, Ҳиндистон, Арабистон, Хитой, Дубай, Туркия, Россия, Марказий Осиёни ҳаммасида.
3. (самимий) Она тилим, Ўзбек тилини биламан!
4. Йўқ
5. Қийин масала.
6. Ҳаммага, устозим Т.Содиқовга.
7. Йўқ, қийин.
8. Одамларга хурсандчилик улашиш керак.
9. Янги фильм, янги ижод.
10. Охирги пайтда вақт етмаяпти. Лекин, "Даракчи” га бир-бир кўзим тушиб қолади ва "Sayyod”га бир-бир кириб тураман.
11. Яхши, лекин озгина танқидий фикрларим ҳам бор. Баъзида шахсий нарсалар ҳам ёзилади, лекин тўғри ёзилади. Яъни, "интрига” сифатида ёзилади. Буни мен тўғри қабул қиламан. Лекин, халқ, масалан, бошқалар, қўшнилар бошқача тушунишади. Масалан, "Адиз ва Дилноза бирга” деб ёзгансизлар. Бу фильмда! Жуда яхши биламан! Лекин, одамлар буни, "улар бирга экан, бирга яшашаётган экан” деб тушунишади. "Нега ундай деяпсан?” деса, "Ана, Sayyod.com” га ёзиб қўйишибди! дейишади. (кулиб) Илтимос, ўшани "Янги фильмда бирга” деб ёзиб қўйинглар. Бундай "интрига”ли сарлавҳалар шов-шувга сабаб бўлади, тушунаман, биламан. Бу сизларни ютуғингиз. Лекин, бироз ёмон тарафи ҳам бор. Янги фильмда деб ёзилса, шов-шув бўлмайди, янги фильм чиқаётган экан дейишади. (кулимсираб, самимий) Лекин, барибир "Янги фильмда бирга” деб ёзганингиз яхшими?
(Жахонгир ёки унга айтган у мухлислар қаерга қарашгани қизиқ, баннерда "Фарзандим" янги фильм деб катта қилиб ёзилган эди-Sayyod)
12. Агар хизматлар бўлмаса, таклиф бўлса, вақтимизга қараб келамиз.
13. Шахсий саволлар. Бошга тушган кулфат, ютуқ, яхши-ёмон кунлар ҳақида, одамларни, «Нима учун ютиб олдингиз? ёки Нима учун бундай фалокат? » деган саволлари. Буни ҳаммаси худодан. Ҳаммасини Худо беради. Бекорга эмас, синовли. Ҳаммасига шукрона қилиб яшаш керак.
Ҳамма ёшлигида уришади ва калтак ейди. Сизни ким энг ударный калтак билан меҳмон қилган ва нима учун? ''XXX''
Жаҳонгир Позилжонов: - Кўп калтак еганман. (кулиб) Исмини эслаб қолмабман.
Феруза: - "Экспрессо” лойҳаси сизга ёқдими ва лойиҳа ҳақида фикрингиз?
Жаҳонгир Позилжонов: - (кулиб) Ёқди. Фақат инсонни шахсиятига, шахсий ҳаётига боғлиқ саволларни ўйлаб-ўйламай беришлари ёқмади. (Кулиб) Лекин, ҳамма савол берган ва бермаган мухлисларга раҳмат!
Феруза: - Ўзингиз журналист бўлгангизда қандай савол берган бўлардингиз?
Жаҳонгир Позилжонов: - (кулиб, хазил билан) Мен журналистларга савол берган бўлардим. (Менга қарата) – Ҳорманглар, чарчамаяпсизларми, ёрдам керак эмасми? деган бўлардим..
Жаҳонгир Позилжонов билан суҳбат қизиқарли ўтди. Суҳбат давомида, мухлислар томонидан берилган жуда "оғир” саволлар ўқилган вақтида ҳам, баъзилар каби ўта асабийлашиш, "ҳеч қандай саволга жавоб бермайман” деб қайсарлик қилиш ёки "бошқа жиддий ҳолатлар” кузатилмади. Билмадим, лекин маданият ва пунктуаллик борасида, Жаҳонгир Позилжоновдан бемалол ўрнак олса арзийди деб ўйладим. Фақат, хонанданинг илтимосига кўра, маданият доирасига тўғри келмайдиган, ўта шахсий саволлар олиб ташланди. Бу эса, "Экспрессо” учун, одатий ҳолга айланиб боряпти назаримда. Буни сабаби, мухлислар томонидан саволларни ўйламай берилиши бўлса керак. Нима бўлганида ҳам, инсонлар ҳаётда бир-бирларини бекорга дилларини оғритмасликлари керак деб ўйлайман. Аввало, инсон бировга савол бераётганда ҳам, жавоб берувчини ўрнига ўзини қўйиб, ўйлаб, маданият доирасида савол бериши керак назаримда.
Феруза Фаттохова
sayyod
|