Ижодкор Баҳром Ёқубовни ўн беш йилдан бери танийман. Оддий сўзларни ҳам қўл ҳаракати билан бойитиб, гўёки бир томошанинг иштирокчисига айлантиришга қодир бу инсоннинг илк премьераси "Сарвиноз” эди. Очиғи, дастлаб чиққан тижорат фильмлари каби юзакилик бордир, деган фикр билан премьерага тушгандим. Адашдим. Кейинги "Сарвиноз-2”, "Ромео ва Жульетта”, "Ташландиқ”, "Суперкелинчак”, "Ичкуёв” фильмлари томошабинда қанақа муносабат ўйғотишини кузатиб бориш қизиқ бўлган. Негаки, бу одамнинг киноларида меъёр сақланади. Унинг бугунги куни қай бир меъёр билан ўлчанмоқда? Мени қизиқтирган савол сизларга ҳам қизиқ бўлса, суҳбатга қулоқ тутинг.
— Аввалгига нисбатан ўта эмоционал бўлиб қолибсиз, чоғи?
— Авваллари мендаги ҳис-туйғулар болалик билан боғлиқ эди. Улғайганим сайин бўлаётган воқеалар сабаб кўзим каттароқ очилаётгандай гўё, ҳаётни янада чуқурроқ ўрганаётгандайман. Яхши ижодкор доимо болаларча беғубор бўлиб қолади, дейишади. Аммо фақатгина беғуборлик билан узоққа боролмас экансан. Негаки, ҳаёт шу қадар мураккаб ва ўнқир-чўнқир экан-ки, кўп қоқиласан, хаттоки йиқиласан.
— Бу урилишми ёки тажриба орттиришми?
— Ҳа, буни урилиш ёки қоқилиш эмас, кўпроқ тажриба орттириш, деган бўлардим. Нимаики бўлмаса, ҳаммаси яхшиликка эканлигини жуда яхши тушунаман.
— Анчайин файласуф бўлиб қолибсиз...
— Файласуфлик қилмаяпман. Ҳаётда ўзимнинг дунёқарашим, нуқтаи назарим бор. Улар юрагим ва ҳиссиётларим билан чамбарчас боғлиқ. Бунақа ҳиссиётларга берилиб кетиш кимга зиён? Балки ўзимга зиёндир, соғлиғимга зиёндир... Мен улғаяпман (кулиб). Кўзим янаям очилаяпти ва сезиб турибман, ҳаётимнинг охиригача кўзим каттароқ очилаверса керак. Бу ўрганиш жараёни, аммо у ижодкор учун оғир жараён экан. Балки бошқа касб эгаси бўлганимда, ҳаммаси бошқача, бу қадар мураккаб бўлмаган бўларди. Чунки, бизни касбимиз ҳаёт билан чамбарчас боғланган-да. Ҳаётдан бир қадам ҳам четга чиқолмаймиз. Битта эртак кино бўларди: бирон ҳайвонни тирилтириш учун қаҳрамон ўз қонини беради. Бизни касбда ҳам шундай-ки, ҳар бир янги асарингиз билан этингизнинг бир парчасини кесгандай бўласиз, яъни ўша асарингизга қон берасиз, жон берасиз.
— Мантиқий "сизга бу керакми?”, деган савол туғилади?
— Бу саволни ўзимга-ўзим берадиган бўлсам, "менга бунинг умуман кераги йўқ”, деган мантиқий жавоб келиб чиқади. Аммо ақл билан эмас, юрак билан ўйласам, "бу жараён менга боғлиқ эмас”, деган хулоса ҳам туғилади. Ижод менинг кислородим, менга кислород керак. Ижодсиз кислороднинг йўли қисиб қўйилгандай бўлади. Шунда мен учун ҳаёт тугайди. Нафас олиб юришим учун фақат битта йўлим бор — ижод қилиш. Менинг ижодим ҳеч қачон тўхтамаган.
— Тўхтамаган, дедингизми?
— Ҳа, шунақа. Кино яратмасликка мени ҳеч ким мажбурлай олмайди. Бу дегани, киноларим албатта томошабингача етиб боради дегани эмас. Шундай режиссёрлар бор-ки, "Юрагимдагини ташқарига чиқардим, сочиб ташладим. Керак бўлса, териб олишсин, керак бўлмаса, теришмасин. Чиқармасам, ёрилиб ўламан”, — дейди. Менам худди шунақаман. Чиқариб ташлайман. Ҳар қанақа йўл билан бўлсин, юрагимдаги дардимни барибир ташқарига чиқариб ташлайман! Ичимдаги дардимни ташқарига чиқара олсам ва халқ буни тушуниб, олқишласа — мана шу мен учун бахт (мулойимлик билан).
— Буни адреналин билан таққосласа бўладими?
— Худди шунақа! Мен учун адреналин — бу кино санъати. Яратган фильмларингиз мисоли фарзанддай. Энг тўнғич "фарзандим” — "Сарвиноз” фильмини кўп эслайман. У аллақачон оёққа туриб олган, мустақил ва унинг ҳаёти мени унчалик қизиқтирмайди. Менинг энг кенжа "фарзандим”, сўнгги фильмим қизиқтиради. У ҳали оёққа турмади, атак-чечак қилганини ҳали кўрмадим. Қачонки, халқнинг эътиборига тушиб, мазза қилиб кўриб, олқишласа, ўша мен учун бахт. Мана шу адреналин.
— Қизиқ, ижодга бўлган талпинишингиз девоналарча. Бу қизиқиш қачондан пайдо бўлган?
— Ижодга қизиқишим болаликдан бўлган. Эртакларни яхши кўрардим. Саккиз ёшимдан эртак ёзишни бошлаганман. Сингилларим, ўртоқларимга ўқиб берардим. Ҳалигача менинг фильмларимда яхши маънода, эртак бор. Ҳаттоки, ёмонлик билан тугайдиган воқелик тагида ҳам яхшилик бор. Ҳар бир инсон эса ҳаёт ташвишларидан бироз чалғиб, эртаклар оламига киргиси, реал ҳаётдан романтик ҳаётга ўтгиси келади, орзу қилади, интилади. Агар ўша романтик ҳаётни кўрмаса, уни хаёл қилишни бошлайди. Хаёллар билан умри ўтади. Мана шулар киноларимда бўлиши керак. Катта бўлганим билан болалигимдаги эртаклар барибир мен билан қолди, фақат мураккаб шакл олди. Қанчалар мураккаб бўлмасин, у барибир эртак, яъни хаёллар, севги-муҳаббат дунёси. Халқимиз бекорга "нима, бу сенга киноми?”, дея гапирмайди. Негаки кино, хоҳлайсизми, хоҳламайсизми, бу эртак. Бу ёлғон дегани эмас, яхшиликга ва эзгуликка чорлайдиган эртак. Мана шу нарса албатта ҳар битта фильмда бўлиши керак. Шундагина томошабин таъсирланади, шундагина зал томошабинга тўлади.
"Суперкелинчак”ни олганимда, устимдан кулишганди: "Баҳром ака, охири сиз ҳам қайнона-келин мавзусини кўтардингиз-а?!”, дея. Йўқ, мен ўзбек онаси, ўзбек қайнонаси ҳақида кино олгандим. Бу фильмни фақат битта жумла учун олдим десам ҳам бўлади. Ўша қайнона: "Нима иш қилиб қўйдик, қўшни?! Болаларимнинг юрагини оғритиб қўйдим-у”, дея йиғлайди. Ваҳоланки, ўғлига яхшилик тилаб шу ишни қилади.
— Адашмасам, бу вазиятни ҳаётингиздан олгансиз?
— Ҳа, бу ўзимни ҳаётимдан олинган. Қайнона учун прототип онам бўлган. Биласизми, раҳматли онам мени кўз қорачиғидай асрарди-ки, ҳатто мустақиллигимни чегаралаб қўйишгача борарди. Яна бир дардни ўз ҳаётимдан олганман. Менга қаттиқ таъсир қилган ҳодиса: опам икки фарзанддан кейин учинчисини туғолмай ёшгина ўлиб кетган. Охирги фильмларимдаги қаҳрамонлар опамнинг характерига ўхшаш. Отам ва онамни йўқотишдан ҳам оғир ботгани — дўстим, сирдошим, фикрдошим бўлган опажонимнинг 29 ёшида ҳаётдан кўз юмиши бўлган. Шунинг учун "Фотима ва Зуҳра”даги Фотима, "Суғдиёна”даги Суғдиёналарнинг прототипи — ўта ориятли, мағрур, бир сўзли, енгилмас опам. "Мажруҳ” ва "Зирапча”даги қаҳрамонларда ҳам опамнинг феълини кўриш мумкин. Раҳматли опам менинг идеалим ва умримнинг охиригача шундай бўлиб қолса керак.
— "Мажруҳ” фильмида "Дунёда қизлар кўп, жудаям кўп, аммо эркак киши учун фақат биттаси керак экан”, дейилган. Кинодаги ғоялар ҳам ҳаётингиздан олинганми?
— Худойим фақат битта аёл, у ҳам бўлса, жуфти ҳалолинг билан умр кечиришингга имкон беради. Аёлим билан яшаётганимга йигирма етти йил бўлди. Агар ҳаётимда буюк (!) Ромео ва Жульетта севгиси учраган тақдирда ҳам мен ҳеч қачон хотинимни алишмайман! Ҳеч кимга! Бу "хотинимни севаман ва у сиз яшолмайман” каби баландпарвоз гап эмас. Гап шундаки, у билан бизлар бир бутунмиз. Яқин инсонимни йўқотишдан жуда қўрқаман. Йўқотиш нималигини жудаям яхши биламан... яқинларимни кўп маротаба йўқотганман. Ҳар қанақа ақлни оздиргувчи севгига мубтало бўлган тақдирда ҳам аёлимдан воз кечмайман, негаки у менинг ярмим. Инсоннинг ярми бўлмаса, яшашдан мақсад нима?
— Ижодкор билан суҳбат бўлганда, сўнгсўз ўрнидаги бериладиган анъанавий саволни суҳбатнинг ўртасида берсам...
— Кейинги режаларми? Вой, кўп режаларим. Аммо мен бугунги кун билан яшайдиган ижодкорман. Ҳозир, дейлик, менга қайнона-келин мавзуси қизиқми, уни ичига кириб, фалсафа қилгим келади. Эртага журналистлар ҳақида кино қилгим келса, уларнинг ҳаётига чуқур-чуқур кириб кетаман. Игна билан қудуқ қазигандай уларнинг дардини топишга интиламан. Тарихий фильмларга келсак... бадиийликдан узоқлашиб фақат тарихий фактларни етказадиган фильмлар олиняпти. Ваҳоланки, тарихий шахсни ўрнига ўзингни қўйиб кўр, унга юрагингни бир бўлагини бер, жон ато этиб кўр... Мен Ибн Синони жонлантиргим келади. Улуғбек, Беруний ҳақида фильм олгим келади. Уларни ўтмишнинг бир бўлаги сифатида эмас, бугунги кундаги шахс сифатида кўргим келади.
Кино — бу юрагингизнинг бир бўлаги. Агар томошабин сиз билан бирга нафас олмаса, у кинони ҳеч кимга кераги йўқ. Кино қаҳрамон ва томошабин ўртасида кўринмас ришта пайдо бўлиш керак. Томошабинни ўз киносига ҳамдард қилишлик — бу режиссёрнинг маҳорати. Кинонинг муваффақияти 99 фоиз режиссёрга боғлиқ. Янги чеҳраларни кашф қилиш ҳам режиссёрнинг зиммасида. Бир хил актёрларни ишлатавериш ҳам ярамайди. Нега режиссёр янгиларни кўрмаяпти? Бунақада кино ўлади-ю. Томошабин "Фильмда қайси актёр суратга тушибди?” эмас, "”Фильмнинг режиссёри ким?” деган савол билан кинога тушса, шунда янги юлдузлар кашф қилинади, киноимиз янада ривожланади. Дейлик, "Аватар”да биронта мега юлдуз ўйнамаган, аммо ўтган йилнинг энг кассабоп фильмига айланди. Нега? Режиссёри Жеймс Кэмерон бўлгани туфайли.
— Бу дегани, "Аватар” сизга ёқади?
— "Аватар” менга ёқади. "Титаник” ҳам ёқади. Улар ҳам кассабоп, ҳам улкан ғояси бор бадиий асар ҳисобланади. Мана шундай тилда ижод қилишни ўрганишимиз керак. Яъни, аввал халқни тилини, дилини ўрганиб, кейин ана шу тилда кино яратиш керак. Режиссёрлар — асар яратувчилар, актёрлар эса — етказиб берувчилар. Худди мусиқадаги каби: яратувчи Страдивари етказиб берувчи скрипкадан фойдаланган. Афсуски, кино икки тоифага бўлиниб қолган. Нафақат ўзимизда, балки бутун дунё бўйича шундай. Биринчи тоифа — фестивал ва кўрикларда иштирок этадиган кинолар ва иккинчиси — кассабоп фильмлар. Уларнинг ўртасида эса катта жарлик бўлиб қоляпти. Буюк режиссёрлардан бири: "Мен мана шу жарликни тўлдиришга ҳаракат қиламан”, деганди. У мени дилимдаги гапларни гапирди. Менам худди шунақа ижод йўлидан кетяпман.
Назира ИНОЯТОВА
Darakchi gazetasi
|