Дунёни ларзага солган "АВАТАР” фильми
атрофида оламшумул воқеалар сони ортиб боряпти. Бу фильм қаердан ҳам
экранга чиқди, дея афсусланаётган режиссёрлар ҳам йўқ эмас. Намойишни
деярли шу фильм билан бирга бошлаган бир қатор фильмлар бугун ҳатто
сафрланган пулини ҳам тўплай олмай, таназзулга юз тутяпти. Шулардан
бири, Тимур Бекмамбетов продюсерлик қилган "Черная Молния”
картинасидир. Бу қаторни эса анча фильмлар билан давом эттириш мумкин!
Яна айрим режиссёрлар эса, ҳамкасбидан ортда қолиб кетмаслик учун тўлиқ
суратга олиб бўлган фильмларини қайтадан 3-D шаклда яратиш учун бел
боғлашди. "Аватар” 3-D кинотеатрлар тизими ривожига ҳисса қўшгани
қувонарли ҳол бўлса, шундай кинотеатрларда картинани томоша қилган 3
миллиондан ортиқ буюк британияликлар қаттиқ руҳий зарба олиб
шифокорларга мурожаат қилгани ачинарлидир! Куни кеча эса Нью Йоркда
бўлиб ўтган "Олтин глобус” тақдимотида "Аватар” "Энг яхши режиссёр” ва
"Энг яхши фильм” номинацияларига лойиқ топилди! Кечага ташриф буюрган
ўнлаб холливудлик машҳур юлдузларнинг барчаси ушбу картинани томоша
қилган бўлиб, ўз меҳрларини олқишлари билан изҳор этишди. Жулия
Робертс, Леонардо Ди Каприо, Кейт Уинслет, Сандра Баллок кабилар шулар
жумласиндандир.
Айни пайтда "АВАТАР” дунё кино
тарихида энг кўп маблағ йиққан фильмлар рейтингининг иккинчи ўрнини
забт этди. Ваҳоланки, деярли 2 миллиард доллар маблағ йиққан "Титаник”
фильми ҳам "Аватар”ни яратган режиссёр, Жеймс Кэмэроннинг ёрқин ижод
намунасидир! Кэмэрон сўнгги интервьюларида шундай дейди: "Агар
"Титаник”ни суратга олиш ғояси 1996 йилда эмас айни пайтда туғилганида
эди, йирик декорациялар қуришимга ҳожат ҳам бўлмай, у қадар кўп
қийинчилик кўрмаган бўлардим. Кино техникасида айни даврда кечаётган
асрий тарақиёт менинг энг яқин маслакдошим бўларди!” JASUR HAMROYEV
|