Бу йигит илк бора қўшиқ куйлаб чиққанида ҳаммани ҳайратга солганди. Авваламбор, хуш овози, гўзлар тароналари... ғалати қилиқлари! Айнан шу сўнгги хислати, унга бўлган қизиқишни жуда орттириб юборди. Самандарни ўзича рақсга тушишини билардик... Бироқ, Аслбекнинг рақслари, хоҳ арабча, хоҳ озарбайжонча бўлсин минглаб телетомошобинлардан кимнидир хурсанд қилди, кимнидир танқидига сазавор бўлди. Иккита таронаси “Бойлама” ва “Ўзбегим гўзаллари” орқали бутун республика миқёсида танилиб кетди. Энг қизиқарлиси, прома учун ҳеч қандай пул сарфламади! Телеканалларда клипи бот-бот айланиши учун “тонна”лаб пул тўламади! Видеоқароқчилар асилбекни танитди-қўйди! Айни пайтда бу хонандага талаб жуда катта. Негадир пойтахтга таклиф этилса, келмайди. У танилгани сайин миш-мишлар болалади. Кимдир Асилбек Шерали Жўраевнинг ўғли деса, бошқа бироқ бир тўйда у рақсга тушмагани учун роса дўппослашибди, деди... Муҳими, у ижодини яхши давом эттира олди. Оилада ёлғиз ўғил бўлмиш бу хонанда уйланди ҳам! Бироқ, қизларнинг муҳаббати сўнганича йўқ! Агар, унинг саҳна пластикасини омма бачканаликка йўйса, бугунги ижодини кузатиб жиддийликка қадам босгани ҳақида хулоса қилади. Асилбек Неъматов яқинда янги видеоальбомини мухлислар ҳукмига ҳавола этди! Ушбу мини-концерт Бобур Мирзо руҳи покларига бағишланиб, Андижондаги шу улуғ бобомиз ёдгорлиги олдида жонли равишда ўтказилган. Унда Асилбекни умуман танимайсиз. Ёши улуғ инсонлардек виқор билан, жуда жиддий тарзда фикрлар билдириб, ҳатто бир марта жилмаймаган ҳам! Эксклюзив интервьюда сизни қизиқтирган кўп мавзуга тўхталдик.
-Бундай жиддий мавзудаги видеони чиқаришдан мақсадингиз нима эди? -Битта жойда қотиб қолмай, дедимда. Одамларни ижодимнинг енгил томони билан жалб қилиб, кейин жиддийликка ўтиш эди, асосий мақсад. -Бу жиддийлигингизни қандай қабул қилишяпти? -Кутилганидек. -Нима, энди рақсга тушмайсизми? -Тушаман. Бу менинг санъатга киришимнинг “изюминка”си бўлди-ку! Рақс сирларини Майкл Жексондан ўрганганман. -Лекин Майклнинг рақсларидан асар ҳам йўқ, сизда! -(кулади) Аслида Таркан ва Майклнинг рақсларини “гибрид” қилганман. Ҳали ғоялар кўп. 30 дан кейин рақсга тушмасам керак. Бироқ, 24 яшар йигитга ярашади! Тўғрими? Бунинг ёмон томони йўқ. -Рақсларингиз ўзингизга бачкана туюлмайдими? -Кимларгадир бачкана туюлса керак. Бунинг сабабини яхши биламан. Рақсга тушганларим яхши суратга олинмаган.”Чинобод”даги арабча рақсим қандай оммага чиқиб кетганини билмаганман. Феруза Жуманиёзова билан куйлаган дуэтимизда ишланган клипимдаги рақслар ўзимга ҳам ёқади. Ҳақиқий рақслар ҳали олдинда! -Нега пойтахтда ижод қилмайсиз? Тошкентда имкониятлар кўп. Вилоятда танилиб олган қўшиқчи борки, пойтахтда тезроқ танилишга шошади... -Тошкентни яхши кўраман, ҳатто, Андижонда топмаган обрў-эътиборимни пойтахтда топганман. Андижон эса мен учун илҳом манбаи. Бу ердан кетсам ўзимни йўқотиб қўяман. -Кўпчилик пойтахтга таклиф этилсангиз-да, ваъда бериб тўйларга келмаслигингиздан норози. Ҳатто, Сардор Рахимхон ҳам... -Ёлғиз фарзандлигим учун эркаланиб қолганман.(кулади) Кўп жойдан талаб бўлади. Ҳамма жойга улгура олмайман. Вертолётим бўлса ҳамма жойга улгурсам... -Амаллаб саволдан қуруқ чиқиб кетдингиз! Майли. Видеода бир нарса мени ажаблантирди. Сиз юрган автомашинага “Asilbek” ёзуви ўрнатилган. Бу нима? -Шундай эмблема совға қилишди. Мен ҳам ёпиштириб қўйдим. Бировларга қандай таъсир қилиши ҳақида ўйламабман ҳам. -Ҳаракатларингиздан устоз ҳофиз Шерали Жўраевни такрорлаб қўймаяпсизми? -Йўқ. Омманинг талаби ҳам шу-да. Мендан Маъмуржон Узоқовни, Ботир Зокировни кутишмайди. Овозимни қайсидир тарафлари ўхшагани учунми? Шерали ҳофизни ўзим ҳам ёқтираман. Албатта қўшиқларини тинглаб тураман. Унинг мусиқасини эшитиб, миллийликни, куй басталашни ўрганганман. -Шоҳ Жаҳон ва Зоҳиршоҳ Жўраевлар ижодига муносабатингиз? -Яхши. Уларнинг ижодини кузатаман, эшитаман. Зоҳир ҳали ёш. Шоҳ Жаҳонга кўпроқ эътибор қаратилган. -Улар сизга рақобатчи бўлиши мумкинми? -Одамларнинг кўзида бўлса, ҳа! Ўхшаш томонларимиз бор. Буни мен ҳалигидай менсимасдан гапираётганим йўқ. Йўлларимиз бошқа-бошқа.Уларга ҳасад кўзи билан қарамайман. -“Шералининг орттириб олган ўғли” деган миш-мишлар тиниб қолдими? -Анча тинди.(кулади) -Ҳозир концерт беришингизга талаб бор. Имкониятни эса қўлдан бой беряпсиз... Ахир, ҳар бир давр ўткинчи! -Фикрингизга юз фоиз қўшиламан. Концерт кунини белгилаб қўйганман. Яқин қолди! -Оила қанақа бўляпти? Келин мухлисаларингиздан рашк қилмаяптими? -Ҳаммаси яхши.Ўрганиб кетди. -Омадингизни берсин. Оилавий бахт ва ижодий парвозлар!
Жасур ҲАМРОЕВ
|