Голливудда никоҳ ва турмуш ҳақида сўз очилганида тепа сочи тикка
бўлиб, ўзини панага олиб қочадиган бир неча юлдуз бор. Уларни дунёнинг
энг соҳибжамол аёллари билан маълум вақт давомида кўришганида,
табиийки, журналислар ниҳоят ўз бахтини топди ва энди тўйдан ҳеч қаёққа
қочиб қутулолмайди, деб ҳукм чиқаришадию ҳар сафар бурунларини тишлаб
қолаверишади. Шундай бўйдоқлардан бири Жорж Клунини кимларга
«уйлантириб» қўйишмади, дейсиз. Энг ёрқин юлдузлардан тортиб, ҳатто
оддий қаҳвахонадаги официант қизгача кўплаб аёллар унинг «қайлиғи»
сифатида эълон қилинди. Аммо ҳозирги пайтгача Клуни барча миш-мишларни
йўққа чиқариб, ҳалигача бошини икки қилишга рози бўлмади. Америка
актёрлари орасида яна бир шундай ашаддий бўйдоқ борки, қандай гўзал
билан юрмасин, ҳар сафар сувдан қуруқ чиқиб келаверарди.
Бу ҳаммага таниш бўлган «Титаник» фильмининг юлдузи Леонардо Ди
Каприо. Уни нафақат кўрганларида, балки шунчаки ҳаёлларига ҳам
келтирганларида минглаб хотин-қизлар оҳ-воҳ қилишлари, ёнида кино ва
подиум оламининг етакчи гўзалларини учратишларига қарамай, Леонардо
ҳали ҳам бўйдоқлигича қолмоқда. Лекин юлдузга яқин одамларнинг
гапларига қараганда, яқинда у бу фикридан қайтиш ниятини билдирган
эмиш. Куни-кеча экран юзига чиққан «Бошланиш» (Inception) фильмида бош
ролни ижро қилган Ди Каприо ушбу фильмдан таъсирландими ёки 35 ёшга
тўлиб қолгани ёдига тушдими, хуллас, саёқ қадам қўйишдан воз кечди.
Бунга унинг онаси ҳам маълум маънода таъсир этган, шекилли. Чунки
модель Бар Рафаэли учун никоҳ узугини танлашда Леога онаси яқиндан
ёрдам берди. Аслини олганда йил бошида бу ҳақда сўз очилганида, Ди
Каприо ҳам, Рафаэли ҳам бу фикрдан бош тортишаётганди. Яқинда эса актёр
ўз дўстлари билан келажак ҳаёти ҳақида сўз очганмиш. Никоҳ кинодаги
фаолиятига салбий таъсир кўрсатади, деб ўйлаган Лео, айни пайтда бу
фикридан қайтган кўринади.
|