Ўзбекистон ёшлар (U-20) терма жамоаси жаҳон чемпионати олдидан сўнгги йиғинни ўтказиш мақсадида Испанияга жўнаб кетди. Сўнгги йиғин 22 сентябрга қадар Валенсия яқинидаги Аликанте шаҳрида ўтказилади.
Олдин хабар берганимиздек, сафар олдидан Ўзбекистон футбол федерацияси президенти Мираброр Усмонов терма жамоамиз аъзолари билан учрашиб, уларга оқ йўл тилади. Мазкур тадбирда "ИнтерФУТБОЛ" махсус мухбири Камолиддин Алимов ҳам қатнашган эди. Федерациянинг анжуманлар залида ўтган самимий қабул маросимида Усмоновдан ташқари ЎФФ фахрийлар кенгаши раиси Наримон Жалолов, ФИФА эксперти Рустам Акрамов, терма жамоа бош мураббийи Аҳмад Убайдуллаев, марказий ҳимоячи Ислом Тўхтахўжаевлар сўзга чиқишди. Дастлабки сўз Рустам Акрамовичга берилди.
Р.Акрамов: - Ҳозирги терма жамоанинг шу даражага етишига 5 йил кетди. Сизлар шунча йилдан бери бир тану бир жон бўлиб ўйнаб келаяпсиз. Бу йўлни босиб ўтиш осон бўлмади. Жароҳатлар, йўқотишлар бўлди, қанча куч сарфланди. Буни мендан кўра яхши биласиз. Бу меҳнатингиз маҳсули Осиё чемпионатида бўй кўрсатди. Ана шундай ўйинни бутун Ўзбекистон халқи жаҳон чемпионатида ҳам кутмоқда. Ўзбекистон ҳукумати, федерация жаҳон чемпионатида муносиб иштирок этишингиз учун барча шароитларни муҳайё қилди. Ўнлаб хорижий йиғинлар, ўртоқлик учрашувлари ташкил этиб берилди. Машғулотларни Европанинг футболи чўққига чиққан давлатларида ўтказдингиз. Бу тажриба шубҳасиз, Англия, Уругвай, Гана терма жамоаларига қарши ўтказиладиган ўйинларда сизга асқотади. Айни пайтда мамлакатимизнинг барча бурчакларида сизнинг кичик мундиалдаги иштирокингизни орзиқиб кутишмоқда. Истагим, ҳар бир ўйинга чиқиш олдидан босиб ўтилган машаққатли йўлга яна бир бор назар ташлаб, бу муваффақиятлар шунчаки келмаганини дилдан ҳис қилинглар. Унутмангки, сиз жаҳон чемпионатига бир терма жамоа эмас, балки ЎЗБЕКИСТОН бўлиб бораяпсиз. Сиз миллат қаҳрамонисиз. Гана, Уругвай ва Англиядан ҳам ўша мамлакатнинг қаҳрамонлари келишади. Уларга асл қаҳрамон ким эканлигини кўрсатиб қўйинг. Омад сизга ёр бўлсин!
Шундан сўнг сўз навбати футболимиз фахри Наримон Жалоловга берилди.
Н.Жалолов: - Қадрли набираларимиз! Айни кез ФИФАга сайёрамизнинг 206 давлати аъзо бўлса, шулардан бор-йўғи 24 таси жаҳон чемпионатида иштирок этади. Бу жуда катта бахт. Сизнинг бошингизга шундай омад қуши қўнган экан, уни қўлдан чиқариб юборманг. 2012 йили ўзбек футболининг 100 йиллик тўйи кенг нишонланади. Ўша йили айнан сизлар Ўзбекистон олимпия терма жамоасининг аъзолари бўласизлар. Демакки, ҳукуматимиз, халқимизнинг сиздан умиди катта. Ўтган йиллар давомида ўзбек футболини дунёга танитишда жонбозлик кўрсатган Лазиз Мақсудов, Ҳамид Раҳматуллаев, Шариф Мақсудов, Геннадий Красницкий, Стадник, Моторинлар ҳозир орамизда йўқ. Сизлар ўша марҳум футболчиларнинг давомчиларисизлар. Уларга муносиб издош бўлишингиз керак. Бир-бирингизга ёндош бўлинглар, бирингизнинг хатонгизни иккинчингиз тўғрилаб кетинг. Агар иноқ бўлсангиз, сизни енгадиган жамоанинг ўзи бўлмайди. Иштаҳа овқат устида келади. 24таликка кирганингизга хурсанд бўлиб юргандик. Энди бу ёғига муваффақиятни ривожлантириш керак. Бу иш сиз футболчиларнинг қўлингиздан келишига ишонаман. Бу ишонч айни пайтда бутун Ўзбекистон халқида ҳам бор. Ой бориб, омон қайтинглар!
А.Убайдуллаев: - Англия, Уругвай, Гана каби кучли терма жамоалар билан бир гуруҳдан жой олдик. Лекин бу ҳолат бизни заррача ҳам чўчитмаяпти. Шунга яраша тайёргарлик кўрдик. Испания, Англия, Германия каби Европа давлатларида йиғинлар ташкил этдик. Тайёргарлик юқори савияда бўлди. Фурсатдан фойдаланиб, бу шароитларни бизга муҳайё қилиб берган Ўзбекистон ҳукуматига, федерация раҳбариятига ўз номимдан, қолаверса, футболчилар номидан катта раҳмат айтмоқчиман. Бизга билдирилган ишончни ўз ўйинимиз билан оқлашга ҳаракат қиламиз. Чемпионатнинг илк ўйинидан то охиригача фақат ижобий натижа учун кураш олиб борамиз.
И.Тўхтахўжаев: - Жаҳон чемпионатига тайёргарлик аъло даражада бўлди, деб айта оламан. Йиғинларнинг деярли барчаси Европада ташкил этилди. Айниқса, футбол ватани Англияда ўтказилган йиғин биз учун катта мактаб вазифасини ўтаб берди. «Челси», «Астон Вилла» каби Европанинг етакчи клубларига қарши кечган учрашувлар хотирамизда бир умрга сақланиб қолади. Мен Ўзбекистон миллий терма жамоаси сафида 5та учрашувда майдонга тушдим. Ана шу ўйинларда орттирган тажрибамга суянган ҳолда терма жамоамиз муваффақиятига салмоқли ҳисса қўшишга ҳаракат қиламан. Йигитларнинг кайфиятлари аъло даражада. Жаҳон чемпионати баҳсларида сизларни уялтириб қўймасликка астойдил ҳаракат қиламиз.
М.Усмонов: - Сўнгги йилларда ўзбек футболида ўсиш, тараққиёт кузатилмоқда. Бунга Ўзбекистонда футболга қаратилаётган эътибор, ҳукумат томонидан чиқарилаётган қарорлар сабаб бўляпти. Мана бу жаҳон чемпионатига йўлланма олингани ҳам футболга давлат сиёсати даражасида берилаётган эътиборнинг маҳсулидир. Қисқа фурсат ичида бир эмас, бир нечта қарорлар эълон қилинди. Сизларга яратиб берилган шароит ҳали шу пайтгача бирорта миллий терма жамоамизга тақдим этилмаган. Шу йилнинг ўзида Европанинг футболи ривожланган бир қатор давлатларида йиғин ўтказиб қайтдинглар. Мана эртага жаҳон чемпионати олдидан яна Испанияга жўнатаяпмиз. Ҳозирда амалга оширилган бу ишларни умумлаштирадиган бўлсак, мен бемалол футболимиз келажагига пойдевор қўйилди, деб айта оламан. Энди бу пойдеворнинг устига иморатни қурса ҳам бўлади. Биринчи қадам сифатида барча ёш тоифасидаги терма жамоаларнинг Маркази ташкил этилади. Бу марказнинг ўз ҳисоб рақами, ўзининг раҳбарияти, камида 30га яқин ходими бўлади. Ҳар бир вилоятда селекционери, мураббийлари иш юритади. Хабарингиз бор, июнь ойида Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримов раҳбарлигида Бразилияда бўлиб қайтгандик. Бу ташриф чоғида икки давлат футбол федерациялари ўртасида ўзаро ҳамкорлик Меморандуми имзоланганди. Мана шу келишувнинг амалий тасдиғи сифатида шу кеча-кундузда икки нафар бразилиялик мутахассис юртимизга келаяпти. «Бунёдкор» жамоасида машҳур бразилиялик мураббий - Сколари ишлаяпти. Мини-футбол терма жамоасига ҳам бразилиялик мутахассисни олиб келдик. Режамизга кўра, 2010 йили сизларнинг орангиздан, яъни жаҳон чемпионатида иштирок этган терма жамоа аъзоларидан бир нечтасини биз Бразилия клубларига жўнатамиз. У ерда 1-2 йил ўйнаб қайтасизлар. Шунингдек, келгуси йили вилоят футбол федерацияларининг фаолиятига жуда катта эътибор қаратамиз. Вилоятлар футболи инфратузилмаси қайтадан кўриб чиқилади. Энг катта куч ўз қарамоғимизга олган 12та футбол мактабига ташланади. Бу йил ана шу мактабларга 3-4 млрд. сўм сарфлаган бўлсак, келгуси йилги харажатларимиз 10 млрд. атрофида бўлади. Ҳозирнинг ўзида мактабларнинг моддий-техник базасини такомиллаштиришга 8 млрд. ажратиб қўйдик.
Бугун Ўзбекистон терма жамоасига оқ йўл тилаш мақсадида йиғилган эканмиз, бу ёшлардан шахсан менинг умидим катта. Сабаби, улар узоқ ва пухта белгиланган тайёргарлик босқичини босиб ўтдилар. Жаҳон чемпионатига шунчаки, бир терма жамоа эмас, балки ЎЗБЕКИСТОН бўлиб кетяпсизлар. Шу муқаддас нарсани унутмасанглар бўлгани. 24та давлат орасида миллатимиз шаънини муносиб ҳимоя қилинглар. Бутун дунё футбол жамоатчилигининг диққат-эътибори Мисрга қаратилади. Жаҳон чемпионатида ўзингизни ҳар томонлама кўрсата олсангиз, европалик футбол селекционерларининг эътиборига тушишингиз аниқ. Бу ерда эса бутун Ўзбекистон халқи сизлардан чиройли ғалабаларни кутади. Уйда ота-онангиз, қариндош-уруғларингиз кўз тикиб ўтиради. Уларни уялтириб қўйманг! Юзингиз ёруғ бўлиб қайтсин. Мана ҳурматли Президентимиз устозингиз Аҳмад Убайдуллаевни юксак давлат мукофоти - «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган мураббий» унвони билан тақдирладилар. Бундай мукофотлар сизларни ҳам кутиб турибди.
Осиё чемпионатида ҳақиқий қаҳрамонлик кўрсатган эдинглар. Ўшанда менинг битта айбим - чемпионатга кетишингиз олдидан бир нарсани айтмаган эканман. Яъни молиявий рағбат масаласи ёдимдан кўтарилган экан. Мана бугун федерация сизга қанча маблағ жамлаб қўйганлигини очиқ-ойдин айтаман. Демак, гуруҳдаги ҳар бир ғалабага 87 млн. сўмдан ажратдим. Учта ўйинга 240 млн. сўмдан ортиқ маблағ мукофот тарзида белгиланди. Гуруҳ босқичи забт этиладиган бўлса, бу пуллардан ташқари яна 145 млн. сўм берилади. «Плей-офф»даги илк ғалабага ҳам шунча миқдорда мукофот белгиланган. Кейинги босқичнинг мукофоти - 203 млн. Финал йўлланмаси учун эса 300 млн. сўм ажратилган. Агар омад ёр бўлиб, жаҳон чемпионатидан чемпионлик унвони билан қайтадиган бўлсангиз, унда ҳар бирингизга биттадан енгил машинанинг калити топширилади. Умумий мукофот жамғармаси сифатида мен ҳозир 1,5 млрд. сўмни Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси учун ажратиб қўйдим. Лекин пул биринчи ўринда бўлиши мумкин эмас. Сизлар жаҳон чемпионатига Ўзбекистон номидан кетаяпсизлар. У ерда бизнинг ким эканлигимизни, нималарга қодир эканлигимизни, маданиятимизни, одоб-ахлоқимизни кўз-кўз қиласизлар. Футбол жамоатчилигининг қалбида фақат яхши хотиралар билан қолишга ҳаракат қилинглар.
Мана миллий терма жамоамиз 2010 йилги жаҳон чемпионати йўлланмасидан маҳрум бўлди. Чиқиш учун имконияти ҳам йўқ эди. Матбуотда мен билдирган фикр-ни кўп танқид қилишди. Футболимиз раҳбарининг ўзи терма жамоанинг жаҳон чемпионатига чиқишини хоҳламагандан кейин, бошқа нарса ҳақида гапирмаса ҳам бўлади, дейишди. Агар терма жамоамиз жаҳон чемпионатига чиққанида 20:0(!) ҳисобида мағлуб бўлиб қайтарди. Шахсан менга бундай шармандали мағлубиятнинг кераги йўқ. Ўзингиз ўйлаб кўринг, 6та ўйиндан бери битта ҳам гол урмаган бўлсак. Март ойида Қатар терма жамоасини адашиб ютиб қўйганимизни айтмаганда, битта ҳам ғалабага эриша олмадик. Уни ҳам миллий терма жамоа ютгани йўқ. Буни очиқ айтаман. Ҳозирги ёшлар терма жамоамизга мен ишонаман. Улар орасида миллий терма жамоада ўйнаётганлар бор. Тўрт йилдан сўнг мен сизларга суянаман. Халқимизнинг умиди айнан сизлардан. Ҳозир вилоятлар бўйича 14 нафар селекционер мураббий енг шимариб ишга киришади. Сизга ўхшаган ёш, иқтидорли футболчиларни излаб топишади. 1991 йили таваллуд топган Марат Кабаев шогирдларига, 1994 йилда туғилган Евстафеев жамоасига жуда катта эътибор қаратаяпмиз. Мана Кабаев жамоаси БААдан иккита ғалаба, ўсмирларимиз Хитойдан ижобий натижалар билан қайтишди. Мен топшириқ бердим, терма жамоалар билан ишлаш бўлими янги режаларни тузиб чиқаяпти. Унга кўра терма жамоаларимиз энди фақат Европага чиқади. Керак бўлса 3-4 ойлаб ўша ерда яшаши, Европа футболидан нафас олиши, ўшаларга ўхшаб ўйнаши керак. Мана энди боя айтган иморатимнинг ғиштини тера бошладик. Ҳозир ҳисоблаб чиқсам, 400га яқин ёш футболчилар федерациямизнинг назоратида экан. Улар бизнинг келажагимиз. Жепаров, Кападзеларга катта раҳмату, лекин энди улар ўз йўлига. Футболимизнинг эртаси сизларнинг қўлингизда. Шуни дилдан ҳис қилинглар.
Сизлар билан биргаликда федерациямизнинг биринчи вице-президенти Бахтиёр Раҳимов, терма жамоалар менежери Алишер Никимбаев кетаяптилар. Насиб қилса, натижаларимиз ижобий бўлиб турса, мен ҳам албатта, Мисрга сизларни қўллаб-қувватлаш учун бораман. Ҳозир эса барчангизга омад ёр бўлишини тилаб қоламан.
Манба: ИнтерФУТБОЛ газетаси!
|