- пародия жанрида суратга олинган биринчи ўзбек фильми
Режиссёр: Оскар Бахтеев
Оператор: Кабир Усомонов
Фильм бадиий раҳбари: Нозим Тўлахўжаев
Продюсер: Жамшид Орипов
Картина: хит даражасига кўтарилган жаҳон ҳамда рус ва ўзбек фильмларига пародия тарзида суратга олинган. Бунда ҳар бир фильмдан энг қизиқарли лавҳалар воқеалар мутаносиблиги бўйича кетма-кет жойлаштириб чиқилган. Ўзбек ва рус тилларида намойиш этилади.
Суратга олиниш жараёни: 4 ой.
Қизиқарли факт: актёр Мурод Ражабов ва қизиқчи Обид Асомов айнан шу фильмда илк маротаба биргаликда суратга тушдилар.
Барча трюклар актёрларнинг ўзлари томонидан бажарилган.
Кинопародиялар аллақачон барча киноиштиёқмандлар қалбидан жой олиб улгурган. Чет эл фильмларини мисол тарзида олиб қарайдиган бўлсак, «Космик тухумлар» (АҚШ, 1987) - Жорж Лукас томонидан суратга олинган «Юлдузлар жанги»нинг тўртинчи эпизодига пародия тарзида суратга олинган. «Ўта эпик услубдаги кино» (АҚШ, 2007) эса турли янги жанрларда суратга олинаётган фильмларга пародиядир. Режиссёр Кирилл Кузиннинг «Энг яхши фильм»и (Россия, 2007) «Ночной дозор», «Дневной дозор», «9 рота» фильмларига қилинган пародия. Шунингдек, «Спартанликлар билан танишув»(Буюк Британия, 2008) - «300 спартанлик», «Суперқаҳрамон»(АҚШ, 2008) - «Ўргимчак-одам» фильмига ишланган пародия саналади. Шунингдек, кинопародияларга «кулгили таржималар»ни ҳам киритиш мумкин. Ўзбек тилига моҳирона ўгирилган «Такси-4»ни томоша қилган бўлсангиз керак?
Бугунги кунга келиб ўзбек режиссёрлари орасида Оскар Бахтеев пародия жанрида фильм суратга олишга аҳд қилди. Шу кунгача режиссёрларимиздан биронтаси бу жанрда кино суратга олмаган аммо мақсадим, кимнидир танқид қилиш эмас, янги, антиқа фильм ҳақида маълумот бериш, холос. Ўзбек режиссёрининг пародия жанрида суратга олган илк картинаси “Бу антиқа, антиқа фильм!» деб номланади. “Studio.Uz” маҳсулоти бўлган ушбу фильмда Ўзбекистон халқ артисти Мурод Ражабов, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Обид Асомов ва Сардор Раҳимхон, Сайфиддин Мейлиев, Наргиза Абдуллаева(сиз ўйлаган Бувижон эмас! «Илҳом» театрининг ёш, истеъдодли актрисаси), Жалол Раҳимов ва бошқа бир қатор санъаткорлар иштирок этишган.
Обид Асомов (фильмда Мурод Ражабовнинг ўғли, яъни «шеф» ролини ижро этган): Мени бир нарса – режиссёрнинг ўта талабчанлиги жуда қувонтирди. У шу нарсани истагани учун бир саҳнада ҳатто 12 мартагача дубль қилдим. Бундан норози ҳам эмасман, чунки кино битта дублда суратга олинмайди. Фильм сифатли чиқиши учун астойдил меҳнат қилинади. Лекин, ишонинг, тажрибамда 15 дақиқада кино суратга олиб ташлаётган режиссёрларни ҳам кўрганман. Шундай режиссёрлар борки, суратга олиш жараёнида «Ока, шундоқ оғзингизни қимирлатиб юборинг» дейишади. Тушунмай “Нима?” десам, «Оғзингизни қимирлатинг, монтажда ўзимиз овозингизни тушириворамиз» дейишади. Во ажаб! Қандай қилиб? Ўишт тераётганингизда, қийшиқ кетадиган бўлса, уста сувоқда тғўри бўлиб кетади, дегандек гапда а бу ҳам. Ҳозирги киноларнинг аксарияти юқорида таъкидлаганимдек сувоқда тўғри бўлиб кетаётган бўлса, ажабланмайман. Оскарнинг талабчанлиги ва сифатли маҳсулот тайёрлашга бўлган интилиши менга жуда ёқди. Фильмнинг ҳар бир саҳнасида ижрога масъулият билан ёндашилаётган экан, демак, натижа ёмон бўлмайди. Аммо «7х7» муштарийларига «Бу антиқа, антиқа фильм!» зўр фильм, кинотеатрларга тушиб, албатта, кўринглар деб тавсия қилмоқчи эмасман. Чунки монтаждан кейин картина қандай ҳолатга келишини ҳали ўзим ҳам билмайман. Бир нарсани иккиланмасдан айтоламан ўйнаган ролимдан, бажарган ишимдан қониқдим.
Мурод Ражабов (“Босс”): Анчадан буён бу фильмдаги каби жиддий ролни талқин қилмаганман. Ваҳоланки, картина комедик жанрда суратга олинган. Менимча, фильм томошасига келган ҳар бир инсон ўзи учун янгилик топади.
Jakhongir.Uz (фильмда ишлатилган мусиқалар ва саундтрэк муаллифи): Суратга олиш ишлари бошланмасдан бир ой олдин сценарийни ўқиб чиқдим ва унинг мазмунидан келиб чиққан ҳолда, янгича услубда қўшиқ яратишга ҳаракат қилдим. Саундтрек куйлашга айнан Сардор Раҳимхонни танлашимиз сабаби, фильмда хонандага тегишли бўлган кадрлар бор. Яъни, бош қаҳрамон хаёл суриб ўтирганида, Сардор ижросида “Бизники бу дунё” деб номланган қўшиқ янграйди.
“Studio.Uz” томонидан катта экранга тақдим этилиш арафасида турган “Бу антиқа, антиқа фильм” октябрь ойининг энг қувноқ фильми бўлиши кутилмоқда. Демак, премьерани интиқлик кутиб қоламиз!
Дилшода