Ал-Азҳар фатволар қўмитаси закотни VISA пластик карталари ёрдамида интернет орқали тўлашга рухсат берди. Шарт шуки, закот Ислом қонунларига кўра ҳақдорларга берилиши кафолатланиши лозим. Бу рухсат муҳтожларга мўлжалланган хайрия ёрдамини тақсимлаш билан шуғулланувчи нодавлат ташкилотларига тааллуқлидир, деб хабар беради IslamOnline.net.
Айтиш жоизки, баъзи уламоларимиз закот беришда смарт-карталардан фойдаланишни дуруст кўрмаганлар. Бунинг сабаби эса шариат талабларига кўра маблағларнинг ҳақдорлар қўлига мулк бўлиб тегишининг кафолатланмаслиги эди.
Қўмита котиби шайх Салом Муҳаммад Салом закотни интернет-карталар воситасида беришнинг ҳукми ва унинг жоизлиги ҳақидаги саволга Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Батаҳқиқи, закот уларнинг бойларидан олинади ва уларнинг камбағалларига берилади» деган ҳадиси шарифларини келтирадилар. «Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тўловнинг шакли ҳақида гапирмаганлар», - дейдилар шайх.
Ал-Азҳарнинг хулосасига кўра, закотни интернет орқали тўлашнинг шарти унинг ҳақдор, муҳтож кишига бевосита етиб бориши ва унга мулк бўлиб қолишининг кафолатланишидир. Агар бунга шубҳа бўлса ёки бундай кафолат берилмаса, закотни смарт-карталар ёрдамида тўлаш жоиз эмас, дейди ал-Азҳар вакили.
|