Ўйиндан олдинги матбуот анжуманида иккала клубдан ушбу футболчилар иштирок этишади.
Осиёнинг
2008 йилги энг яхши футболчиси Сервер Жепаровга таъриф беришга ҳожат
йўқ. Шу сабабли биз мухлисларга фақат "Ал-Иттиҳод” дарвозабони Тисир
Ал-Антаифни таништириб ўтсак.
Тисир Аҳмад Ал-Антаиф (№22) яқинда
– 16 февраль куни 36 ёшга тўлди. Кўриниб турибдики, у анча тажрибали
посбон. У узоқ йиллардан буён мамлакатнинг етакчи клублари шарафини
ҳимоя қилиб келмоқда. "Ал-Иттифоқ” (Даммам), "Ал-Аҳли” (Жидда),
"Ал-Халиж” ва мана эндиликда, 2005 йилдан тортиб, Ал-Антаиф
"Ал-Иттиҳод” сафида. Саудия Арабистони терма жамоасига 1997 йилдан жалб
этила бошлаган. Франциядаги 1998 йилги жаҳон чемпионати қатнашчиси.
Тисир
Ал-Антаиф ярим ҳимоячимиз Сервер Жепаровни яхши эслаб қолган бўлиши
керак. Ахир 2008 йили Жепаров ушбу посбон қўриқлаган дарвозани икки
марта ишғол қилганди. Биринчиси – ЖЧ-2010 саралаш турнирида Ўзбекистон
терма жамоаси Саудия Арабистонини чиройли тарзда мағлуб этганда (3:0),
иккинчиси – Чемпионлар лигасида "қалдирғочлар” "Ал-Иттиҳод”ни ишончли
равишда енгганларида (2:0). Бу учрашувларнинг иккаласини ҳам
Тошкентдаги собиқ МҲСК стадиони қабул қилганди.