Айтганидан ҳам гўзал... Қирқ йилдан бери саратон (рак) касалига йўлиққанларни даволайман. Бу вақт мобайнида турли ҳодисаларга дуч келдим. Шуларнинг ичидан 1976 йили содир бўлган бир воқеани ҳикоя қилиб бермоқчиман. Бош шифокорлик пайтимда Сароб исмли ёш беморим бўлиб, кўкрак ракига йўлиққан эди. Уни шахсан ўзим даволардим. Қисқа муддат ичида, Аллоҳнинг изни билан, аҳволи яхшилана бошлади. Фақат у камида беш йил ўзини қаттиқ парваришда тутиши керак эди. Тўрт йил ўтиб, Сароб Измирга бориб келишни истади. Қиш ойи бўлгани учун самолётда кетиш шарти билан рухсат бердим. Афсуски, у чипта ололмасдан, автобусда йўлга чиқибди. Бунинг устига, автоҳалокат туфайли олти соат совуқда туриб қолибди. Ҳеч қанча ўтмасдан, касаллик суяк ва ўпкаларига тарқаб кетди. У метостас (касалликнинг бошқа аъзоларга ёйилиши) сабабидан умуман юра олмас, ўпкасига доимий кислород жиҳозлари қўлланар, шунинг учун гапириши ҳам қийин эди. Бир сафар уйига борганимда: «Доктор... Мен сиздан... жуда хафаман», деди у. «Нима учун?» деб сўрадим. «Сиз... диндор одам... экансиз... Нега менга ҳам... Аллоҳни, ўлимни, охиратни, тушунтирмадингиз?» Диний ишончлари заиф эканини билганим учун унинг бу саволидан бир оз шошиб қолдим. Унинг кўнглини олишга, хафа қилмасликка ҳаракат қилиб: «Докторларга боғланиш осон, пулини берасану истаган муолажангни олаверасан. Аммо иймон муолажасини чин дилдан исташинг керак», дедим. У, истайман, деган маънода бош ирғади. Шундан кейин умидсиз тиббий муолажанинг ёнига шифобахш иймон муолажаси қўшилди. Мен ўргатаётган иймон ҳақиқатларини у бутун вужуди билан тинглар, ора-сира саволлар сўраб турар эди. Вафотига бирор ҳафта қолганида: «Доктор, – деди, – Мен... ўлаётганимда нима дейишим... керак?» «Сенинг ҳолинг ўзингга хос. Калимаи шаҳодатни келтириш сенга узунлик қилади. У онни сезганингда «Аллоҳ, Муҳаммад», дегин, кифоя», дедим. У табассум билан бош чайқаб қўйди. Оғриқ кучли бўлгани учун Саробга давомли равишда «морфин» қилардик. Орада сафарга кетиб қолиб, бир муддат уни кўра олмадим. Қайтиб келганимда онаси қўнғироқ қилиб: «Сароб бир ҳафтадан бери «морфин» қилдирмаяпти», деди. Тезда уйига бордим ва нима учун укол қилдирмаётгани сабабини сўрадим. Олган жавобимни эса, ҳалигача унутолмайман, эсласам титраб кетаман: «Дорининг таъсири билан ўлимга уйқуда дуч келсам ва: «Аллоҳ, Муҳаммад», дея олмай қолсам-чи?» деди у. Ўшанда жума куни эди, унинг сешанбага қадар яшашига ишора сездим. Эртаси куни унга: «Ҳеч қўрқма, – дедим, – бемалол укол олишинг мумкин». Сароб бу учрашувимизда охирги саволини берди: «Доктор, Азроил... менга қай... шаклда кўринади?» «Қизим, у бир фаришта. Ҳеч сиқилма, сенга жуда чиройли кўринишда келади?» дея таскин бердим. Сешанба куни Саробнинг оғирлашганини эшитганим заҳоти уйига йўл олдим. Лекин етиша олмадим. Оиласи бутунлай паришон ҳолатда эди. Фақат уни узоқ муддат парваришлаган диндор бир аёл қариндоши тик турган эди. Мени кўрган заҳоти ёнимга келиб: «Доктор, бу уйда бир оз олдин мўъжиза содир бўлди. Сароб кислород жиҳозини ечиб отди ва «Ўрнингдан қимирлама», дейишимизга қарамасдан, туриб таҳорат қилди, сўнг икки ракъат намоз ўқиди. Бутун уй аҳли қотиб қолдик. Кейин эса калимаи шаҳодат келтирди. Жони узилишидан олдин: «Докторга айтинглар, ўлим фариштаси у айтганидан ҳам гўзал экан», деди», деб унинг сўнгги онларини гапириб берди... Ўлим фариштаси келганида ғафлатда қолмаслик учун «морфин» қабул қилмай, қаттиқ оғриқларга ҳам бардош берган бир инсонни Аллоҳ ёлғиз ташлаб қўймади, бу дунёнинг эшигини табассум ила ёпиб, у дунёнинг эшигини табассум ила очиш неъматини ато этди.
|