Эркакларнинг энг катта орзуларидан бири нима? Қоринни қаппайтириб пиво ичиб, футбол томоша қилишдан ташқари... Дўстлар билан улфатчилик қилиб, қиттай-қиттай қилиш ҳам эмас... Майли, бироз ёрдам бериб юборай – телефонда қўнғироқ қилиб ёки машинада қизларнинг ёнига келиб, гап отишдан мақсад нима? Йўқ, қўл телефонию машинасини мақтаниш эмас. Шуни ҳам билмайсизми – аёллар эътиборини ўзига қаратиб, иложи бўлса, ром этиб олиш... Бунинг учун нима қилиш керак?
Олимларнинг айтишига қараганда, биринчи навбатда, қизил кийим кийиш керак экан. Аёлларга қизил кийим кийган эркаклар жуда ёқаркан. Руслар ҳам «қизил кийим кийганни узоқдан пайқаш мумкин» деб бежиз айтишмаган-ку. Айнан қизил ранг, аёлларнинг назарида, эркакларни қўрқмас ва кучли қилиб кўрсатади. Бунинг устига хотин-қизларимиз қизил кийим кийган эркакни жамиятда мартабаси улуғроқ ва моддий томондан бақувватроқ деб ўйлашади. Шунинг учун бир санамнинг кўнглини овлашни истасангиз, қизил кўйлак, футболка, куртка кийинг, жуда бўлмаса, қизил шарф ўраб олинг. Бошқа кийимларга қараганда кучлироқ таассурот қолдиришингизни олимлар тадқиқотлар ёрдамида исботлашди. Сиз бўлсангиз, пивою футбол дейсиз...
|