Агар кўриш қобилияти сустлашса нима қилмоқ керак? Албатта, бу
саволга жавоб тайин. Окулистга учраб, керакли кўзойнак ёки линза
ёздириб оласиз-да, дўконга бориб сотиб оласиз – тамом-вассалом. Аммо
бунда қанча вақт йўқотасиз: аввал шифокорга борасиз, навбат кутиб,
унинг қабулига кирасиз,ёзиб беган варақани олиб яна дўконга борасиз, у
ерда сизга мос кўзойнак ёки линза бўлса – яхши, акс ҳолда бошқа дўконга
йўл оласиз. Бунинг устига дўкондаги кўзойнакнинг гардиши сизга
ёқмаслиги ҳам мумкин. Хуллас, атиги битта муаммо кетидан қанча
оворагарчилик. Тўғри, кўз текинга келгани билан уни эҳтиёт қилмоқ
даркор. Аммо бўлар иш бўлганидан кейин...
Олимлар бу оворагарчиликдан халос бўлиш йўлини ҳам излаб топишибди.
Энди шиша линзали анъанавий кўзойнаклардан воз кечиш пайти тобора
яқинлашмоқда. Уларнинг ўрнини олимларнинг янги ихтироси – электрон
кўзойнаклар босади. Мазкур кўзойнаклар ўз эгасига мослашиб олишга
қодир. Линзалар бўйича кичик электр разряди юради. Кўзойнаклар ёруғлик
ва буюмгача бўлган масофадан келиб чиқиб фокусни мослаштиради.
Кўзойнакнинг ушбу нодир хусусияти учун линзалар таркибидаги суюқ
кристаллар «айбдор».
|