Ўтган ҳафтада «Навбаҳор» билан шартнома имзолаган Сергей Ковшов эндиликда собиқ жамоаси саналган «Пахтакор»ни яхши билса-да, барибир қисқа муддат ичида вице-чемпионга қарши ўйинга муносиб тайёрлаши қийин эди. Буни Виктор Жалилов шогирдлари иккинчи дақиқадаёқ кўрсатиб қўйишга муваффақ бўлишди. Одил Аҳмедовнинг пасидан сўнг Гейнрих меҳмонлар посбонини доғда қолдирди. Сашанинг зарбасидан сўнг Ботир Носиров ўз дарвозасидан биринчи тўпни олиб чиқди. Тезкор гол ўйин суръатининг бир оз тушишига сабаб бўлди. Мезбонлар шошилмасдан ўйин намойиш қилишга тушишган бўлса, наманганликларнинг хавфли вазиятлар содир этиб, баҳсни кескинлаштиришга кучлари етмади. Иккинчи гол урилгунга қадар Магдеев қулай имкониятдан фойдалана олмади. У деярли яккама-якка вазиятда кучли зарба бера олмади ва Носиров тўпни ушлаб олишга эришди. 24-дақиқада «шерлар» сардори ўз ҳисобига чемпионатдаги 13-голини ёздириб қўйди. Рўзим Аҳмедов томонидан оширилган тўпни қабул қилиб олган Одил ҳимоячилар таъқибидан четда эканлигидан фойдаланиб, жарима майдонига кирмасдан зарба берди ва ҳисобни 2:0га етказди. Таъкидлаш жоизки, у биринчи даврадаги беллашувда ҳам «Навбаҳор» дарвозасига гол урганди. 40-дақиқада Одилнинг «қайчи» услубида берган зарбасидан кейин тўп дарвоза устунига тегиб қайтди. Икки дақиқа ўтмасдан Гейнрих ҳисобни йирик кўринишга келтирди. Магдеев бурчакдан оширган тўп учун курашда Миладинович ғолиб чиқди ва унинг уринишидан сўнг қулай вазиятга чиққан ҳужумчи чап оёғида икки-уч метрдан бўш қолган дарвозага тўпни йўллади – 3:0. Биринчи таймда меҳмонлар «Пахтакор»га деярли қаршилик кўрсата олишмади ва жуда суст ҳаракат қилишди.
Наманган жамоасининг ҳеч бўлмаганда иккинчи бўлимда яхшироқ ҳаракат қилишини мухлислар кутганди, лекин дастлабки 45 дақиқалик «сценарий» давом этди. Барча жиҳатлар борасида имкониятни бой берган «Навбаҳор» тўпни ўзида сақлаб туришда ҳам хатоликларга жуда кўп йўл қўйди. Гейнрих ўзининг «хетт-трик»ини футболда камдан-кам учраб турадиган ҳолатда қайд этди. Ҳимоячи оширган тўпни тепиб юборишда Носиров хато қилди. Унинг оёғига яхши тегмаган тўп дарвоза томон юмалашда давом этди ва унга биринчи бўлиб Гейнрих етиб келди – 4:0. Бу вазиятда дарвозабон қўпол хатога йўл қўйган бўлишига қарамай, бу ўйинга у қадар жиддий таъсир ўтказмади. Чунки бунгача ҳам ўртадаги фарқ йириклашиб улгурганди. 60-дақиқалар «шерлар»га яна икки марта омад келтирди. Дастлаб Одил Аҳмедов дарвозабон билан бирга-бир ҳолатда уни алдаб ўтиб, бешинчи голни урган бўлса, Ғулом Ўрунов асосий таркибдаги биринчи голини бир оздан кейин киритишга эришди. Унинг ерлатиб берган кучли зарбасини қайтариш Носировнинг қўлидан келмади. Шу тариқа ҳисоб жуда йирик кўринишга етди. Албатта, буни ҳеч ким кутмаган бўлса керак. «Навбаҳор»нинг бунчалик бўш ўйнашини тасаввур қилиш ҳам қийин эди. Ўйин ташкил этиш ва футболчиларнинг жисмоний ҳолати бўйича муаммолар қалашиб ётганлиги ушбу ўйинда тўлиғича исботини топди.
Заҳирадан майдонга тушган Фарҳод Тожиев пенальтидан еттинчи голни урганда 75-дақиқа ўтиб бораётганди. У Гейнрихга нисбатан меҳмонлар посбони ишлатган қўполлик учун белгиланган ўн бир метрлик жаримадан унумли фойдаланди.
Ўзбекистон олий лигаси, 26-тур 18 октябрь, 2009 йил Тошкент, "Пахтакор" Марказий стадиони «ПАХТАКОР» - «НАВБАҲОР» - 7:0 (3:0) Голлар: Гейнрих, 2 – 1:0. О.Аҳмедов, 24 – 2:0. Гейнрих, 42 – 3:0. Гейнрих, 48 – 4:0. О.Аҳмедов, 62 – 5:0. Ўрунов, 66 – 6:0. Ф.Тожиев, 75-пен – 7:0. Огоҳлантиришлар: Ф.Тожиев, 74. Носиров, 75. «Пахтакор»: Э.Жабборов, Суюнов, Миладинович, К.Тожиев, Холмуҳаммедов, Ўрунов (Азизов, 67), О.Аҳмедов, Холматов, Магдеев (Николич, 46), Гейнрих, Р.Аҳмедов (Ф.Тожиев, 55). «Навбаҳор»: Носиров, Шеленков, Кирьян, Пирматов, Жабборов, Т.Султонов, Юлдашев, Бойдадаев (Ғ.Жўраев, 77), Низомбоев, Отақўзиев, Маҳмудов. Ҳакам: Рустам Саидов (Тошкент).
Манба: "ИнтерФУТБОЛ" газетаси.
|