Ҳомид Карзай иккинчи давра сайловларига рози бўлди
Афғонистон Сайлов Комиссиясининг эълон қилишича, мамлакат президентлиги учун иккинчи давра сайловлари 7 ноябрда бўлиб ўтади. Президент Ҳомид Карзай комиссия қарорини "қонуний ва конститутсияга хилоф эмас," дея баҳолаган. Душанба куни БМТ ҳомийлиги остида иш олиб борувчи Сайлов шикоятларини ўрганиш бўйича мустақил комиссия 210 сайлов участкасида саналган овозларни "ноқонуний" дея топганди.
Мазкур овозларнинг ҳисобга олинмаслиги жаноб Карзайнинг биринчи давранинг ўзидаёқ ғалаба қилиши учун зарур бўлган 50 % дан кўпроқ овозларни тўплай олмаганини англатади. Дастлабки сайлов натижаларига кўра, жаноб Карзай 55%, собиқ Ташқи ишлар вазири Абдулло Абдулло эса 28% овоз тўплаган эди. Ҳозирга қадар Ҳомид Карзай, айни шу натижаларга таяниб, айловларда ғалаба қилганини таъкидлаб келаётган эди. Иккинчи давра сайловлари ҳам жорий президент Ҳомид Карзай ва унинг асосий рақиби Абдулло Абдулло ўртасида бўлиб ўтади. (bbc)
|