Адиз Ражабов. «Наҳотки сен», “Бўрилар”, “Суперкелинчак”, “Пойма-пой”, “Ўзимдан ўзимгача”... фильмлар унинг номини танитди. Шу актёр учун мухлислар шу фильмларни томоша қилишди. Адизнинг характери очиқ. Асли бухоролик бу йигит бугун кўплаб қизларнинг ҳушини олган! Актёрнинг истеъдоди уни ҳақиқий киноюлдуз даражасига кўтаряпти. 2009 йилда омад қуёши кулган, рақобатчиларни ортда қолдираётган Адиз билан суҳбатлашишни лозим топдик.
-Сизнинг даврингиз келгандай... бош ролда фақат Адиз ражабов!
-Ҳамма нарсанинг ўз вақти соати бор. Омадим кулганга ўхшайди!
-Мухлисларингиз тобора ошиб бораётганини ҳис қиляпсизми?
-Ҳа. Барибир эътибор бошқача бўляпти. Комедия фильмлари орқали мухлисларимга ёқиш ёқмаслиги мени ўйлантириб қўйганди. Шукрки, яхши қабул қилишяпти.
-«Болливуд қироли» Шохрух Хонга тақлид қиляпсиз...
-Билмадим. Шохрух Хонни ҳурмат қиламан. Тақлид қилиш учун фанат бўлиш керак! Мен унинг ашаддий мухлиси эмасман! Ундан ҳеч нарса ўрганмаганман.
-Гонорарингиз ҳам ошиб қолгандир?
-Эл қатори. (кулади)
-Гонорарингиз ошиши машҳур бўлиб боришингиз билан боғлиқми?
-Ҳали анча бор оширишга. Секин очиляпмиз. Яхши актёр бўлиб етишиш учун камида 10-15 йил керак. Мен ҳали хом меваман! Сайқалланишим керак.
-Кетма-кет бош рол ижро этишингизга асосий сабаблар куйидагилардан қай бири бўлиши мумкин: гонорар ҳақининг мўътадиллиги, омад кулиб боққани, режиссёрлар Улуғбек Қодиров ва Фаррух Сойиповдан ранжиб қолишгани ва шу кабилар...
-Худонинг насиб қилгани. Тақдирнинг ишлари бу!
-Алишер Узоқовнинг қайси жихатларига тан берасиз? Унда сиз кўрган камчиликлар?
-Камчиликларини кўрмадим. Ҳар бир вазиятни юморга айлантира олишига тан бераман. Аслида шу хусусиятнинг ўзи бир истеъдод.
-Хуфёна тўйингиз бўлгани ростми?
-Йўқ. Тўйим бўлса албатта айтаман!
-Диана Ягофарова...айни пайтда хаёлингизга биринчи келган фикр кандай?
-Ярқ этган актриса.
-“Суперкелинчак”ка хавас қилганлар анча. У яратган образ каби қизга уйланишингиз мумкинми?
-Йўқ!
-Сўнгги марта қачон катта қарз олгансиз?
-Анча бўлди. 4 йил олдин. Бизнес учун олганман.
-Актёр сифатида сизни рад қилган ёки умуман ёқтирмайдиган яқин инсонингиз?
-Унақаси йўқ!
-Энг узоқ муддат ким билан телефон орқали гаплишингиз мумкин?
-Онам билан. Энг камида 25 дақиқа. 1,5 соат энг узоғи.
-Кимнидир телбаларча севганмисиз?
-(кулади). Ҳа десам ҳам бир бало, йўқ десам ҳам бир бало.
-Хоббингиз борми?
-Кино кўриб, дам олиш.
-Севги изҳорларини бир кунда неча марта қабул қиласиз?
-У даражада кўп эмас!
-Оилангиз хақида гапиринг...
-Онам- уй бекаси, дадам институтда ўқитувчи. Акам, укам, синглим, куёвим, кеннойим ва жияним.
-Кимнинг ашаддий мухлисисиз?
-Менда ашаддийлик йўқ.
-Пушкиннинг шундай мисралари бор: “Охир деди, о, дўстим эзмалик кимга даркор, сен аҳмоқсан, бу эса асло янгилик эмас”. Шундай маънодаги жавоб билан кимгадир мурожаат қилганмисиз?
-Энди бўлмаса, ҳалигача йўқ!
-Қайси соҳадаги қизларга уйланмаслигингиз мумкин?
-Қийин савол... рашким баланд, шунинг учун актрисага ва қўшиқчига уйлана олмайман.
-Қайси ролингизни бачкана деб ҳисоблайсиз?
-Бу савол менга эмас.
-Қайси пайтларда касбингиздан афсусланасиз?
-Ҳеч қандай фикр келмаяпти...
-Кези келиб, фарзандингиз ҳам отаси изидан боришини истайсизми?
-Йўқ. Истамасдим. Юки оғир.
-Шахсан мени “9 район” ва “Подмена” фильмлари қаттиқ таъсирлантирди. Сиз янги фильмлардан қай бирини мақтай оласиз?
-Менга ҳам “9 – район” ёқади. Жонни Деппнинг сўнгги фильмлари ҳам.
-Сиз учун идеал бўлган аёл...
-Онам.
-Мактаб пайтида қайси актёрнинг мухлиси эдингиз?
-Самандар Ҳамроқуловнинг диплом спектаклини ТВда кўриб, унга ҳавас қилгандим.
-Яқин маслаҳатдошингиз ким?
-Онам. Ҳар бир ишда у киши билан маслаҳатлашаман.
-Ҳар гал бухорога, уйингизга борганда нима олиб борасиз-у, нима олиб қайтасиз?
-Йулдан “самарканд нон” оламан, уйдан қайтаётганимда шўрданак оламан. Ўртоқларим яхши кўради.
-Нимадан воз кечолмайсиз?
-Виждонга қарши боролмайман. Касбимдан эса воз кечолмайман.
-Тушларингизга ишонасизми?
-Ишонаман. Яқинда туя кирганди, тушимга. Хосиятли дейишади. Омадим кулиб боқди!
-Ўзингиз қай тарзда ва ким билан фотосуратга тушишни орзу қиласиз?
-Ўзим тарихий ролларда, асосан, салбий образларда фотосуратга тушишни хоҳлардим. Алишер Узоқов билан суратга тушгим келади. Бу жуда қизик бўлса керак.
-Дўстларингиз сотқинлик қилганми?
-Йўқ! Шукрки бўлмаган.
-Ҳаётда ижарада яшаётганлигингизни қай даражада англайсиз?
-Бу ҳақда кўп ўйлайман. Меҳмонмиз, бу дунёга! Яхшилик қолиши керак, ҳар биримиздан. Барибир бу дунёни тарк этамиз. Ёмонлик қилиб ҳам ўтади инсон... бироқ, бировнинг кўнглини олиб ўтган яхши.
Жасур ҲАМРОЕВ
|