Жаннатмакон ватанимиз мустақилликка эришганига ҳам 18 йил тўлди. Мамлакатимиз ривожланган давлатлар билан сиёсий ва иқтисодий алоқаларни олиб бормоқда.
Жаҳонда Ўзбекистоннинг ҳам ўз обрўси бор. Бошқа соҳалар қатори, спорт ҳам юртимизда йилдан - йилга ривожланиб бормоқда. Жумладан, бир қатор спорт турларидан жаҳон чемпионлари етишиб чиқишди ва чиқишмоқда. Бундан ташқари, миллионлар ўйини - футболга ҳам ҳукуматимиз томонидан катта эътибор қаратилмоқда. Биринчи рақамли спорт турини ривожлантириш бўйича ҳукуматимизнинг бир қатор қарорлари эълон қилинди. Терма жамоаларимиз ва клубларимиз халқаро мусобақаларда яхши натижаларни қайд этишди ҳамда этишмоқда. Мисоллар келтирадиган бўлсак, миллий терма жамоамиз 1994 йили Хиросимада бўлиб ўтган Осиё Ўйинларида ғолибликни қўлга киритган. Ёшлар термамиз эса 2003 йилги жаҳон чемпионатида иштирок этган ва яқинда Мисрда ўз якунига етган кичик мундиалда ҳам ҳамюртларимиз иштирок этишди.
«Нефтчи» клуби Осиё Чемпионлар кубогида 3-ўринни қўлга киритган, МДҲ чемпионлари кубогида эса финалгача етиб борган бўлса, «Навбаҳор» Осиё кубок эгалари кубоги турнирида ярим финалчига айланган. «Пахтакор» эса МДҲ чемпионлар кубоги соҳиби ва финалчиси саналади. Бундан ташқари, «пахтакорчилар» Осиё Чемпионлар Лигаси турнирида икки марта ярим финалга қадар етиб боришган ва ушбу мусобақа ташкил топгандан буён унда мунтазам иштирок этиб келишмоқда. Жорий мавсумда Ўзбекистон кубогини қўлга киритган «шерлар» келаси йили ҳам ушбу турнирда иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритишди. «Насаф» ва «Бунёдкор» жамоалари ҳам ОЧЛнинг ярим финалига қадар етиб боришган. Ўзбек футболи ютуғи Осиё футбол конфедерацияси томонидан ҳам эътироф этилиб, 2007 йили Рауф Инилеев қитъамизнинг энг яхши мураббийи, бир йилдан сўнг эса Сервер Жепаров эса энг яхши футболчиси, деб топилишди. Қисқасини айтганда, мамлакатимиз футболи аста-секин ривожланиб бормоқда.
Афсуски, ютуқлар билан бирга камчиликлар ҳам йўқ эмас. Гарчи сўнгги саралаш босқичига қадар етиб бораётган бўлсада, термамиз ҳали жаҳон чемпионатида иштирок этмаган. Келаси йили ЖАРда бўлиб ўтадиган мундиалдан ҳам «қуруқ» қолганимиз ўзингизга маълум. Бир-иккита клубларимизни ҳисобга олмаганда, қолган жамоаларимизда профессионаллик йўлга қўйилмаган. Масалан, Наманган ва Фарғонада учрашувлардан сўнг ҳар сафар интервью олиш учун мураббийларнинг ортидан югуриб юрамиз. Шунда ҳам мағлубиятга учраган жамоа устози билан суҳбатлашиш анча қийинчилик туғдиради. У хоҳласа мулоқот қилади, бўлмаса йўқ. Айрим мутахассислар эса ҳаттоки, шогирдларининг енгилишганига журналистлар айбдордай, бизга қўпол муомалада бўлишади (шундай пайтда шу касбни танлаганимга афсусланиб ҳам кетаман). Катта шаҳарларда олий лигадаги ҳар бир тур учрашувидан сўнг матбуот анжуманлари ўтказиш шарт қилиб қўйилган бўлсада, бунга кўпинча амал қилинмайди. Оқибатда юқорида келтириб ўтганимдек, мулоқот уюштириш учун кўпинча мураббийларнинг ортларидан югуриб юришга мажбур бўламиз. Шундай пайтда хорижлик ҳамкасбларимга ҳавас қиламан. Сабаби, уларда бу каби муаммолар йўқ. Ҳар бир тур баҳслари якунланганидан кейин мураббийлар ҳисоб қанақа кўриниш олганидан қатъий назар, интервью беришга мажбурлар. Акс ҳолда, жарима тўлашади. Бизда ҳам ОАВ ходимлари билан мулоқот қилишдан ўзини олиб қочган мураббийларга нисбатан жарима солиш усули қўлланса, балки бунинг фойдаси тегармиди?
Мураббийлар бир нарсани, яъни журналистлар халқ ва клублар ўртасидаги кўприк эканликларини унутмасликлари лозим.
Фурсатдан фойдаланиб, яна бир камчилик тўғрисида тўхталиб ўтмоқчиман. Айрим шаҳарлар, мисол учун Бекобод ва Зарафшонда мухбирлар танқислиги сабабли, «Металлург» ва «Қизилқум»нинг ўз майдонида бўлиб ўтган учрашувлари шарҳини ёритишда қийинчиликка дуч келяпмиз. Натижада ушбу клубларнинг мураббийлари ва футболчилари билан боғланишга мажбур бўламиз. Мабодо, Худо кўрсатмасин, юқорида номлари келтирилган клублар мағлубиятга учрайдиган бўлишса, борми? Ана унда кўраверинг, томошани. Бир сўз айтганда, анча асаббузарликка дуч келамиз. Бундан кимга фойда-ю кимга зиён?
Ўзингизга маълум, газетамиз саҳифаларида хориж чемпионатлари учрашувлари натижалари ҳам чоп этилади. Бироқ, айтиш жоизки, бу маълумотларни деярли қийинчиликсиз қўлга киритамиз. «Кучли бешлик» деб ном олган миллий биринчиликлар ва бошқа хориж чемпионатларида ҳар бир тур учрашувлари ўз якунига етганидан сўнг, жамоалар таркиблари, ўйинлар натижалари ва ҳоказо маълумотлар дарҳол интернет саҳифаларига жойлаштирилади. Бу эса бизнинг ишимизни анча енгиллатади. Бизнинг мамлакатимизда бу қачон йўлга қўйиларкин-а?
Олий лига иштирокчиси бўлган ҳар бир клуб ўз сайтига эга бўлиши ва жамоаларда матбуот котиблари фаолият олиб боришлари шарт. Аммо элитамиздаги саноқли клубларгина ўз сайтлари ва матбуот котибларига эгалар, холос. Бундан ташқари, жамоаларга тегишли сайтларда кўпинча эски маълумотларга дуч келамиз. Сайтдаги хабарлар янгиланмайди. Кўплари эса номигагина фаолият юритади. Матбуот котибларининг айримлари эса ўз вазифалари нималардан иборат эканлигини яхши билишмайди. Ваҳоланки, ўйиндан кейинги матбуот анжуманларини уюштириш ҳам уларнинг вазифаларига киради. Лекин баъзи пресс - атташелар бунга лоқайд муносабатда бўлишади. Оқибатда юқорида тилга олинган ҳолатларга дуч келамиз.
Хизмат юзасидан кўплаб жамоа бошлиқлари, мураббийлар, ҳакамлар, футболчилар билан мулоқот қилишимга тўғри келган. Уларнинг айримлари очиқ, дилдан суҳбатлашиб, ҳурматимни жойига қўйишган бўлишса, баъзилари менсимайроқ муомала ҳам қилишган. Шунингдек, матбуотдаги ўн бир йиллик фаолиятим давомида юлдузлик касалига чалиниб, эрта «синган» футболчиларни ҳам кўрдим. Зеро, кибр, манманлик яхшиликка олиб бормайди. Футболчи халқ учун ўйнаяптими, барчани ҳурмат қилиши керак. Шу касбнинг орқасидан бола-чақа боқяптими, унинг қийинчиликларига ҳам чидаши шарт.
Айрим клубларда молиявий муаммолар юзага келадиган бўлса, ўша жамоаларнинг ўйинларида пасайиш юз беради. Чунки футболчилар аввалгидек иштиёқ билан ўйнамай қўйишади. Бунга эътироз билдирадиган жамоа раҳбарлари ва мураббийларга маошларини ўз вақтида ололмаётганликларини баҳона қилишади. Аммо улар бир нарса, яъни футбол халқ ўйини эканлиги, бежизга уни миллионлар ўйини деб атамасликларини билишларини истардик.
Футболчилар маошларини кеч бўлсада, олишади. Вақтдан ютқазишсада, пулдан ютқазишмайди. Аммо халқнинг назаридан қолиш ёмон. Буни футболчилар ёддан чиқаришмаса бўлгани.
Мамлакатимизнинг машҳур мутахассисларидан бири, Фарғонанинг «Нефтчи» клуби бош мураббийи Юрий Саркисян суҳбатларимиздан бирида таъкидлаб ўтганидек, спорт журналистлари, ҳакам, мураббий ва футболчилар бир мақсад, яъни Ўзбекистонда футболни ривожлантириш учун иш олиб боришмоқда. Шу боис, футбол соҳасидаги кишилар баҳамжиҳат ҳолда иш олиб борсак, яхши бўларди. Футболда майда ишлар бўлмайди. Аксинча, ҳаммамиз бир мақсад йўлида иш олиб бораётган эканмиз, бир-биримизни қўллаб-қувватлашимиз даркор. Шундагина ўзбек футболи ривожланади ва тараққий топади. Ёрқин Али, “ИнтерФУТБОЛ” газетасининг жамоатчи мухбири.
|