Телевизорда ёки циркда кўзбойлағичларнинг ғаройиб томошаларидан
ҳайратга тушамиз. Ернинг Қуёш атрофида айланиши, тун билан кунни
алмашиши каби мўъжизалардан лол қолмаган одамзот одиий кўзбойлағичнинг
"номер”ларини кўриб ёқасини ушлайди. Бу ақлни лол қилувчи томошалар
замирада аслида жуда оддий қонуниятлар ётади, улар бизни "алдагани бола
яхши” мақолига мос равишда лаққиллатишади.
Копперфильд ҳам одди одам
Масалан, ўша машҳур Девид Копперфильд ўз сирларини очганда, ҳаммаси оддий қонуният эканлигига гувоҳ бўлгандик.
Биргина унинг Буюк Хитой деворидан ўтиши ҳам оддий томоша эди. У
қутининг ичига киргач, дарҳол пастдаги қутига тушган, ундан эса
нарвонга тушади, фақат тасвир ёрдамида унга ўхшайдиган кўланка қутининг
ташқарисидаги матога туширилади. Уни кўрган одам гўёки Коперфильд
деворнинг ичига кираяпти, деб ўйлайди.
Ёрилмас шар ҳикмати
Шиширилган шарни ёрмасдан ичига қандай қилиб узун сим тиқиш мумкин?
Жавоби оддий, шарнинг исталган бир жойига скотч ёпиштирилади ва сим
айни ўша жойга тиқилади, шар ёрилмайди. Шу ва шу каби оддий томошалар
сирлари билан танишишни истасангиз марҳамат.
Конвент ичидаги сир
Мен конвертга бир сон ёзиб қўйдим. Сизга ҳозир бир-икки саволларни
бераман, шу саволларга жавоб топиб, амалларни бажарганингиздан кейин
конвертга ёзиб қўйган сонимни айтаман. Қўлингизга қоғоз ва ручка олинг:
1. Туғилган йилингизни ёзинг.
2. Ҳаётингиздаги энг эсда қоларли йилни ёзинг.
3. Ҳозир ёзганингиз энг эсда қоларли йилдан ҳозиргача, яъни 2011
йилгача неча йил ўтганини аниқ ёзинг. Масалан, 2008 йилни ўйлаган
бўлсангиз 2011 йилгача 3 йил ўтган, 3 ни ёзасиз.
4. Энди ёшингизни аниқ ёзинг, уялманг, ҳеч ким кўрмайди.
Энди қоғозга ёзган сонларингизни барини қўшинг, тўрталасини ҳам. Хўш қалай, 4022 сони чиқдими?
Жумбоқнинг ечими: Ҳозир қайси йил бўлса, шуни 2 га
кўпайтирасиз. 2011х2=4022. Шу сонни конвертга солиб, танишингизга
берасиз ва унга юқоридаги саволларни берасиз, чиққан барча сонларни
қўшганидан кейин конвертни оч, дейсиз ва у конвертни очиши билан сиздан
бир саволни сўрайди: "Қандай билдинг?”
Давлат номини топиш
- 1 дан 9 гача бўлган бир сон ўйланг.
- Ўша ўйлаган сонингизни 9 га кўпайтиринг, агар кўпайтириш амалини
бажарганингиздан кейин икки хонали сон чиқса бир-бирига қўшинг.
Масалан, 32 чиқса 3 га 2 ни қўшасиз, 5 чиқади.
- Ўша чиққан сондан 4 ни айиринг.
- Чиққан сонга алфабетда мос тушадиган ҳарфни танланг. Масалан, 1-а, 2-б...
- Кейин ўша ҳарф билан бошланадиган давлат номини ўйланг.
Ўйладингизми, ҳозир сиз қайси давлатни ўйлаганингизни айтаман, эшитинг: Данияни ўйладингиз-а?!
Жумбоқнинг ечими: 1-9 гача бўлган истаган сонни
ўйлаб, уни 9 га кўпайтирсангиз, агар икки хонали сон чиқса, уларни
бир-бирига қўшса албатта 9 чиқади. Масалан, 2 ни ўйладингиз, уни 9 га
кўпайтирсангиз 18 чиқади, бир-бирига қўшасиз: 1+8=9. Ўша чиққан 9 дан 4
ни оласиз 5 чиқади. Алфабетда 5-ҳарф "д”. Бу ҳарф билан давлатни
ўйлаганингизда хаёлингизга илк бор Дания келади.
Машҳур исмнинг сири
Бир гуруҳ одамлар даврасига яқинлашинг ва уларга 10 нафар машҳур
инсоннинг исмини сўранг. Ўша исмларни 10 та алоҳида қоғозга ёзинг.
Қоғозчаларни буклаб, ташқариси кўринмайдиган бирор идишга солинг
(масалан, шапка ёки қути). Кейин алоҳида бир қоғозга ўша исмлардан
бирини ёзинг ва конверга солиб четроқда қўйинг. Кейин даврадагилардан
икки нафар инсонни чақиринг. Бирига қарамасдан, қутичага солинган
исмлардан бирини танлашни буюринг ва у баланд овозда ўша исмни ўқисин.
Иккинчисидан конверни очишни сўранг ва у ҳам баланд овоздан ўша исмни
ўқисин. Буни қарангки, икки исм ҳам бир хил чиқади.
Жумбоқнинг ечими: Даврадагилардан 10 та исм
сўрашингизга қарамай, уларга билдирмай қоғозчаларга бир хил исм ёзинг.
Конвертга ҳам ўша исмни ёзасиз. Қарабсизки, икки қатнашчи ҳам бир хил
исмни овозини чиқариб ўқийди.
Тўғри топилган иқтибос
Қўлингизга бир китоб олинг. 14-саҳифани очиб, биринчи жумлани
нуқтагача қоғозга кўчиринг. Кейин бу қоғозни конвертга солиб, четроқда
қўйинг. Энди дўстингизни чақиринг ва уни олдига конвертни қўйинг.
Қўлига нарда доначаларин бериб, ташлашини сўранг. Нарда доначалари
қандай ҳолатда тушганига қарамай иккаласининг ҳам юқоридаги ва
пастадиги сонларини бир-бирига қўшишини сўрайсиз. Яъни бу ерда тўртта
сон бир-бирига қўшилади. Умумий йиғинди неча чиқса китобнинг ўша снга
тенг келадиган бетидаги жумлани ўқишини сўрайсиз. Кейин конверни очиб,
қоғоздаги жумлани ўқиш тавсия этилади. Қарабсизки, китобда нима ўқиган
бўлса, қоғозда ҳам ўшалигини кўриб у ҳайрон қолади.
Жумбоқнинг ечими: Битта нарда доначасини
истаганингизча ташланг, тепадаги рақам билан пастдагисини қўшсангиз 7
чиқади. Масалан, ташлаган пайти 2 тушса, пастдаги албатта 5 бўлади.
Қўшсангиз 7 чиқаверади. Демак, икки нардани сонларини қўшсангиз 14
чиқади. 14-бетдаги жумлани эса аллақачон ёзиб қўйган бўласиз.
Ўзингиз топинг?!
1-сурат. Нишон марказидаги нуқтага диққат билан қараб туринг, қора доира ўз-ўзидан ғойиб бўладими ёки доира ўзи оқ рангдами?
2-сурат. Қуйидаги суратда қайси ғилдирак айланиб турибди, бир ўйлаб кўринг.
3-сурат. Расмда жами нечта от бор? Яхшилаб сананг.
Ҳамза тайёрлади darakchi gazetasi
|