5 февраль
Соат 18.00 га яқинлашаётган вақт, ёмғир ёғаётганига қарамай, Алишер Навоий номидаги кинотеатр ёнида кўп томошабинлар йиғилишаётганди. Катта залга кириб борганимда, премьерага таклиф қилинган ижодкорлар бирин-кетин кириб келишарди. Булар киношунос Шоира Рауфбоева, шоир Бобур Бобомурод, режиссёрлар Иброҳим Расулов, Бурҳон Шаропов, Соҳиб Аббосхон, Жаҳонгир Аҳмедов, оператор Талъат Мансуров, қизиқчилар Обид Асомов, Ўткир Муҳаммадхўжаев, телебошловчи Роксана, актёрлар Адиз Ражабов, Алишер Узоқов, хонандалар Шароф Муқимов, Мансур Сулаймонов, "Божалар” гуруҳи, Отабек Муталхўжаев, Санжар Усмонов ва бошқалар.
Саҳнага бошловчи сифатида чиққан қизиқчи Мирзабек Холмедов жойларини излаётган томошабинларга қарата, тезроқ ўтириб олинглар, дегандай ҳазил гап қилди ва тезгина навбатни курсдоши пародиячи қизиқчи Жакбарали Жўраевга берди. Лекин Жакбарали Жўраевни устоз санъаткорлар Сойиб Хўжаев, Олмахон Ҳайитова, Ғуломжон Ёқубов кабиларни пародия қилиб куйлаган қўшиқлари, томошабинларни қизиқтира олмади. Бу тарзда ёши улуғ санъаткорларни пародия қилиши менимча, бу пародиячини ўз ёшига ҳам ярашмаган ҳолат эди. Бу пародия жуда узоқ чўзилганидан томошабинлар зерикиб, тезроқ тугашини талаб қилгандек қарсак чала бошлашди. Ниҳоят, бу пародия тугагач, яна саҳнага чиққан Мирзабек Холмедов бу гал, яна бир пародиячи-қизиқчи Шерзод (Бин) Боймуродовни таклиф қилди. Уни хит-парад ҳақидаги чиқиши кимларнидир эътиборини тортди, кимларнидир эътиборини торта олмади. Фақатгина Шерзод Боймуродов хонанда Аслбекни пародия қилишни бошлаганда, томошабинларни кулгиси эшитилди. Шерзод Боймуродовни номеридан сўнг яна саҳнага чиққан Мирзабек Холмедов, ниҳоят фильм ижодкорларини саҳнага таклиф этди. Қувноқ мусиқа садолари ҳамроҳлигида, киноижодкорлар шахдам қадамлар билан саҳнага йўл олишди. Мирзабек Холмедов ҳар бир рол ижрочисини алоҳида ўзига хос таърифлар билан таништирди. Залда гоҳ кулги кўтарилди, гоҳ жимлик чўкди. Таништирув шунчалик узоқ давом этди-ки, бу орада фильмнинг премьерасига кеч қолган баъзи ижодкорлари етиб келиб, саҳнага чиқишга ҳам улгуришди. Сўз навбати фильм режиссёри Санжар Шодиевга берилди. Санжар Шодиевни ҳаяжонда экани сезилиб турарди, бу унинг режиссёр сифатида иккинчи фильми. У ўз устозларига миннатдорчилик билдирди. Шундан сўнг, Мирзабек Холмедовнинг "рухсати”дан кейин киноижодкорларга гуллар тақдим этилди. Бу сафар томошабинлар яхши кайфиятда қарсак чалишни астойдил ният қилиб келишганми, баъзи керак-нокерак пайтда ҳам қарсак чалаверишди. Мирзабек Холмедовнинг ҳайкаллар ҳақидаги латифаси, айниқса томошабинларни кулгисига сабаб бўлди. Ижодкорларни ҳаммаси таништириб бўлинганда, кутилмаганда Мирзабек Холмедов, қизиқчи Обид Асомовни эслаб қолди ва баланд овозда уни ҳам залда ўтирганини эълон қилди, ҳамда ундан ўрнидан туришини сўради. Обид Асомов ҳам унга жавобан ўрнидан турди. Мирзабек Холмедовнинг Обид Асомовга қаратилган ҳазиллари, томошабинларни янада жонлантирди.
Кўтаринки кайфиятда фильм намойиши бошланди. (Фильм комедия жанрида бўлиб, уни кўраётиб негадир чет эл киноижодкорларининг "Музейдаги тун” фильми эсимга тушиб кетди.) Фильмнинг асосий воқеалари музей билан боғлиқ. Фильм қайсидир маънода томошабин учун янгилик бўлди. Чунки шу пайтгача, мавзуси ҳайкалларга бағишланган фильм суратга олинмаганди. Бу ҳозирги кун фильмларида асосий ҳисобланган севги-муҳаббат мавзусидан четга чиқиш бўлди. Фильмда ижодкор ҳайкалтарош касбига алоҳида урғу берилган бўлиб, ундаги воқеалар томошабинни қизиқтира олди. Томошабинни ҳайрон қолдирган жиҳати, ижодкорларни тирик инсонларни ҳайкалга ўхшата олишгани ва ўша ҳайкал образларини тўғри танланганлиги. Фильмда кулгили ҳолатлар сал камроқ бўлса ҳам, лекин жойида ишлатилган. Аммо, ютуқ бор жойда камчилик бўлади дейишганидек, фильм баъзи камчиликлардан ҳоли эмас назаримда. Фильм ўртасида бироз зерикиш сезилди. Актёр ва режиссёр Санжар Шодиев ҳар доимгидек ўз образида, шунингдек, актёр Мурод Ражабов ҳам. Уларни образларида янги бир жиҳат очилмаган менимча. Лекин, улар ҳар доимгидек ўз ролларини яхши ижро этишган. Фильмни инсонларни ҳайкалликка кўндириш эпизодида, пул билан боғлиқ ҳолатлар "Ы операцияси” фильмини эслатади. Фильм воқеаларида томошабинлар учун тушунарсиз бўлган бир-икки ҳолатлар бор. Масалан, ҳайкаллардан бирини ётган ҳолатда бўлиб қолиши ва музей қоровулини уни яна қайтадан тикка қилиб қўйиши кераклиги. Қоровулни сўзларига ҳеч ким ишонмади ҳам дейлик, лекин музейдаги ҳайкалларни Бухорога жўнатиш учун, албатта уларни юк машинасига жойлаш керак эди. Агар фикрлаб қаралса, шуни ўзидаёқ ҳайкаллар сири фош бўлиши мумкин эди. Ахир ҳайкалларни юк машинасига ишчилар жойлашади-ку. Негадир, музей ходимларидан бирортаси ҳайкалларга қўл текказиб кўрмаслиги ҳам ишончсиз. Фильм ниҳоясида, ҳайкалтарош Мурод Ражабовни милиция билан боғлиқ эпизодлари ҳам бироз тушунарсиз. Аввалига милиция идорасида бўлган воқеани батафсил тушунтириб берган ҳайкалтарошни уйига яна кутилмаганда, -ҳайкаллар шу ерда экан-ку, деганча милиция ходимини, музей директори билан бирга кириб келиши, назаримда боғланмаган ҳолат бўлган.
Шу ўринда томошабинларга ҳам эътироз: фильм премьерасига ёш болаларни олиб келишганлиги ва ёш болаларни баланд овоздаги йиғиси, кўп томошабинларни фикрларини чалғитиб, фильмни кўришларига халақит берди.
Фильм тугагач, ташқарига чиққанимда, ҳамон кучли ёмғир ёғарди. Ҳамма фильм режиссёрини табриклаб, сўнг тезгина уйига етиб олишга шошиларди. Мен эса, ҳали кетиб улгурмаган ижодкорлар ва томошабинларни фильм ҳақидаги фикрлари билан қизиқдим.
Шоир Бобур Бобомурод: -"Бир марталик киноларни кўравериб ўрганиб қолдик, лекин бу яна кўришга арзийдиган кино бўлибди. Оиламиз билан келиб, кўришни ният қилиб қўйдик.”
Режиссёр ва хонанда Мансур Сулаймонов: – "Ҳар битта ижодкорни ютуғини кўрганимда мен роса хурсанд бўламан. Бу ижодкорни ютуғи, шу фильмни суратга олгани ва экранга олиб чиққани. Ёққан жиҳати, ҳайкалтарошга, умуман ижодкорга халқ томонидан айтилиши керак бўлган сўзлар айтилди. Мурод Ражабовни ҳайкалтарош ижодкор ролига, актёр Убайдулла Омон томонидан фильм охирида айтилган сўзлар, ҳар битта ижодкор учун, умуман ҳар битта санъат одами учун айтилган сўзлар, халққа айтилди. Режиссёр мана шу жойларини жуда ҳам тўғри ўйлаган. Лекин, фильмни куттириши кўп, кўп нарсани кутиб қолдим, бир нарсага тез етиб келмадик. Фильм, умуман олганда менга ёқди. ”
Актёр Адиз Ражабов: – "Фильмда нозик юмордан фойдаланилган, фильмда илгари фильмлар нафаси бор. Ёқмаган жиҳати бўлмади.”
Роксана ТВМ ва «Ўзбегим таронаси” радиоси бошловчиси:- Фильм бошланишдан аввал тўғриси фильм менга ёқмаса керак деб ўйладим, чунки фильм номланишидан шубха уйғонди ва премьеранинг ўзи жуда зерикарли ва баъзида бачканароқ ўтди. Афсус кинозал хамон совуқ, бу томошабинга ноқулайлик яратади. "7 хайкал 1 кал” менга «Музейдаги тун” фильмини эслатди. Операторлик, либослар рассомлар ишини яхши бахолайман. Санжар Шодиев ўз фильмида яхши роль ижро қилган деб хисоблайман. Илк филми учун бу яхши ютуқ. Бир сўз билан комедия «удался” дея оламан, менга ёқди.
Назокат Умарова уй бекаси: – "Фильмни кўриб яхши дам олдик. Яхши чиққану, охирида нимадир етишмагандек. Фильм охирида бир кутилмаган воқеа бўлади деб ўйлагандик, лекин оддий тугади. Ёшлар кўрадиган фильм бўлибди.”
Умид Алиев рассом: – "Санжар Шодиевни роллари ёқади. Қандайдир ўзига мос юмори бор, лекин роллари бир-бирига ўхшайди. Фильмни ўзи менга ёқди.”
Санжар Шодиевни бу фильми томошабинларга маъқул келди назаримда. Ижодкор сифатида изланганлиги, анча меҳнат қилганлиги кўриниб турибди. Баъзи бир, комедия деб эътироф этилган фильмларга нисбатан, бу фильмда воқеалар яхши ўйланган. Лекин, Санжар Шодиевни ролида, бошқа фильмлардаги ролларига ўхшашлик сезилади. Фильмда актёрлар Мурод Ражабов, Убайдулла Омон, Санжар Шодиев, Толиб Ҳожиев, Диас Раҳматов, Саид Мухторов, Доктор Д. ва актриса Зухра Солиевалар рол ижро этишган.
Феруза Фаттохова
|