Бугун саҳифамизда дунёдаги энг кўп автомобиллар соҳиби – Бруней мамлакати султони ҳақида ҳикоя қиламиз. Ҳозирда иқтисодий муаммолар туфайли у ўзининг яхши кўрган иши - автомобил йиғишни тўхтатиб турган бўлса-да, лекин тўплаган коллекцияси ҳали-ҳануз дунё автоишқибозларини ҳайратга солиб келмоқда.
Дунёдаги энг ноёб ва шу билан бирга энг кўп ададли автомобилларни Ҳассанал Болкиах тасарруфидагина учратиш мумкин. Султоннинг айниқса, Mercedesга ишқи баланд. Унинг гаражида шундай русумдаги автомобилдан 719 дона мавжуд. Жаноби олийлари шунингдек, Bentley, BMW ва Ferrariларни ҳам яхши кўради. Лекин Италияда ишлаб чиқариладиган Lamborghiniга унинг унчалик хуши йўқ. Шу боисми, бу русумдаги автомобилдан унинг коллекциясига атиги 20 дона киритилган. Нега шундайлигига қизиқаётгандирсиз? Гап шундаки, Lamborghini фирмаси кунлардан бир кун шу марка остида ишлаб чиқарилган афсонавий концепткар Lamborghini 350GTV автомобилини Ҳассанал Болкиахга сотишдан бош тортган. Султон эса ўзига нисбатан бундай муомала қилишларига йўл қўйиб қўймайди.
Маълумот учун: Бруней салтанати Жануби-Шарқий Осиёдаги Калимантан оролида жойлашган. Ер майдони 5700 кв. км.ни ташкил этади, аҳолиси сони – 320 минг киши. 1967 йилдан буён мамлакатни коинотнинг энг бой одамларидан бири Ҳассанал Болкиах бошқариб келмоқда.
Ҳукмдорнинг ноёб коллекциясида саккизта McLaren F1, олтита Porsche Dauer, дунёда ягона нусхада ишлаб чиқарилган бошқарув рули ўнг томонда бўлган CLK-GTR, бир жуфт Jaguar XJR-15, учта Cizeta Moroder V16, Lamborghini Diablo Jota ва яна… 5000та суперкарлар бор. Мамлакатдаги бутун бошли автопарк миқдори эса 45 минг донани ташкил этади! Айтганча, сўнгги пайтларда султон коллекциясида «Формула-1» болидлари сони ортиб бормоқда. Эслатиб ўтаман, 1980 йилдан буён ўтказиб келинаётган «Формула-1» мусобақаларида ғолиб чиққан болидларнинг барчаси унинг ноёб «хазина»сидан жой эгалламоқда.
Бу бойликларнинг барчаси ҳарорат ва намлик даражаси доим назорат қилиб туриладиган тўртта улкан ерости гаражларида сақланиб келинади. Султонда шунингдек, дунёнинг энг қимматбаҳо моделларидан бўлмиш Bentley Java русумининг бир қанча концепт-карлари мавжуд. Уларнинг айримлари Олий ҳазратларининг махсус талабига биноан йўл моделларига айлантирилган. Шу билан бирга султон учун ишлаб чиқарилган Bentley Dominator жипи (!) ҳам коллекция кўрки бўлиб турибди. Айтганча, Ҳассанал Болкиах «Роллс-Ройс»ларни ҳам ҳаддан ортиқ яхши кўради. У бу ном остидаги моделларни йилига улгуржи ҳолида, яъни бир харид қилишда 50тагача олишга ўрганиб қолган. Ушбу русумдаги «тойчоқ»лар орасида «оддий»ларидан тортиб тантанали чиқишлар учун мўлжалланганлари ҳам бор. Тантанали чиқишлар учун мўлжалланган автомобиллардан бирининг салонига соф олтиндан безак берилганига нима дейсиз?! Султонга қарашли ноёб коллекция қанчага баҳоланиши ҳақида бош қотиришнинг кераги йўқ. Тўғрироғи, бунга ҳожат ҳам йўқ. Коллекция ҳақида фақат унинг ниҳоятда кўпсонли эканлигини айтиш мумкин. Негаки, султон ва унинг оиласи учун пул ҳеч қандай аҳамият касб этмайди. Улар учун автомобиллар тез жонга тегадиган, аниқроғи, харид қилинган куннинг эртасига улкан гаражга тахлаб қўйиладиган ўйинчоқ, холос… Муҳаммад Али тайёрлади.
|