Италиянинг Милан шаҳрида давом этаётган бокс бўйича жаҳон чемпионатида тўрт нафар вакилимиз ярим финал йўлланмасини қўлга киритди. Ўзбекистон терма жамоаси медаллар учун курашни давом эттираётган боксчилар сони бўйича иккинчи ўринда.
Афина олимпиадаси совриндори Баҳодиржон Султонов чорак финалда туркиялик Керем Гургенни 12:2 ҳисобида мағлубиятга учратди. У энди финалга чиқиш учун кучли рақиб – амалдаги жаҳон чемпиони Сергей Водопяновни (Россия) енгиши лозим.
Чорак финалда жаҳон чемпиони Аббос Атоев германиялик Константин Бугага қарши рингга кўтарилиб, жангни 4:3 ҳисобида ўз фойдасига ҳал қилди. У ярим финалдаги рақиби Вижендер (Ҳиндистон) бўлади.
Терма жамоамиз сардори Элшод Расулов чорак финалда Германиядан келган Рене Краусе устидан 8:2 ҳисобида зафар қучди. Энди Элшод франциялик Абдулқодир Боухения билан куч синашади.
Ёш боксчи Ботиржон Маҳмудов бокс мухлислари ва мутахассислари учун жаҳон чемпионатининг ҳақиқий кашфиёти бўлди. Умидли спортчимиз чорак финалда канадалик Микаэл Зевскини 5:2 ҳисобида доғда қолдирди ва финал йўлланмаси учун Жек Кулкей-Кетчга (Германия) қарши рингга чиқади.
Ярим финал баҳслари бугун (11 сентябр) ўтказилади.
Маълумот учун: ярим финалга Россиядан энг кўп боксчи йўлланма олган – 8 нафар, Ўзбекистон ва Куба давлатларидан тўрттадан боксчи ғолиблик учун кўрашни давом эттираётган бўлса, Украина ва Мўғилистондан – учтадан, Хитой, Италия, Пуэрто-Рико ва Франциядан – иккитадан, яна ўн тўрт мамлакатдан биттадан боксчи рингга кўтарилади.