Сўнгги қўнғироқ куни ҳамма қадрдон мактабини, меҳрибон устозларини, ўқувчилик йилларидаги шўхликларини эслайди. Кимдир ўз вақтида дарс тайёрламаганини эслаб афсусланса, кимдир ютуқларидан севинади. Санъаткорларимизда ҳам шундай ҳолат бўлиши табиий. Биз уларга баъзи саволларимиз билан мурожаат қилдик. 1. Мактабда ёқтирган ва ёқтирмаган фанингиз? 2. Бирон фандан "2” олганмисиз? 3. Ўқувчилик ҳаётида содир бўлган қизиқ воқеа? 4. Синфдошларингиз орасида лақабингиз бўлганми?
Ғайрат Усмонов: 1. Ҳамма фанларни яхши кўрганман-у, лекин негадир яхши баҳо олмасдим. Шундай бўлса ҳам, ўқитувчиларим ҳамма танловларда фаол қатнашганим учун мени яхши кўришарди. Мусиқа коллежида ўқий бошлаганимдан сўнг баҳоларим яхшиланди. Чунки у ерда фанлар ҳам мусиқа билан боғлиқ эди-да. 2. Бунақа ҳолатлар менда кўп бўлган. 3. Ўқувчилик пайтимдан тўйларга бора бошлаганман. Доира чалардим. Тўйларда қизиқ воқеалар кўп бўлган. У пайтда мен учун тўйга боришнинг ўзиёқ қизиқ эди. 4. Ўқувчилик йилларимда менга артист, деб лақаб қўйишган.
Ҳожимурод Бекчанов: 1. Мактабда ёқтирган фаним математика эди, тарихни унчалик хушламасдим. Тарих ўқитувчимиз кўп сўкарди-да. 2. Ўқитувчини ёқтирмаганим учун бўлса керак, тарихдан "2” олганман. Лекин, аслида, яхши ва аъло баҳоларга ўқиганман. 3. Қизиқ воқеалар жуда кўп бўлган. Чунки жуда шўх эдик. 8-9-синфларда баъзан биринчи дарсга кирмасдим, уйқу устун келарди. Дарсдан қочиб, кундузги дискотекага борган пайтларим ҳам бўлган. 4. Мактабда Ҳожи деб аташган, ҳозир ҳам ҳамма шундай чақиради. Фақат расмий ҳужжатларда ва матбуотдагина Ҳожимурод Бекчановман.
Нилуфар Саидова: 1. Биология, зоология каби табиий фанларни яхши кўрардим. Она тили ва адабиётга қизиқишим кучли эди, айниқса, шеър ўқишни севардим. Энг ёқтирмаган фаним математика эди. 2. "2” олмаганман. Шундай хавф туғилиб қолган тақдирда ҳам, бир амаллаб вазиятдан чиқиб кетардим. Ҳатто математикадан ҳам мисолларни ечиб топширардим. 3. Энг қизиғи 9-синфда ўқиётганимда Наврўз байрамида бўлган. Ўшанда мактабда ўтказилган тадбирда микрофонни ҳеч кимга бермаганман. Рақсга ҳам ўзим тушганман, шеърларни ҳам ўзим ўқиганман. Қўшиқларни ҳам бир ўзим айтганман. Илмий мудиримиз: "Нега бунақа қиляпсан? Бошқалар ҳам тадбирга тайёрланган-ку!” — деганда, йиғлаб юборганман. Ўшанда нега бундай қилганимни ҳалигача тушунмайман. 4. Мени Нилушка, деб чақиришарди.
Jakhongir.uz: 1. Мактабда ёқтирмаган фаним геометрия, ёқтирган фаним эса адабиёт бўлган. 2. Геометриядан уй вазифасини бажара олмаганим учун "2” олганман. 3. 2-синфда ўқиётганимда синфимиздаги бир қизни ёқтирардим. Қиш кунларининг бирида синфдошим билан қизларни қорбўрон қилдик. Ўшанда синфдошим мен ёқтирадиган қизга ҳам "Қор от!” деб айтгани учун қизга эмас, дўстимга қор отиб қочиб кетганман. 4. Лақаб қўйишмаган. Бунга имкон бермаганман.
Улуғбек Раҳматуллаев: 1. Тарихни яхши кўрардим, математикани унча хушламасдим. 2. Геометриядан "2” олганман бир марта. 3. Уч дўст: Элдор, Шаҳобиддин ва мен уч синфдош қизни яхши кўрардик. Бир куни уларга хат ёзишга қарор қилдик. Хатларни эгаларига беришни орамизда энг кичиги бўлмиш Шаҳобиддинга топширдик. Аммо хатларимизнинг кўриниши бир хил бўлганидан дўстимиз қизларнинг сумкасига ҳаммасини адаштириб солиб қўйибди. 4. Мактабдаги лақабим: дипломат.
Mirolim Mirpo'latov
|