XXI аср – техника асри бўлади, дея жар солаётган олимлар ўз сўзларининг исботи сифатида бирин-кетин янгидан-янги ақл бовар қилмас нарсаларни ихтиро қилишмоқда. Гарчи ҳали оммага тақдим этилмаган бўлса-да, қилинажак ихтиролар ҳақида жамоатчилик турли манбалар орқали хабар топиб туради.
Биз ҳам 2010 йилда жамоатчилик ҳукмига ҳавола этиладиган ихтиролар ҳақида маълумот беришга қарор қилдик.
Электрон чақалоқ Ота ёки она бўлишга тайёрмисиз? Чақалоғингиз касал бўлиб, инжиқлик қилганда кечалари ухламай чиқишга тайёрмисиз? Японлар буни синаб кўриш учун электрон тренажер-чақалоқ ихтиро қилишди. У энг ноқулай пайтда йиғлашга тушади, агар вақтида таглигини алмаштирмасангиз "тагини ҳўллаб қўйиши” ҳам мумкин. Бу ихтиро бўлажак ота-оналарнинг сабр –бардошини синовдан ўтказади. Японлар тез орада бундай электрон чақалоқларни оммавий тарзда ишлаб чиқаришни режалаштиришмоқда.
Асаблари пўлат ўқитувчи Японларнинг 2010 йилда омма ҳукмига ҳавола этадиган яна бир ихтироси e-nuvo Humanoid номли робот-ўқитувчидир. Бу роботнинг бўйи 126 сантиметр бўлиб, бошланғич мактаб ўқувчилари учун мўлжалланган. Ихтирочиларнинг режасига кўра, у болаларга физика ва математикадан дарс беради (Японияда бу фанлар бошланғич синфдан бошлаб ўтилади). Робот компьютер ёки масофавий пульт билан бошқарилади. У овоз билан бериладиган командаларни тушунади, бошида эса ёзувни доскада акс эттира оладиган проектор ўрнатилган. Роботнинг асаблари ўқувчиларнинг шовқинию, қитмирликларига дош бера олади. Ахир асаблари пўлатдан-да.
Дангасалар учун массаж тожи Ана сизга японларнинг яна бир ҳазили. Наушникни тақиб ўзингиз ёқтирган мусқани тинглайверасиз, бу пайтда эса uCrown 2 бошингизни аста-секин массаж қила бошлайди. Фақат ухлаб қолмасангиз бўлди. Номининг таржимаси "тож” маъносини англатгани учун уни массаж тожи деб аташган.
Силаб-сийпаланадиган телефон Чамаси, сенсор экранли телефонларнинг даври тугаган кўринади. Synaptics компанияси силаш, ғижимлаш ва силкитиш йўли билан бошқариладиган уяли телефон ихтиро қилди. Энг асосийси, телефондаги иш битта қўлда бажарилади. Қўнғироқлар рўйхатини кўриш учун телефонни силкитиш кифоя. Операцияни тўхтатиш учун ғижимласангиз бўлди. Бу моделдаги телефонлар январь ойининг ўрталарида Лас-Вегасда ўтадиган электроника истеъмолчилари кўргазмасида намойиш этилади.
"Электрон тери” Philips компаняси тадқиқотчилари техника воситалари учун "электрон тери” ихтиро қилишди. У эгасининг хоҳишига қараб рангини ўзгартира олади. Масалан, сизни безор қилган одам қўнғироқ қилса, телефон тўсатдан қизара бошлайди. Бундай "тери” билан уйдаги жиҳозлар рангини ҳам ўзгартирса бўлади. Philips компанияси олимларининг айтишича, маълум вақт ўтгач, бундай "тери”ни автомобиль, самолёт ва яхталарга ҳам "ёпиштириш” мумкин бўлади. Ажойиб, тўғрими? Машинангиз худди кийим алмаштиргандек рангини алмаштираверади. Яна велосипед ихтиро қилинди Велосипеднинг тезлигини оширадиган ва ҳаводаги ифлосланиш ҳақида хабар бериб турадиган Biking 2.0 ускунаси Копенгагенда бўлиб ўтган иқлимнинг глобал ўзгариши билан боғлиқ саммит пайтида оммага намойиш этилди. Бу ускунани велосипеднинг орқа ғилдирагига ўрнатасиз ва у тезликни максимал даражада ошириб беради. Педални айлантириш вақтида ускуна ўзига электр қувват йиғаверади. Шу билан бирга у Bluetooth ёрдамида велосипед рулига ўрнатилган iPhone аппаратига сиз кетаётган йўлдаги ҳавонинг ифлослик даражаси ва ҳатто, йўллардаги тирбандлик ҳақида хабар бериб туради. - Бундай ускуналарни исталган велосипедга ўнатиш мумкин, - дейди Массачусетс университети олими, лойиҳа раҳбари Карло Ратти. Бундай ускуналар биринчи навбатда Копенгаген муниципал хизмати ходимларига берилиши редалаштирилган.
|