Дунёда борган сари архитектура мўъжизалари кўпайиб бормоқда. Бу
жиҳатдан Дубай алоҳида ажралиб турибди. Бу ерда қурилаётган деярли ҳар
бир янги иншоотни янги дунё мўъжизаси деб бемалол аташ мумкин. Ер билан
яксон бўлган ҳақиқий дунё мўъжизаларини қайта қуриш ва тиклаш ғояси ҳам
айнан Дубайда илгари сурилгани бежиз эмас. Аммо бошқа осиёлик давлатлар
ҳам араб давлатидан ортда қолишни исташмаяпти. Мана Сингапурда ҳам тўрт
йил давом этган улкан қурилиш ниҳоясига етди. 55 қаватдан иборат 200
метрдан ортиқ баландликка эга бўлган Marina Bay Sands отели яқинда
фойдаланишга топширилди.
Сув бўйида учта баланд бинолар қад ростлаган бўлиб,
уччовининг устига гондола шаклидаги улкан терраса қурилди. Ундаги
бассейнлар ва яшил боғлар 12,4 минг квадрат метр майдонни эгаллади.
Очиқ ҳавода жойлашган асосий бассейн эса яққол кўзга ташланадиган
деворларга эга бўлмагани сабабли сув шаршара каби катта баландликдан
пастга оқиб тушаётгандек туюлади. Унинг узунлиги 150 метр бўлиб, бундай
баландликда ястланган энг йирик бассейн ҳисобланади. Меҳмонхонада 2500
ўрин, савдо маркази, конференц-зал, 2 та театр, битта музей ва бир
нечта ресторан мавжуд. Шуни ҳам айтиш жоизки, мазкур комплекснинг нархи
5,7 миллиард долларга айланди. Қадимдаги дунё мўъжизаларини қурган
архитекторларга бундай мўъжиза етти ухлаб тушига ҳам кирмагандир.
|