“Насаф” билан учрашувдан кейин жамоамиз аъзоларига тўрт кунлик танаффус эълон қилинганди.
Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси олий лиганинг 20-тур ўйинларини 6-7 сентябрь кунларига кўчиргач, чемпионатимизда икки ҳафталик танаффус пайдо бўлди. “Бунёдкор” жамоаси ўзининг навбатдаги баҳсини 9 сентябрь куни ўтказишини ҳисобга олиб эса (шу куни вакилларимиз “Хоразм”ни қабул қилишади), клуб мураббийлар штаби футболчиларга 29 августгача дам олишга имконият берганди. Ушбу кичик танаффусдан кейинги биринчи машғулот “Жар” стадионида бугун соат 18:00дан ўтказилади.
Бу 4 кунни ҳар ким ўз яқинлари даврасида ўтказишга ҳаракат қилди: аксарият вилоятлик футболчилар ўз уйларига бориб келишди. Бош мураббий Луиз Фелипе Сколари ва унинг ёрдамчиси Флавио да Кунья Тейшейра эса, фурсатдан фойдаланиб, айни дамда Самарқанд қабул қилган “Шарқ тароналари” халқаро 7-фестивалининг очилиш маросимида иштирок этишди. Улар, шунингдек, тарихий шаҳарни зиёрат ҳам қилиб қайтишди.
Энг катта хушхабар ҳужумчимиз Хосе-Луис Вильянуэва билан боғлиқ. У шу кунларда янги фарзандли бўлди. Унинг оиласида ўғил дунёга келди. Шу боис у Чилида бўлган рафиқасини кўргани ва уни чақалоқ билан табриклаш ниятида она юртига йўл олганди. Истисно тариқасида Вильянуэвага 1 сентябргача рухсат берилган ва у Ўзбекистонга мамлакатимизда Мустақиллик байрами нишонланаётган кунда етиб келади. Хосе-Луиснинг фарзандига эса Хесус Густаво деб исм қўйишди.
“Бунёдкор” футбол клубининг барча аъзолари номидан Хосе-Луис Вильянуэвани янги “меҳмон” билан муборакбод этамиз!