Статистика |
XOZIR SAYTDA 6 MEXMON 6 FOYDALANUVCHI 0 |
|
| | |
| Главная » 2009 » Август » 29 » Tarmoqli marketing yohud Quest.Net
17:55 Tarmoqli marketing yohud Quest.Net |
“Қачонки тармоқли маркетинг пирамида шаклига эга бўлиб, янги келган мижозлардан олинган пул улардан юқорида турган иштирокчиларнинг барчасига (энг тепа қисмигача) тақсимланар экан, бас бу фирибгарликнинг асл кўринишидир”.
Бизнинг (иқтисодчи, молиявий таҳлилчилар) ушбу мақолани ёзишимиздан мақсад - ўзимизга яқин бўлган азизларни фирибгарлардан сақлашдир. Чунки ҳар бир мусулмон ўз биродар учун кўзгудир. Биз ушбу мақолани имкон қадар қисқа ва тушунарли тилда ёзишга ҳаракат қилдик ва ўйлаймизки, уни ўқишга 10 дақиқа вақтингизни ажратасиз ҳамда quest.net мисолида тармоқли маркетинг билан танишиб чиқасиз.
Бу ҳақиқатни ҳоҳлаган инсон (қуйидаги расмда кўрсатилгандек) экcел дастури орқали текшириб кўриши қийин эмас. Биз эса ҳорижий ҳамкасбларимиз тузган жадвални ўзбек тилига ўгирдик холос. Фикримизни исботлашга киришишдан олдин, келинг, бир оз мулоҳаза қилиб кўрайлик. Агар биринчи марта quest.netга жалб қилаётган одамдан сизга ўтказмоқчи бўлган маҳсулотининг таннархини сўрасангиз, у бирор аниқ жавоб бера олмаслиги аниқ. Сабаби, ҳоҳ 1 цент десин, ҳоҳ 599 АҚШ доллари десин, бу иқтисодий томондан мутлақо нотўғри жавоб бўлади. Чунки таннарх қанчалик қиммат бўлса, иштирокчиларга тақсимланадиган пул шунчалик кам бўлади. Аксинча, таннарх қанчалик арзон бўлса, пирамида шунчалик кўпроқ давом этади. Лекин барибир, унинг ҳаёти чеклангандир.
Quest.netда ҳар бир иштирокчи яна 2та одамни, уларнинг ҳар бири эса ўз навбатида яна 2тадан одам олиб келишлари зарур. Ҳайриятки, ушбу жараённинг давомийлиги чекланган. Келинг, жадвал тузишда ишлатилган шартли белгиларни кўриб чиқайлик. Ҳар бир иштирокчининг, у пирамиданинг қайси поғонасида жойлашганлигидан қатъи назар, янги 2та иштирокчини компанияга аъзо қилиши учун 1 ой муддат керак бўлади, деб тасаввур қиламиз. Аслида quest.net компаниясининг ҳодимлари учун бу муддат қанчалик узоқроқ бўлса, шунчалик яхши. Чунки бу нарса уларнинг «Ҳорижда бизнес қилиб, пулларни кўпайтирдик», деб найранг ишлатишлари учун маълум маънода асос бўлади. Ҳар бир маҳсулотнинг асл боҳосига quest.net корхонаси 500 АҚШ доллар устама (надбавка) қўйган, деб тасаввур қиламиз. Бу устама ҳам қанча кўп бўлса, корхона учун шунча яхши. Сабабини жадвалдан қидирамиз: Quest.net ходимлари кўпроқ фоиз олиш мақсадида пирамиданинг барча қаватларини тўлдиришга тинимсиз ҳаракат қиладилар. Бу фақат quest.net ходимлари учун ёзилган холос. Quest.netнинг 3талик ва бошқа ТC деб аталадиган тармоқлари ҳам аслида вазиятни озгина ўзгартиради, деб тасаввур қилайлик.
Жадвал катта бўлгани учун уни 2га бўлиб, кейин бирлаштирамиз. Биринчи жадвалнинг биринчи устунида пирамиданинг поғоналари берилган. Унинг энг биринчи поғонасида тармоқнинг энг биринчи асосчиси турса, 2-поғонасида 2 та мижоз, 3-поғонасида 4та, 4-поғонасида 8та мижоз жойлашган ва ҳоказо. Бу жараён геометрик прогрессия шаклида давом этади. Биринчи жадвалнинг 3-устунида маълум бир қават тўлгандан сўнг пирамидада жами иштирок этган мижозларнинг сони келтирилган. Яъни, 6-поғона тўлгандан кейин пирамидада 63 та, 12-поғонада эса 4095та одам тўпланади. Уларнинг ҳар бири компанияга аъзо бўлиш учун 500 доллардан берди деб ҳисобласак, у ҳолда сариқ рангга бўялган устун ҳосил бўлади. У ўша поғона тўлгандаги жами тушумдир. Мисол учун, 8-поғона тўлгандан кейин барча иштирокчилардан йиғиб олинган пул 127,500 АҚШ долларини ташкил қилади.
Шуни инобатга олиш керак-ки, пирамида иштирокчисига унинг чап ва ўнг томонидаги ҳар 6 киши учун 250 АҚШ доллар пул берилади. Демак, энг биринчи турган одам иштирокчиларнинг жами сони 7 тага етганда (яъни, 3-поғона тўлгандагина) пастдаги 6та одам берган пулдан 250 АҚШ доллар олади. Агар у бошқа қўшимча буюм сотиб олмаса, компаниянинг ҳар бир ходими оладиган комиссион тўлов 5000 АҚШ доллардан ошмаслиги керак. Лекин биз ходим бошқа қўшимча буюм сотиб олмади, деб тасаввур қиламиз. Чунки бу ҳолда пирамидамиз тез тугаб қолади.
Пастдаги жадвалдан кўриниб турибдики, агар пирамиданинг 3-поғонаси тўлганда биринчи киши 250 АҚШ доллари олган бўларди. Агар пирамиданинг 4-поғонаси тўлса, яъни, иштирокчиларнинг сони 15 тага етса, биринчи иштирокчига 500 АҚШ доллари тўланиши керак эди. Аммо ундан ташқари, пирамиданинг 2-поғонасида турган 2 киши бор. Ҳар бир аъзонинг пастида 6 тадан одам турганлиги учун уларнинг ҳам ҳар бирига ўз навбатида 250 АҚШ долларидан бериш керак. 5-поғона тўлганда эса биринчи одам ўзидан пастда 30 киши турганлиги учун 1250 АҚШ доллари олади, 2 - поғонада турган ҳар бир мижоз 500 АҚШ долларидан (жами 1000 АҚШ доллари) ва 3 поғонада турган 4 та одамнинг ҳар бири 250 АҚШ долларидан олади (жами 1000 АҚШ доллари). Пастдаги ҳисоб-китоб ҳар бир поғонада турган жами иштирокчилар оладиган комиссион тўлов миқдорини кўрсатади.
Натижани кўриб, таажжубланаётган бўлсангиз, ҳинд подшоҳи билан камбағал йигит ўйнаган шаҳмат ўйинини эсланг. Ўйинда ютқазган шоҳ шаҳмат тахтасининг ҳар бир катагига аввалгига қараганда 2 баробар кўп гуруч донасини ваъда қилиб, сўнг тахтанинг 64 катагига қўйиладиган гуручлар сонини (2 нинг 64-даражасини) кўриб, эси чиқиб кетади. Quest.net пирамидасидаги поғоналар сони 64 тага етганда унинг чўққисида ҳам худди ана шу ақл бовар қилмас сон туради.
Агар биз юқоридаги жадвални «Сумма» функцияси орқали жами йиғиндини чиқарадиган бўлсак, қуйидаги жадвал пайдо бўлади. Бу жадвал ниҳоятда қизиқ. Биринчи тўрт устун билан биз юқорида танишиб чиққанмиз. Кўк устун комисия ҳақларининг жамланмасидир.
Эътиборни яшил устунга қаратамиз. Унда биз компания ишчиларга бераётган пул жами йиғилган пулнинг қанча улушини ташкил этишини кўрамиз. Биз келтирган жадвалда 3-поғонада иштирокчиларга жами йиғилган пулнинг 7,14 фоизи тақсимланди. 15-поғонага келиб эса бу кўрсаткич 43,72 фоизни ташкил қилади. Яъни, корхона янги ишчилардан олаётган пулининг ярмини юқоридаги поғоналарда турган ишчиларга беряпти. Дарҳақиқат, манзара ниҳоятда чиройли. Аммо бир нозик жиҳат бу жараёнга чек қўяди. У ҳам бўлса, янги мижозларнинг чекланганлиги.
22-қаватга келиб, пирамидада иштирок этаётган аъзоларнинг сони 4 миллиондан ошиб кетганлигини кўрасиз. Агар Ўзбекистон аҳолиси сонини 33 миллион деб тасаввур қилсак ва ушбу аҳолининг барчаси quest.netга аъзо бўлди, деб ҳисобласак, унда компанияга янги мижозларнинг аъзо бўлиши ўз-ўзидан тўхтайди. Яъни, охирги 25-поғонага қўшилган 16,777,216 та мижоз пулини тўлиқ йўқотган ҳисобланади. 24-поғонадаги мижозлар ҳам пулларини тўлиқ йўқотадилар. 23- ва 22-поғонадаги мижозлар эса 250 ва 500 АҚШ долларидан пулларини қайтариб олишга муяссар бўлишлари мумкин. Демак, охирги 4-поғона доимо ютқазади. Бизнинг мисолимизга кўра, пирамидада 25та поғона ҳосил бўлса, бу «бизнес»га жами 31,457,280 та мижоз аъзо бўлган бўлади. Бу эса республика аҳолисининг 94 фоизи демакдир. Аммо биз келтирган маълумотлар билан танишган баъзи «бизнесмен»лар 8 чи ёки 10-поғонага кириб олсам бўларкан, деб хомтама бўлишмасин. Чунки пирамида қайси поғонада тўхташини ҳеч ким билмайди. Бутун дунёда кризис бўлаётган ҳозирги бир пайтда бундай шубҳали «бизнес»га мижоз топишнинг ўзи амри маҳол. Шундай экан, пирамиданинг умри баъзилар ўйлаганчалик узоқ эмас.
Энди яна бир ҳолатни кузатайлик. Тасаввур қилинг, quest.net бутун дунёни эгаллади, яъни, 33-поғонага чиқди. Бунда уларга 8 миллиард одам аъзо бўлиши керак. Бутун дунёдаги аҳолининг сони 7миллиарддан ошмайди. Майли, 8 миллиард аҳоли бор, деб ҳам тасаввур қилайлик. Бу ҳолда компанияга охирги қўшилган 4,294,967,296 (4,3 миллиард) мижознинг ўз пулларини қайтариб олишлари учун яна 60 миллиард нафар инсон дунёга келиши керак бўлади. Бунинг учун эса 36-поғона тўлиши зарур. Ортиқча изоҳга ҳожат бўлмаса керак…
Аллоҳ таоло барчамизни тўғри йўлга бошлаб, ҳалолу ҳаромни фарқлай оладиган бандалардан қилсин.
жадвал 1, жадвал 2, жадвал 3, жадвал 4
Илмий Тадқиқотлар ва Фатво Бериш Доимий Қўмитасининг 22935 рақамли фатвоси
Бу каби олди-берди қилиш ҳаром. Сабаби бу олди-бердидан мақсад маҳсулотни сотиш эмас, балки кўпроқ фойда қилишдир. Бунда ўн мингга сотилаётган маҳсулотнинг асл нархи юз сўмдан ҳам ошмаслиги мумкин. Бундай компаниялар сизни кичикроқ миқдордаги пул билан (бирор маҳсулотни сотиб олиш билан) компанияга қўшилиш, кейин эса бу пулни бир неча баробар қилиб қайтариб олиш имконияти билан ўзларига жалб қиладилар. Аслида компаниянинг маҳсулот таклиф қилиши кўзбўямачилик, холос. Компаниянинг асосий мақсади эса маҳсулотни сотиш эмас, балки пирамидага кўпроқ одамларни жалб қилишдир. Бу эса қуйидаги сабабларга кўра ҳаромдир:
1. Бу кўринишдаги олди-берди икки хил рибони ўз ичига олади: рибо-ул фазл (бир жинсдаги нарсани алмаштиришда зиёда олиш) ва насия рибоси (қарзни адо этишни кечга суриш эвазига олинадиган фойда). Ҳар бир компания аъзосининг мақсади камроқ пул билан қўшилиб, кейинчалик кўпроқ пул ундириб олиш, яъни камроқ пулни вақт ўтганидан сўнг кўпроқ пулга сотиш бўлади. Бу эса аксар уламолар томонидан ҳаром дейилган. Компания таклиф қилаётган маҳсулот эса бир восита, холос. Асосий мақсад, юқорида айтилганидек, мижозлар сонини ошириб, пирамидани юқорироқ кўтариш.
2. Олди-бердининг бу кўриниши ғарар (гумонли, ноаниқ савдо) ҳам дейилади. Гумонлиги шуки, янги қўшилган мижоз бу ишга яна янги мижозларни жалб қила оладими, йўқми – ҳали билмайди (олдиндан айта олмайди). Демак, бу иш унга келажакда фойда келтирадими ёки йўқми, у пирамиданинг юқорисига чиқа оладими ёки унинг энг пастида қолиб, «омадсиз»лардан бири бўлиб қоладими – буни ҳам аниқ билмайди. Аслида бундай олди-бердидан ютқазганларнинг сони ютганларга қараганда кўпроқ. Демак, бу ишга киришаётган одамнинг олдида аввалдан фақатгина иккита хил йўл бор, бу эса гумонли ёки ноаниқ савдо дейилади. Имом Муслим ривоят қилган саҳиҳ ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай савдодан қайтарганлар.
3. Бу турдаги олди-берди инсонларнинг молини ботил йўл билан ейиш ҳамдир. Сабаби бунда фақатгина пирамида тепасида турган ва омади келадиганлар ютаверади, қолганлар эса ютқазиб, пулларгиа куйиб қолаверадилар. Аллоҳ таоло марҳамат қилиб айтади: “Эй иймон келтирганлар! Бир-бирларингизнинг молларингизни ботил йўл билан еманглар. Магар ўзаро розилик ила тижорат бўлса, майли” (Нисо, 29).
4. Бу каби олди-бердида алдов, ҳийла, кўзбўямачилик ва инсонларни лақиллатиш бор. Юқорида айтилганидек, компания ўз маҳсулотини сотишни ўзининг асосий мақсади қилиб кўрсатади, бу эса ёлғон. Шунингдек, инсонларга агар компанияга аъзо бўлишса, катта фойдаларга эга бўлишлари ваъда қилинади, бу эса ҳали ноаниқ. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Кимки бизни алдаса, у биздан эмас”, деганлар (Имом Муслим ривояти). Ҳаким ибн Ҳизом розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган бошқа ҳадисда эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам «Сотувчи ва харидор то тарқалгунларига қадар, уларнинг ихтиёрлари ўзларидадир. Агар рост сўзласалар ва молнинг айбини айтсалар, уларнинг бу савдоларига барака берилади. Агар молнинг айбини яширсалар ва ёлғон сўзласалар, бу савдоларининг баракаси бўлмайди”, дедилар (Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари). Баъзилар бу каби савдони даллоллик билан тенглаштирадилар. Бу нотўғри, чунки даллол бировнинг молини сотиб бергани учун маълум миқдорда пул олади. Тармоқли маркетингда эса бировнинг молини сотиш учун кириш пули тўланади. Даллолликдан мақсад ўз молини тезроқ сотиш, тармоқли маркетингдан мақсад эса пирамида аъзоларини кўпайтириш. Орадаги фарқ очиқ-ойдин кўриниб турибди. Компания томонидан рағбатлантириш, совға, ҳадя, бонус ёки шунга ўхшаш кўринишда фойда оладиганларга эса жавоб шундай: Бу ҳам нотўғри, чунки Исломда ҳар қандай совғани ҳам қабул қилинавермайди. Абдуллоҳ ибн Салом Абу Бурдага айтган экан: “Сен рибо тарқалган ердасан, агар бировда ҳаққинг бўлса, у сенга сомон ёки арпа ё поя миқдорида бўлса ҳам ҳадя берса, қабул қилмагин, чунки у рибодир” (Бухорий ривояти). Исломдаги ҳадяга унинг қайси мақсадда, нима ниятда берилганлигига қараб ҳукм қилинади. Абу Ҳумайд ас-Соъдий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинадики: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Азд қабиласига мансуб Ибн ал-Лутбия исмли бир кишини закот йиғувчи қилиб тайинладилар. У закот йиғиб келгач: “Мана бу нарса сизга, мана бу эса менга ҳадя қилинди”, деди. Шунда у зот: “Отасининг уйида ёҳуд онасининг уйида пойлаб ўтирса, унга ҳадя қиладиларми ёки йўқми?!” дедилар (Бухорий ва Муслим ривояти). Бу каби рағбатлантиришлар қандай номланишидан қатъи назар, битта мақсадга қаратилган бўлиб, у ҳам бўлса Сизни компанияга қўшилишга ундаш ва бошқаларни ҳам унга қизиқтиришдир. Афсуски, ҳозирги кунда бундай компаниялар кўпайиб кетди. Улар нимани таклиф қилишидан, қандай номланишидан ва кандай маҳсулот сотишидан қатъи назар, улар юқорида айтилгани каби иш юритадилар.
info.islom.uz
|
Категория: FIKR-MULOHAZA |
Просмотров: 1558 |
Добавил: JAVOXIR
| Рейтинг: 0.0/0 |
Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи. [ Регистрация | Вход ]
| |
|
|