Футбол мухлислари учун хурсандчилик бағишлайдиган ўйин. Аммо фақат хурсандчиликдан иборат эмас. Баъзан севимли жамоасининг мағлубияти ашаддий ишқибознинг кайфияти бузилишига сабаб бўлади. Шундай ҳоллар ҳам бўлганки, айрим футбол учрашувлари фожиа билан якунланган.
Футбол учрашуви вақтидаги илк фожиали воқеа 1902 йилнинг 5 апрелида, Глазгодаги «Айброкс Парк» стадионида юз берган. Англия ва Шотландия терма жамоалари ўртасидаги учрашувни томоша қилиш учун стадионда белгиланган 20 минг кишилик трибунага 60 мингга яқин киши ташриф буюрган. Трибуна мўлжалдагидан оғир юкни кўтаролмай қулаб тушиши оқибатида 25 нафар киши ҳалок бўлган, 517 киши жароҳатланган.
Орадан 69 йил ўтгач, 1971 йилнинг 2 январида худди шу стадионда яна бир фожиа содир бўлди. «Рейнжерс» ва «Селтик» жамоалари ўртасидаги учрашув тугашига озгина қолганида биринчи жамоанинг мағлубиятга учраши аниққа ўхшаб қолди ва жамоа ишқибозлари трибуналарни тарк эта бошлашди. Аммо сўнгги дақиқада «Рейнжерс» гол урди ва барча томошабинлар бирданига орқага қайтишди. Трибуналарни кўтариб турган конструкциялар қулаб тушди ва 66 киши ҳалок бўлди, 150 киши тан жароҳати олди.
1954 йилнинг 4 апрелида Тбилисида «Динамо» ва Москванинг «Спартак» жамоалари ўртасидаги учрашувда бир гуруҳ чиптасиз томошабинлар ўзларини стадион дарвозасига уришди. 20 киши ҳалок бўлди.
1964 йилнинг 24 майида Лима (Перу)даги «Эстадио Насионал» стадионида Аргентина ва Перу жамоалари баҳси якунланишига икки дақиқа қолганида мезбонлар урган голни ҳакам ҳисобга олмади. Ишқибозлар орасида тартибсизликлар бошланди, полиция кўздан ёш оқизувчи газ ишлатди. 318 киши ҳалок бўлди, мингга яқин киши тан жароҳати олди.
1968 йилнинг 23 июнида Буэнос-Айрес (Аргентина)даги «Эстадио Монументал» стадионида «Бока Хуниорс» ва «Ривер Плейт» жамоалари учрашуви ниҳоясига етгач, икки жамоа ишқибозлари ўртасида отишма юз берди. 74 нафар киши ҳалок бўлди.
1969 йилда Гондурас ва Сальвадор ўртасида қуролли низо келиб чиқишига сабаб бўлган ва тарихга «Футбол уруши» номи билан кирган воқеа бўлиб ўтди (15 июн - 20 июл). Икки давлат жамоалари жаҳон чемпионатига чиқиш учун ўйинлар ўтказишаётганди. Сан-Салвадорда бўлган иккинчи ўйинда маҳаллий ишқибозлар шу даражада жазавага тушишдики, ҳатто гондураслик футболчиларни ҳам дўппослашди. Бунга жавобан Гондурасда Сальвадор фуқароларига ҳужумлар бошланди (икки консул ҳам калтакланди). Охир-оқибат икки давлат ўртасидаги дипломатик алоқалар узилди ва уч мингга яқин киши ўзаро ҳарбий низо оқибатида ҳалок бўлди.
1974 йилнинг 11 февралида Қоҳира (Миср)даги «Замалек» стадионида бўлиб ўтган футбол учрашувларидан бирида трибуналардан бири қулаб тушди. 48 киши ҳалок бўлди, 47 киши жароҳатланди.
1982 йилнинг 20 октябрида Москвадаги «Лужники» стадионида «Спартак» ва Голландиянинг «Харлем» жамоалари баҳсида тор йўлакда бир-бирига қарама-қарши йўналишдаги томошабинлар оқими тиқилиб қолди. Тиқилинчдаги катта босим остида юздан ортиқ кишилар ҳалок бўлди.
1985 йилнинг 11 майида Брэдфорд (Буюк Британия)даги «Вэлли Пэрэйд» стадионида ёнғин юз берди. 52 киши ҳалок бўлди, 200 киши жароҳатланди.
1985 йилнинг 29 майида Брюссел (Бельгия)даги «Эйзел» стадионида «Ливерпул» ва «Ювентус» жамоалари ишқибозлари орасида тўқнашув содир бўлди. Тўқнашув пайтида италиялик ишқибозлар трибунадан оммавий равишда пастга тушмоқчи бўлганларида трибуна уларни кўтаролмай қулаб тушди. 39 киши ҳалок бўлди, 500 киши жароҳатланди.
1988 йилнинг 12 мартида Катманду (Непал)да футбол учрашувларидан бирида томошабинларнинг ташқарига чиқишлари нотўғри ташкил этилиши оқибатида юзга келган тиқилинчда 93 киши ҳалок бўлди.
1989 йилнинг 15 апрелида Шеффилд (Буюк Британия)даги «Хиллсборо» стадионида «Ливерпул» ва «Ноттингем Форест» жамоалари ўртасидаги учрашувда чиптасиз томошабинлар стадионга ёпирилиб киришди. Тиқилинчда 95 киши ҳалок бўлди, 200 киши жароҳатланди.
1992 йилнинг 5 майида Бастия (Франция)даги Армандо Фюрьяни номидаги стадионда «Бастия» ва «Олимпик» жамоалари ўртасидаги учрашувда трибуналардан бири қулаб тушди. 15 киши ҳалок бўлди, мингга яқин киши жароҳатланди.
1995 йилнинг 6 майида Лиссабон (Португалия)да «Бенфика» ва «Спортинг» жамоалари учрашуви пайтида трибуналардан бирининг тўсиғи синиб кетди. Бир киши ҳалок бўлди, 25 киши тан жароҳати олди.
1999 йилнинг 11 январида Искандария (Миср)да «Ал-Иттиҳод» ва «Корм» жамоалари ўртасидаги баҳс пайтида тиқилинч юзага келди. Оқибатда саккиз киши ҳалок бўлди, 14 киши турли даражада жароҳатланди.
2000 йилнинг 9 июлида Хараре (Зимбабве)да футбол учрашуви вақтида тиқилинч сабабли 13 киши ҳалок бўлди.
2001 йилнинг 11 апрелида Йоханнесбург (ЖАР)даги Эллис Парк стадионида «Кайзер Чифс» ва «Орландо Айретс» жамоалари баҳси пайтида юз берган тиқилинч оқибатида 47 нафар ишқибоз ҳалок бўлди,200 киши турли даражада тан жароҳати олди. Фожиа стадиондаги ўринларга нисбатан чипталарнинг ортиқча сотилиши сабабли юз берган.
2001 йилнинг 9 май куни Аккра (Гана)да «Ашанти Котоко» ва «Хартс оф Оук» жамоалари ўртасидаги учрашув пайтида фожиа юз берди. Мағлубиятга учраган «Ашанти Котоко» жамоасининг аламзада ишқибозларини тинчлантириш мақсадида полиция кўздан ёш оқизувчи газдан фойдаланди. Газ стадионда тўпланиб қолиб, томошабинлар ўртасида ваҳима бошланди ва ҳамма ташқарига интилди. Аммо чиқиш дарвозалари берклиги учун тиқилинчда 123 киши ҳалок бўлди.
2005 йилнинг 11 октябрида Бразилиянинг Белен шаҳридаги стадионда мамлакат терма жамоасининг машғулоти пайтида бир киши ҳалок бўлди, юздан ортиқ киши жароҳатланди. Ўша куни кириш бепул бўлган стадион барча ташриф буюрувчиларни сиғдира олмади. Оқибатда минглаб ишқибозлар стадионга кириш учун дарвозаларни синдириб ичкарига кирмоқчи бўлишди.
2007 йилнинг 7 май куни Қуддус (Исроил)даги «Тедди» стадионида «Бейтар» ва «Апоэл» жамоалари учрашувидан сўнг нохуш ҳодиса юз берди. «Бейтар»нинг ғалаба қозонганини билдирувчи финал ҳуштаги янграгач, минглаб ишқибозлар жамоасининг ғалабасини нишонлаш учун майдонга ташланишди. Элликдан ортиқ киши турли даражада тан жароҳати олди.
2007 йилнинг 14 июнида Таиланддаги футбол учрашувларидан бирида бомба портлаши оқибатида ўн тўрт киши турли даражада тан жароҳати олди. Бомба стадион трибунаси остида бўлиб, мобил телефон ёрдамида портлатилган.
2007 йилнинг 25 июн куни Буэнос-Айресда «Нуэва Чикаго» ва «Тигре» жамоалари учрашувидан кейинги жанжал вақтида бир киши ҳалок бўлди, 14 киши жароҳатланди.
2007 йилнинг ноябрида Бразилиянинг «Байя» ва «Вилла Нова» жамоалари ўртасидаги учрашув вақтида трибуна ағдарилиб тушди. Оқибатда саккиз киши ҳалок бўлди, ўнлаб кишилар жароҳатланишди.
2007 йилнинг 12 ноябрида Ареццо (Италия) шаҳрида «Лацио» ва «Ювентус» жамоаларининг муштлашаётган ишқибозларини полиция ажратишга уринди. Полициячилардан бири осмонга икки марта огоҳлантирувчи ўқ узди. Аммо ўқлардан бири ишқибозлардан бирига тегди ва шу ернинг ўзида ҳалок бўлди. Шундан сўнг бутун Италия бўйлаб тартибсизликлар бошланди. Биргина Римнинг ўзидаги тартибсизликларда ўнга яқин полициячи тан жароҳати олди.
2008 йилнинг 1 июн куни Либерия ва Гамбия жамоалари ўртасидаги 2010 йилги жаҳон чемпионати саралаш учрашуви фожиа билан якунланди. Монровиядаги стадионда юз берган тиқилинч оқибатида ўнга яқин киши ҳалок бўлди.