Олег Базилевич: «Тасодиф туфайли тирик қолганман»
Мухлислар ўша даврларда машҳур бўлган «Футбол-Хоккей» ҳафтаномасининг 1979 йил 13 август кунги сонида нима учун «Динамо» (Минск) – «Пахтакор» (Тошкент) ўйини натижаси берилмаганини тушунишмаганди. Фақатгина орадан бир ҳафта ўтиб газетанинг кейинги сонининг сўнгги саҳифасида авиаҳалокат туфайли оламдан кўз юмган марҳум пахтакорчиларни дафн этиш маросими ҳақида маълумот берилганди.
Ушбу фожиа ҳақида гап кетганда, қайсидир футболчи бахтли тасодиф туфайли ушбу рейсга орқали учмагани тилга олинса, аксинча, қайсидир инсонлар аслида бир кун олдин ўринбосарлар жамоаси билан учиши керак бўлганлиги ёки умуман Тошкентда қолиши керак эдию, аммо қандайдир сабаб туфайли 11 август куни Минск сари йўлга отланганлиги ҳақида кўп гапирилади. Масалан:
1979 йил 11 август куни жамоа Минскнинг «Динамо» жамоаси билан навбатдаги ўйинни ўтказиш учун жўнаб кетиш олдидан клуб базасида тўпланади. Эрталаб соат 9.30 да жамоа ўзининг «Икарус»ига ўтириб, аэропорт томон йўл олади. У ерга жамоа соат 11 лар атрофида етиб келади. Футболчиларни кузатиш учун аэропортга Михаил Ан ҳам келади. У жароҳати туфайли Минскдаги учрашувни ўтказиб юбориши керак эди. Лекин футболчилар уни ҳам бирга Минскка учишга кўндиришади. Михаил ёшлигидан самолётда учишни ёқтирмасди. Ҳар сафар самолёт ҳавога кўтарилишидан аввал ҳимоя камарини тақиб олиб, кўзларини юмиб оларди. Дўстлари эса парвоз давомида уни турли хаёллардан қутқариш мақсадида, у билан қарта ўйнашарди.
Фалокатга учраган авиарейсга ёш футболчи Сирожиддин Бозоров ҳам қўшилиб қолганди. Бозоров ўз тенгдошлари билан бир кун олдин учиши керак эди. Аммо уни 18 ёшлик туғилган куни билан табриклаш мақсадида отаси Самарқанддан Тошкентга келганди. Шу сабабли Сирожиддин бир кун кечикиб, Минскка асосий таркиб билан йўл олаётганди...
Шунингдек, турли сабабларга кўра жамоа админстратори Мансур Толибжонов ва Идгай Тазетдиновлар ҳам 10 август куни эмас, 11 август кунги авиарейс орқали учишганди...
Жамоа билан ўша куни яна 3 нафар футболчи – Тўлаган Исоқов, Аҳмад Убайдуллаев ва Анатолий Могильнийлар эса жароҳат туфайли учишмаган эди. Тақдир тақозоси билан клубнинг яна бир массажчиси Анатолий Дворников ҳам соғ-саломат ўолганди. Ўша пайтда Анатолий Дворников яқин дўстлари билан учрашиб, базм қилишган, кўп ичиб юборишган. Ўша рейсда журналист Олег Якубов ҳам учиши керак эди. Аммо Якубов ва Дворниковлар самолётга кеч қолишади...
Жамоанинг ўша пайтда янги тайинланган бош мураббийи – Олег Базилевич ҳам бахтли тасодиф туфайли омон қолганлардан бири.
− Ҳар сафар «Пахтакор» ҳақида ўйлаганимда танамда ва руҳимда оғриқни ҳис қиламан − дейди Олег Базилевич россиялик мухбир билан суҳбатда. – Мени бахтли тасодиф асраб қолганди. Хотиним ва ўғлим Сочида дам олишаётганди. Кўришмаганимизга анча бўлганди. Шу боис мен аввал уларнинг олдига бориб, кейин ўйинга боришга қарор қилдим. Боз устига, ўғлим ҳам ўша пайтда касал бўлиб қолганди. Лекин мен аввал Спорт қўмитаси раиси Ибрагимовдан ижозат сўрашим керак эди. Агар у рухсат бермаса, мен Тошкентда қолиб, жамоа билан Минскка учган бўлардим. Ибрагимов эса мени ортиқча ушлаб ўтирмади: «Олег, 40 кундан бери оилангизсиз яшаяпсиз, албатта, Сочига боринг» - деди.
Меҳмонхонада қўнғироқ чалинганда, нимадир юз берганини сездим. Дарҳол ўзимни йўқотиб қўйдим. Трубкадан эса титроқ овоз эшитиларди... Бошимдан яхдек сув ағдарилгандек бўлди. Трубкани ушлаганимча, жойимда қотиб қолдим. Кимнидир овозини эшитиб, содир бўлган воқеаларни охиригача тушуна олмай карахт бўлиб қолгандим. Ёш йигитлар, кимнингдек ўғли, кимнингдир отаси... Миша Аннинг иккинчи фарзанди туғилишига оз кунлар қолганди. Бундан ортиқ даҳшат бўлмаса керак.
− Сиз ҳам ўша пайтда ўлим билан ёнма-ён бўлганингизни ҳис қилдингизми?
− Мен шокка тушиб қолдим. Меҳмонхонада хонамга кўтарилишим билан нимагадир Минскка учганларнинг рўйхатини туза бошладим. Ўғлимнинг «Нима қилаяпсиз?» - деган саволига жавоб бера олмадим. Худога шукр, ўша пайтда яқинларимда ёнимда эди. Ўша пайтларда «Конкорд» номли хориж фильм экран юзини кўрганди. Унда ҳам самолёт Атлантика океани устида ҳалокатга учрайди. Самолётда стюардессалар билан ҳазиллашиб кетаётган ёш қувноқ йигитларнинг, орадан бир неча соат ўтиб портлаб кетиш саҳнасини кўришга ўзимда куч топа олмагандим. Фильм қаҳрамонлари ўрнида мен «Пахтакор» футболчиларини кўргандим...