“РЕАЛ”ДА БИР ҚАТОР ЎЗГАРИШЛАР Мадриднинг “Реал” жамоасида бир қатор ўзгаришлар содир бўлди. Жумладан, клуб раҳбарлари Снайдер хизматидан ортиқ фойдаланмасликларини очиқ- ойдин баён этишди. Энди голландиялик футболчи ўзига янги жамоа ахтариши керак. Бундай қарор жамоа бош мураббийи Мануэль Пеллегрини ва клуб спорт директори Хорхе Вальданоларнинг ўзаро суҳбатидан кейин келинди. Шунинг учун Снайдер “Боррусия”га қарши кечган ўртоқлик учрашувида майдонга тушмади. Мазкур баҳсда мадридликлар йирик 5:0 ҳисобида ғалаба қозонишди. “Марка” газетасининг хабар беришича, ушбу қарор футболчига ёқмаган. У янги мавсумда асосий таркибга кириш учун астойидил тер тукишга тайёрлигини айтиб ўтганди. Аммо... “Реал” билан тузган шартномаси бекор бўлгач, озод агентга айланган испаниялик ҳимоячи Мичель Сальгадо ўзига янги жамоа топди. Энди у Англия Премьер Лигаси вакили “Блэкберн” клуби шарафини ҳимоя қилади. Айтишларича, Сальгадо инглизлар билан икки йиллик шартнома имзолаган. Жамоадаги яна битта ўзгариш Гутига боғлиқ. Ушбу ярим ҳимоячи барча миш-мишлар чек қўйиб, яна Мадридда қолишга қарор қилди. Гути камида бир йил “Реал” тўп сурмоқчи. Сал аввалроқ, Гути фаолиятини Туркияда давом эттиради, деган хабарлар пайдо бўлганди. Бироқ улар асоссиз бўлиб чиқди.
|