“Пахтакор”нинг ОЧЛ чорак финалидаги рақиби «Ал Иттиҳод»( Жидда) таркибини кучайтиришни давом этмоқда. Улар куни кеча Тунис терма жамоаси ҳужумчиси Амин Шермитини 1 йиллик ижара шартномасига асосан ўз такрибларига қўшиб олишди.
“Пахтакор” ФК расмий сайти маълум қилишича Шермити 2007 йилги Африка чемпионлар лигасида бош қаҳрамонлардан бири бўлган. Шундан сўнг у Берлиннинг «Герта» жамоаси сафига қўшилди ва ўтган мавсумда ўн учрашувда майдонга тушди. Кўпроқ ўйин амалиётига эга бўлиш ва терма жамоадаги ўрнини йўқотиб қўймаслик мақсадида ҳужумчи «Герта» раҳбариятидан ўзини ижарага беришларини сўради ва бу амалга ошди.
- Мен илтимосимни ерда қолдирмагани учун жамоа раҳбарларига миннатдорчилик билдираман. «Ал Иттиҳод»да ўзимни кўрсатиб, яна Германияга қайтиш ва Берлин жамоаси билан муваффақиятларга эришишни хоҳлайман, - дея таъкидлади Шермити.
Эслатиб ўтамиз, бундан бир неча кун олдин жиддаликлар аргентиналик Лучиано Легизамонни бир йилга ижарага олишганди.