“БУНЁДКОР”-“ПОХАН”: БОШ ҲАКАМ САУДИЯЛИК ҲАЛИЛ АЛ-ГАМДИ
Чемпионлар лигаси 1/4 финалидаги дастлабки учрашувимиз ҳакамлари эълон қилинди. Осиё футбол конфедерацияси Чемпионлар лигаси чорак финалидаги ўйинларга ҳакамлар бригадасини тайинлади.
Унга кўра, “Бунёдкор” ва Жанубий Кореянинг “Похан Стилерз” клублари ўртасида 23 сентябрь куни Тошкентдаги “Жар” стадионида бўлиб ўтадиган биринчи баҳсни Саудия Арабистони ва Суриядан бўлган адолат вакиллари бошқариши ойдинлашди. Учрашувга ЖЧ-2010га Осиё учун ажратилган учта-тўртта ўриндан бирига даъвогарлик қилаётган бешта ҳакамдан бири ҳисобланган 38 ёшли Ҳалил Ал-Гамди реферилик қилади. Ҳалил Ал-Гамди қитъамизнинг энг машҳур ва энг малакали ҳакамлари – юртдошимиз Равшан Эрматов, Мэтью Бриз (Австралия), Юичи Нишимура (Япония) ва Субҳиддин Бин Моҳд Солиҳ (Малайзия) кабилар қаторида бугунги кунда ЖАР-2010даги Жаҳон кубоги орзусида яшамоқда. Тўрт йил олдин эса у Германия-2006нинг захира ҳакамлари гуруҳига тушган эди. Яъни кимдир жароҳат олиб ёки бошқа сабаб билан жаҳон чемпионатига бора олмайдиган тақдирда, мусобақага қўшимча тарзда чақирилиши мумкин бўлганлар сафидан ўрин олганди. Аммо якунда Ҳалил Ал-Гамди мундиалга барибир жалб қилинмаганди. Шу боис, агар ЖЧ-2010дагилар рўйхатига кира олса, бу у учун илк жаҳон чемпионати бўлади.
“Бунёдкор” – “Похан Стилерз” учрашуви ҳакамлар бригадасининг тўлиқ рўйхати билан танишинг: Бош ҳакам: Ҳалил Ал-Гамди (Саудия Арабистони) Қанот ҳакамлари: Муҳаммад Ал-Гамди (Саудия Арабистони), Ҳамди Ал-Қадри (Сурия)