Маълумки, хорижда турли хилдаги танлов ва сўровлар ўтказилади. Ана шулардан бири “Йилнинг энг омадсиз мураббийи”ни аниқлашдир.
Яқинда Англиянинг пойтахти Лондонда бўлиб ўтган мана шундай сўровномада миллий терма бош мураббийларининг сўнгги натижалари атрофлича таҳлил этилди. Энг қизиғи, бу йил мазкур танловда терма жамоамиз бош мураббийи Миржалол Қосимовнинг ҳам номзоди кўриб чиқилди.Тасодифни қарангки, М.Қосимов мана шундай сўровномада биринчи бор иштирок этганига қарамай “фахрли” 1-ўринни эгаллади. Ёдингизда бўлса, М.Қосимов Осиёнинг энг яхши мураббийи Рауф Инелеевни алмаштирганидан сўнг, қолган 6 та ўйинда атиги бир маротаба ғалаба қозонди ва 4 маротаба мағлубиятга учради. Шуниси қизиқки, ана шу 4 та мағлубиятнинг иккитаси ўз майдонимизда! Ва яна бир томони барча мағлубиятларда рақиблар дарвозасига лоақал бир дона бўлса ҳам тўп кирита олмаганмиз! Ана шундай “юксак” кўрсаткичлар хорижлик мутахассислар назаридан четда қолмади ва терма жамоамиз бош мураббийи “Йилнинг энг омадсиз мураббийи” номинациясида "ғолиб" деб топилди..